Линклар

Попда қора ниқобли беш босқинчи 27000$ни ўғирлашди


Кейинги пайтда қуролланган қора ниқобли босқинчилар томонидан талончилик ҳолатлари кўпаймоқда.

Кейинги пайтда қуролланган қора ниқобли босқинчилар томонидан талончилик ҳолатлари кўпаймоқда.

18 июлга ўтар кечаси қора ниқоб таққан беш нафар босқинчи Наманган вилояти Поп туманидаги хонадонларнинг биридан 27000 АҚШ долларини ўғирлаб кетишди. Озодлик манбаларига кўра, босқинчилар пулни олиш учун уй эгаларининг қўл-оёғини боғлаб, уларга пичоқ билан жароҳат етказишган.

Ўтган жума куни тунда Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Р.М. хонадонига қора ниқоб таққан беш нафар ўғри пичоқ билан қуролланган ҳолда бостириб кирган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор Озодлик манбасига кўра, босқинчилар кирган пайт уйда хонадон эгалари, эр-хотинлар бўлган:

“Қора маскадаги беш ўғри уй эгаларининг қўл-оёғини боғлаб, уйдаги 27 минг доллар пулини ўғирлаб кетишган. Кетишдан аввал эрига уч марта пичоқ урган, хотинининг эса қулоғини кесишган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Поп туман ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба ҳақиқатдан ҳам босқинчилар уй эгаларига пичоқ билан ҳужум қилганини тасдиқлади:

“Эрининг қўл-оёғини боғлаб, унинг қорин ва кўкрак қисмига жароҳат етказган, хотинининг ҳам қўл-оёғини боғлаб, қулоғига ўткир кесувчи жисм билан жароҳат етказилган. Улар шифокорга мурожаат қилишди. 27 минг АҚШ доллар пул уйда шкафнинг ичида бўлган. Уй эгаси яқинда Россиядан келган экан. Ўғиллари Россияда ишлаяпти. Россиядан олиб келган барча пулини ўғирлаб кетишган”, деди исмини очиқламаётганимиз манба.

Манбага кўра, Попдаги ушбу воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (“Босқинчилик”) ва 166-моддаси (“Талончилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда беш нафар босқинчи қидирилмоқда.

Кейинги пайтда қора ниқобли босқинчилар томонидан талончилик ҳолатлари кўпаймоқда.

Шу кунларда Андижоннинг Шаҳрихон туман милицияси ҳам қора ниқобда босқинчилик уюштирган икки талончини қидирмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, май ойида Шаҳрихон туманида қора ниқобли ўғрилар билан боғлиқ иккита босқинчилик ҳолати содир этилган. Иккала ҳолатда ҳам қора ниқобли қуролланган шахслар ўзига тўқ одамлар уйига бостириб кириб, ўғирлик қилган.

Андижон ҳуқуқ- тартибот идорасидаги манбага кўра, ҳозирда ушбу жиноят бўйича жами 23 нафар киши ҳибсга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган ойда эса Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди қора ниқоб кийган ҳолда қурол билан қўрқитиб, босқинчилик қилган икки йигитни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Юнусобод туман ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, йигитларнинг бири 25 ёш, иккинчиси 26 ёшда бўлиб, улар қора ниқоб кийган ҳолда ярим тунда пистолет билан қўрқитиб, уй эгаларининг қўл-оёқларини боғлаб қўйиб, уларни калтаклашган. Сўнг уйдаги пул ва қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаб кетишган.

Юнусобод туман жиноят ишлари суди ушбу икки йигитни босқинчилик, талончилик ва ўғирликда айбдор деб топиб, уларнинг бирига 21 йил, иккинчисига эса 18 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Озодлик манбасига кўра, иккала йигит олдин ҳам Жиноят кодексининг ўғирлик моддаси билан уч марта судланиб, қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG