Линклар

Озодлик блоггерининг Рамазон ойида Тошкентда намозхонлар кўп йиғиладиган масжидлардаги қизиқ-қизиқ ҳангомалар, хусусан намозхонларнинг оёқ кийимлари "тез-тез йўқолиб туриши" акс этган навбатдаги блогини муштарийларга тақдим қилмоқдамиз.

Оёқяланг қолаётган намозхонлар

Пойтахтдаги энг йирик масжиди жомъелардан бири “Хўжа Аҳрор Валий” бўлиб, бу ерда Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов имомлик қилади. Қори ака муқаддам филолог бўлгани, сўзамоллиги билан маърузаларни боплайди, дуохонликнинг кифтини келтиради. Шу боисдан ҳам нафақат моҳи Рамазонда, балки бошқа пайтларда ҳам масжид гавжум, намозхонлар сафларни тўлдириб туришади. Аммо бу ерда бошқа масжидларда кам учрайдиган бир ҳодиса бор: намозхонларнинг оёқ кийимлари тез-тез йўқолиб туради.

Ўтган жумада 7 нафар намозхон ялангоёқ қолди. Масжид пешайвонига оёқ кийимларини ечиб, намозга кирган ибодатгўйлар чиққанларида туфли-ю, калишлари йўқ эди. Ноиб-имомлар бундай ҳодисаларнинг масжидда тез-тез бўлиб туриши, мусулмонлар гоҳда адашиб, гоҳда атайин бировларнинг яхши кўринган пойабзалларини кийиб кетишини айтиб, жабрланувчиларга тасалли берган бўлишади. Кўнгил ибодатдан ийиб, миршаббозликка рўйхуш бермайди.

Яхшиямки мобиль телефонларни ташқарида олиб қолишмайди: аксинча, ким билади?! Оёқяланг қолган намозхонлар уйларига, яқинларига қўнғироқ қилишади, масала ҳал. Қимматроқ пойабзалини ўғирлатган киши пухта бўлиб қоларкан: уларни гиламнинг остигами, кўз тушиб турадиган жойгами тахлайди.

Илон отада икки болани қўшиб боғлашди

Тошкентнинг Илон ота масжидига Таровеҳ ибодатларини адо этиш учун келган намозхонлар ғайри оддий ҳолнинг гувоҳи бўлишди. 11-12 ёшлардаги икки бола қалин бўлмаган арқон билан бир-бирига қўшиб боғланган ва оё ватман қоғозига ёзилган “ЎҒРИ” деган ёрлиқ арқонга қистирилган эди. Маълум бўлишча, болалар эҳсон қутисига кўз олайтирган, масжиддаги айрим жим-жимадор асори атиқаларн қўлга киритишни режалаган экан, қўлга тушибди.

Ибодат адо этилгач, тун ярмига бориб обдон чарчаган болалар озод қилинди. Улар қайта имонга келтирилиб, тавба келтиришди. Энди улар эҳтимол бу беадабчиликни қайта такрорламас, аммо мени таажжублантиргани бошқа нарса: таровеҳ ўқиётган намозхонларнинг аксари намоз пайтида ҳам ўғриларга қараб ўтирди. Шуури, ўй-хаёли билан ибодатга чўмиши керак бўлган аҳли жамоанинг диққатини шайтони лаъин занжирбанд қилинган мукаррам ойда кўпроқ болалар тортди.

Миршаб сезгир чиқди, намозхонлар орасидан болани юлиб олди

“Жўрабек” масжиди жомъеси қопқасида турган миршабларнинг кўзини шамғалат қилиб, ибодатгўйлар издиҳомига сингиб кетмоқчи бўлган бола чув тушди. Қариндошлари етовида масжидга киришга уринаётган болани миршаб тутиб олди ва меҳрибончилик аралаш пўписа билан уйига қайтариб юборди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар қўмитасининг бу каби кишибилмас кўрсатмаси асосида ибодатхоналарга болаларнинг киритлмаёттгани сабабларини ҳар ким ҳар хил изоҳлайди.

Тун ярмидан оғиб, таровеҳлардан сўнг бола чарчаб қолади ва кишиларнинг ибодатларига халал беради, деб қарагувчилар ҳам бор. Аксинча, буни диний эътиқодга урилган чангал, чеклов деб эътироф этаётганлар ҳам талайгина. Мен эса ҳодисага ҳеч қандай баҳо бермоқчимасман: намозхонлар издиҳомида миршабнинг диққатини чалғитмоқчи бўлган бола кўзидаги хавотир, унинг оқ дасторни бостириб кийган эгилган боши ва букчайган кичик жуссаси кўз ўнгимда қолди холос.

Ҳожи Раҳмон

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG