Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:52

Абонентлар мобил алоқа сифати ўта ёмонлашганидан арз қилмоқда


Ўзбекистонда уяли алоқа сифатида ўта ёмонлашганидан шикоятлар яна кўпаймоқда. Аксар мижозлар Beeline, Ucell, Perfectum Mobile ва Uzmobile ширкатлари 20 миллиондан ошиқ абонентга сифатли хизмат кўрсатиш ўрнига "мижоз ҳақидан уриш билан оввора" эканидан арз қилмоқдалар.

Ўзбекистонда МТС уяли телефон оператори фаолияти тўхтатилганидан икки йил ўтиб ҳам мамлакат ҳудудида мобил алоқа сифати ёмонлигича қолмоқда.

Ўзбекистондаги уяли телефон мижозлари алоқа сифати ҳаддан зиёд ёмонлашиб бораётганини айтишади.

- Beeline орқали гаплашишга жуда қийналяпмиз. Овоз бўлиниб-бўлиниб, умуман гапни тушиниб бўлмаяпти, қайта-қайта телефон қилишга тўғри келяпти, - дейди Beeline мижози бўлган бухоролик Шарифжон.

Ucell алоқа ҳизматидан фойдаланувчи тошкентлик талаба Азизни ҳам алоқа сифати қониқтирмайди.

- Асосан, одам гавжум бўлган жойларда гаплашиш жуда қийин. Масалан, бозорда ёки университет атрофида. Ўқишда танаффус пайти ҳамма бир вақтни ўзида телефонда гаплашишга тушади. Шу атрофидаги база станцияси бир вақтни ўзида шунча нагрузкани кўтаролмай қоляпти, - дейди Азиз.

Ўзбекистонда 2012 йилда "Ўздунробита" ёпилиши ортидан унинг мижозлари кейинчалик бошқа компанияларга, жумладан Beeline, Ucell операторига ўтиб кетди.

Бу мобил операторлар эса шунча мижозга хизмат кўрсатишга тайёр эмаслиги боис, алоқа сифати Ўзбекистонда бирдан пасайиб кетди.

Beeline мижозлари Ўзбекистонда алоқа сифати ҳозир ҳам ҳаддан зиёд ёмонлигини айтишади.

Хоразмлик Мансурнинг айтишича, алоқа ёмонлиги боис суҳбат чўзилиб кетади, қайта-қайта қўнғироқ қилишга тўғри келади.

- Жуда ёмон. Битта қўнғироқ билан тушломайсиз. Баъзида қайта-қайта телефон қиласиз. Алоқа ёмонлигидан суҳбат чўзилиб кетади. Пул кўп кетиб қолади, - дейди тошкентлик Азиз.

Beeline таъсисчиси бўлган Вимпелком ширкатининг Амстердамдаги бош идораси матбуот вакили Артём Минаев Озодлик билан суҳбатда алоқа сифати ёмонлигини шундай изоҳлади:

- Афсуски, икки йил олдин Ўзбекистонда бошқа бир оператор фаолияти тўхтаганидан сўнг мижозлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Биз бу қадар мижоз оқимига тайёр эмас эдик. Бу биз учун форс-мажор ҳолат бўлди. Лекин, ҳозир алоқа сифати анча яхшиланиб қолди. Алоқа сифати ҳозир ёмон деб айтолмайман. База станцияларини кўпайтиряпмиз. Алоқа сифатини яна ҳам яхшилаш бўйича ишларни олиб боряпмиз, - деди Минаев.

Ucell ширкатидагилар эса алоқа сифати ёмонлиги юзасидан изоҳ беролмасликларини айтишди.

“Ўзбектелеком” ширкатига кўра, ҳозир Ўзбекистонда уяли телефон фойдаланувчилари сони 20 миллиондан ошган.

Ширкат ўтган йилда мамлакат бўйлаб алоқа сифати бўйича бир ярим мингга яқин шикоят хати тушганини маълум қилган.

Шикоятларнинг 30 фоизи алоқа хизматларини амалга оширувчи ширкатларга тааллуқли экани айтилади.

Ҳозир кўпчилик мижозлар МТС операторининг Ўзбекистонга қайтишини кутишаётганини айтишади.

Ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати МТС ширкатининг мамлакат мобил алоқа бозорига қайтиб¸ ўз фаолиятини тиклашига рухсат бергани ҳақида матбуотда хабарлар пайдо бўлган эди.

XS
SM
MD
LG