Линклар

Boeing 777 уриб туширилган жойга халқаро терговчиларни киритиш талаб қилинмоқда


Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Boeing 777 уриб туширилиши оқибатида 298 бегуноҳ одам ҳалок бўлди.

Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Boeing 777 уриб туширилиши оқибатида 298 бегуноҳ одам ҳалок бўлди.

Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Boeing 777 йўловчи самолёти Украина шарқида уриб туширилганидан тўрт кун ўтиб ҳам халқаро экспертларга воқеа жойини бориб кўриш имкони берилгани йўқ. АҚШ вакиллари самолётни уриб туширган ракета тизимини айирмачиларга Россия етказиб берганини айтмоқда. Айни пайтда Европа етакчилари Россия Президенти Владимир Путиндан айирмачилар воқеа жойига халқаро терговчиларни киритишини таъминлашни талаб қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Украина шарқидаги айирмачилар 17 июль куни Малайзия йўловчи самолётини уриб туширишда Россиядан олиб келинган ер-ҳаво русумидаги ракетадан фойдаланганини баён қилди.

CNN телеканалининг “State Of The Union” дастурига берган интервьюсида Керри Қўшма Штатларнинг бунга шубҳаси йўқ дея таъкидлади.

- Бу Россиядан олиб келиниб, айирмачилар ихтиёрига берилган ракета тизими экани кундек равшан. Шунингдек ишонч билан атишимиз мумкин, воқеа юз берган ҳудудга яқин жойда Украина ҳукуматига доир Бук русумидаги ракета мосламаси бўлмаган,- деди Керри.

Айни пайтда, Украина шарқидаги айирмачилар етакчиси Малайзия ҳаво йўлларининг МН17 рейсини амалга оширган учқичнинг “қора қутилари” топилгани ва Халқаро фуқаровий авация ташкилотига топширилишини айтмоқда.

Ўзини “Донецк Халқ Республикаси” деб эълон қилган айирмачилар етакчиси Александр Бородай 20 июль куни Донецкда берган матбуот анжуманида самолётнинг “қора қутилари”га ўхшаш ашёлар топилганини билдирди.

- Сизга айтишим мумкинки, бугунги кунда бу самолётнинг баъзи техник қисмиларини топдик, тахмин қилишимизча, бу ашёлар қора қутилар бўлиши мумкин. Хуллас, бу объектлар Донецк шаҳрига олиб келинди ва менинг шахсий назоратимда турибди. Биз ихтисослашган ташкилот вакилларини, яъни Халқаро фуқаровий авиация ташкилоти вакилларини кутяпмиз ва уларга бу техник объектларни топширамиз,- деди айирмачи.

Айирмачиларнинг бошқа вакиллари ҳодисадан ўтган уч кун ичида “қора қутилар” топилгани ҳақида бир-бирига зида баёнотларни қилиб улгурди.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот вакили Андрей Лисенко якшанба куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида 17 июль куни айирмачилар назоратитдаги ҳудудда 298 йўловчиси билан уриб туширилган самолёт қулаган жойда ҳукумат ўтказаётган амалиёт тафсилотларини очиқлади.

- 20 июль куни эрталабки соат 7гача қурбонларнинг 196та жасади топилди. Қидирув операцияси раҳбарияти самолёт қулаган жойда қидирув майдонини 25 квадрат километрдан 34 квадрат километрга кенгайтирди. Ҳозирча бу ҳудуднинг 32 квадрат километрга яқини кўриб чиқилди. Қидирув операциясига қутқарувчилар ишига аралашаётган қуролланган террорчиларнинг борлиги халақит қилмоқда,- деди Киев расмийси.

Самолёт уриб туширилган Россия билан чегарадош Торез шаҳри айирмачилар назоратида қолмоқда.

Расмийлар Малайзия самолётида қурбон бўлганларнинг 250ка яқин жасади бу ҳудуддан топилиб, айирмачилар ихтиёридаги рефрижиратор вагонларга солинганини айтмоқда.

Айни пайтда душанба куни ҳолландиялик экспертлар гуруҳи шарқий Украинага етиб келиб, жасадлар солинган рефрижираторларни кўзда кечирди.

17 июль кунги фожиада 192 фуқароси ҳалок бўлган Ҳолландия Бош вазири Марк Рутте воқеа жойида юрган одамлар хатти-ҳаракатлардан даҳшатга тушганини, дея баён қилди.

- Фожиа жойда мутлақо ҳурматсизлик билан мукаммал тергов қоидаларига мутлақ зид тарзда ҳаракат қилинаётани акс этган расмларни кўриб, даҳшатга тушдим. Қолдиқлар орасида одамларнинг жасадлари уларга тегишли ашёлар билан ётганини кўриш мумкин. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир,- деди Ҳолландия бош вазири

Ҳукуматнинг “энг устувор вазифаси” қурбонлар жасадларини ватанига қайтаришдир, деди у.

Бош вазир Рутте якшанба куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, ўз нуфузидан фойдаланиб айирмачиларга таъсир ўтказишни талаб қилганини билдирди.

- Мен ҳозиргина Россия президенти билан гаплашдим. Мен унга ёрдам кўрсатиш ниятини жаҳонга намойиш қилиш учун сўнгги имконияти сақланиб қолаётганини айтдим. У ҳозир исёнчиларга таъсир ўтказиш масъулиятини олиши шарт ҳамда Ҳолландия ва бутун дунёга ундан кутилаётган ҳаракатларни амалга оширишини намойиш этиши лозим, деди бош вазир.

Австралия Бош вазири Тони Эббот ҳодиса рўй берган жой экспертлар тергов ўтказадиган майдондан кўра, кўпроқ “тозалаб қўйилган томорқага” ўхшайди, дея таъкидлади.

Сўнгги хабарларга кўра, россияпараст айирмачилар Малайзия Ҳаво Йўллари учқичи ҳалокатида қурбон бўлганларга доир 250ка яқин жасадини тўртта рефрижираторга солиб қўйди.

Украина Бош вазири ўринбосари Володимир Гройсман жасадлар фожиа жойида 250 километр шимолроқда жойлашган Харьков шаҳридаги лабораторияга олиб борилишини билдирди.

Воқеа рўй берганидан уч кундан ортиқроқ вақт ўтганига қарамасдан, халқаро терговчилар катта ҳудудга сочилиб кетган самолёт қолдиқларини бориб кўра олгани йўқ.

Воқеа жойига Малайзия ҳаво йўллари вакиллари, халқаро ҳаво ҳаракати хавфсизлиги экспертларнинг қўйилмаётгани юзасидан халқаро ҳамжамият норозилиги кучаймоқда.

Франция Президенти Франсуа Олланд, Германия Канцлери Ангела Меркель ва Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон якшанба куни телефон орқали суҳбатлашиб, “жаноб Путиндан украин айирмачилари қутқарувчилар ва терговчиларни воқеа жойига қўйишларини тамъинлашни талаб қилишга” келишиб олишди.

Франция президенти маъмурияти тарқатган қўшма баёнотда “агар Россия дарҳол тезкор чораларни кўрмайдиган бўлса, Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари кенгашида бунинг оқибатларига доир ҳужжат қабул қилиниши” таъкидланган. Европа кенгаши йиғини 22 июль куни ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG