Линклар

Россияга қарши ЕИнинг янги санкциялари пайшанба куни маълум бўлади


Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Брюсселда Россияга қарши янги санкция қўллаш масаласини муҳокама қилмоқда. Украина ва Ғарб расмийлари бортида 298 йўловчи бўлган самолёт Россия тарафдори бўлган айирмачилар томонидан уриб туширганини тасдиқловчи далиллар борлигини урғуламоқда.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Россияга қарши янги санкциялар масаласини муҳокама қилаётган бир пайтда Малайзияга қарашли самолёт йўловчиларидан 280 нафарининг жасадлари ортилган рефрежератор вагонлар ҳукумат назоратидаги Харьков шаҳрига етиб келди.

ЕИ вазирлари йиғилиши олдидан 22 июль куни Брюсселда сўзлаган Британия Бош вазири Дэвид Камерон Малайзия самолётининг уриб туширилгани Москва учун “ҳал қилувчи палла” бўлганини урғулади.

Бир кун олдин Британия парламентида сўзлаган Камерон Украина борасида юритаётган сиёсатини “кескин ўзгартирмагунча” Россияга қарши жиддий санкциялар қўллаш таклифини илгари сурди.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон 28 давлат аъзо бўлган Иттифоқ вазирлари учрашувида Малайзия самолёти уриб туширилганига қандай муносабат билдириш муҳокама этилишини аммо янги санкциялар масаласи муҳокама этилмаслигини билдирди.

- Биз ҳозир бунинг оқибатларини кўриб чиқишимиз керак. Биз Россияни айирмачилар халқаро кузатувчилар ва воқеани ўрганаётган текширувчилар билан ҳамкорлик қилишини таъминлашда уларга ўз таъсирини ўтказишга чақирамиз, дея баён қилди Эштон.

Малайзия самолёти уриб туширилганидан кейин ЕИ давлатлари Россияга қарши янги санкциялар қўллаш бўйича принципда келишиб олган. Ҳозирда қандай санкциялар қўллаш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Душанба куни айирмачилар самолётнинг иккита “қора қути”сини Малайзия расмийларига топширди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 21 июль кунги йиғилишида Малайзия самолёти уриб туширилганини кескин қораловчи резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Ҳужжатда айирмачилардан ҳалокат жойига халқаро текширувчиларнинг киришига тўсқинлик қилинмаслиги талаб этилган.

Малайзияга қарашли “Боинг-777” самолёти 17 июль куни Украина шарқида уриб туширилган пайтда самолёт бортида 298 нафар йўловчи бор эди.

Шунингдек, 22 июль куни Москвада самолёт уриб туширилгани билан боғлиқ бўҳрон муҳокама қилиниши ва Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишига Россия Президенти Владимир Путин раислик қилиши айтилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG