Линклар

logo-print

6 гўдак ОИТСдан ўлгач Шаҳрисабзда ялпи текширув бошланди


Ўзбекистонда 21 минг 500 дан ортиқ ОИВ юқтириб олгани расман қайд этилган.

Ўзбекистонда 21 минг 500 дан ортиқ ОИВ юқтириб олгани расман қайд этилган.

ОИТС тарқалишига қарши олиб борилган курашнинг самарасизлиги оқибатида 2007-2013 йиллар оралиғида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 26 нафар вояга етмаган бола одам иммунтанқислиги вирусини юқтириб олган, улардан 6 нафари ҳаётдан кўз юмган. Буни ўтган ҳафта Шаҳрисабз прокурори Шерали Аширов маҳаллий матбуотга билдирган эди. Озодликнинг Қашқадарë ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг таъкидича¸ гўдакларга бу хасталикни қон қуйиш жараëнида юқтиришган.

Озодликка маълум бўлишича, Шаҳрисабзда мазкур ҳодисага сабабчи бўлган тиббиëт ходимлари ва бошқалар устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 113-моддаси 3-банди (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бу иш юзасидан судланувчилар айби исботланган тақдирда, улар беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Қашқадарë ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасининг таъкидлашича¸ 2013 йилгача ОИТСга чалинган гўдаклар текширувдан ўтмаган қон қуйилиши оқибатида одам иммун тақчиллиги вирусини юқтириб олган.

Манбага кўра, шу кунларда ОИТСнинг олдини олиш бўйича Қашқадарë вилоят маркази раҳбари Оқназар Пардаев бошчилигида бутун вилоят бўйлаб жиддий тадбирлар олиб борилмоқда.

- Бундай тадбирлардан бири - тасодифий одамлардан олинган қонни тўғридан-тўғри беморларга қуйиш мутлақо таъқиқлаб қўйилди. Ҳозир қон вилоят плазма марказида текширилиб, ферментларга ажратилганидан кейин бемор танасига қуйилмоқда, - дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра, шу кунларда Қашқадарë вилояти бўйлаб “эҳтимолий ОИТС вируси ташувчиларни мажбуран текшириш" бошланган:

- Биз Ўзбекистон Жиноят кодексининг 113-моддасини қўллаб, Россия ва бошқа мамлакатларда узоқ муддат сафарда бўлганларнинг қонини текшириб кўришни кенг йўлга қўйдик. Маҳалла оқсоқоллари, участка нозирлари ва посбонлар кўмагида бу ишни амалга ошираяпмиз. Ҳозир нафақат Шахрисабзда, балки бутун вилоятда бу масалага жиддий аҳамият қаратилган, - дейди Қашқадарë ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаси.

Айни пайтда суҳбатдош бу текширувлар натижасида неча одамнинг ОИТСга чалингани аниқлангани ҳақидаги маълумотни очиқламади.

2012 йил бошидаги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 21500 дан зиёд одам иммун тақчиллиги вирусини юқтирган киши аниқланган.

2008 йилда Россия ҳудудида меҳнат қилаётган қарийб 1 миллион 100 киши текшириб кўрилганда, улар орасида 1579 та вирусни янги юқтириш ҳолатлари аниқлангани айтилганди.

ОИВни юқтириб олган муҳожирларнинг энг кўпи украиналиклар бўлиб чиққан, иккинчи ўринни эса ўзбекистонликлар эгаллаган.

Уйланадиган ўзбекистонлик ОИТСга қарши кўрикдан ўтиши шарт

Ўтган йили 24 сентябрь куни кучга кирган “Одам иммун тақчиллиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши кураш тўғрисида”ги қонунга кўра, уйланадиган ўзбекистонлик ОИТСга қарши кўрикдан ўтиши шарт.

Одам иммун тақчиллиги синдромига (ОИТС) қарши кураш марказлари шифокорларига кўра, бу касалликка чалиниш ҳолатлари, айниқса, меҳнат мигрантлари орасида кўп кузатилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўтган йилнинг 7 июнида қабул қилган, Сенат 22 августда маъқуллаган ОИТСга қарши қонун 5 боб ва 28 моддадан иборат бўлиб, унинг муқаддимасида мазкур ҳужжатнинг “касаллик тарқалишига қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши” белгилаб қўйилган.

Қонунда ОИТВ инфекцияси тарқалишига қарши курашнинг асосий йўналишлари сифатида бу курашнинг яхлит тизими фаолиятини таъминлаш, ОИТВга чалинганларни бепул махсус даволаш ва уларни ижтимоий ҳимоялаш, ОИТВ тарқалишининг олдини олиш чораларини амалга ошириш каби қатор йўналишлар белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 15-моддасида ОИТВга қарши махсус тиббий кўрикдан мажбурий тарзда ўтказиладиганлар санаб ўтилган. Қон ва бошқа биологик суюқликлар донорлари, ёши 50 гача бўлган никоҳга кираётганлар, ҳомиладор аёллар, наркотик моддаларни инъекция йўли билан қабул қиладиганлар, ОИТВга чалинган онадан туғилган болалар, қон ва биологик суюқликлар ҳамда одамнинг бошқа органлари билан ишловчи тиббиёт ходимлари, жинсий алоқада бўлган шеригида ОИТВ аниқланган шахслар шулар жумласидандир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG