Линклар

“Оҳангаронцемент” руслардан олиб қўйилди


“Оҳангаронцемент” корхонасининг 83,91 фоиз акцияси Россиянинг "Евроцемент" ширкатига тегишли бўлган.

“Оҳангаронцемент” корхонасининг 83,91 фоиз акцияси Россиянинг "Евроцемент" ширкатига тегишли бўлган.

Ўзбекистондаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи корхона -- “Оҳангаронцемент” заводи асосий ҳақдоридан олиб қўйилгани ҳақида хабар қилинмоқда. Тошкент вилоят хўжалик судининг 21 июль кунги қарори билан ширкат улушларининг қарийб 84 фоизига эгалик қиладиган Россиянинг “Евроцемент груп” компанияси активлари тортиб қўйилди. “Оҳангаронцемент”да шу йилнинг апрел ойида текширув бошланиши ортидан Россияга қарашли завод миллийлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Айни пайтда, расмий ўзбек матбуоти “Оҳангаронцемент” ўтган йили соф даромадни қарийб икки баробарга оширгани тўғрисида хабар қилди.

“Оҳангаронцемент” корхонасининг асосий ҳақдори Россиянинг “Евроцемент груп” ширкати қарийб 84 фоизлик улушидан қуруқ қолгани ҳақида Ўзбекистон ҳокимият тизимидаги ҳодисалардан яхши хабардор Узметроном нашри хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, Тошкент вилояти хўжалик суди 21 июль кунги қарори билан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг шикоят аризасини қондириб, 1994 йилдаги “Оҳангаронцемнет” бирлашмасини хусусийлаштириш натижаларини ноқонуний, деб эълон қилди.

Натижада 2006 йилда “Оҳангаронцемент”нинг 75 фоиз акциясини сотиб олган, кейинчалик эса, улушини қарийб 84 фоизга етказган Россиянинг “Евроцемент” компанияси ўз ҳақидан мосуво қилинган.

Узметроном хабарида айтилишича, судда жавобгар тараф сифатида “Оҳангаронцемент”, “Ўзқурилишматериаллари”, Тошкент вилояти адлия бошқармаси, Оҳангарон тумани ҳокимияти ҳамда Қимматбаҳо қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази жалб қилинган.

Тошкент вилояти хўжалик суди ҳам, жавобгар идораларнинг бирортаси ҳам бу хабарни изоҳламади. Жавобгар томонлардан бири “Ўзқурилишматриаллари” давлат акциядорлик ширкатининг матбуот вакили, Озодлик сўровига жавобан, ўзи ишлайдиган идора судга тортилганидан умуман хабари йўқлигини таъкидлади.

“Оҳангаронцемент”нинг асосий ҳақдори Россиянинг “Евроцемент” компанияси вакили суд қароридан хабари борлиги, лекин раҳбарият ҳозирча бу ҳақда изоҳ беришдан тийлишни тавсия қилганини билдирди.

“Оҳангаронцемент” ширкати муаммоларга дуч келаётгани тўғрисида жорий йил апрель ойида баъзи ярим-расмий нашрлар “Евроцемент” ҳақида компромат эълон қила бошлаганида маълум бўлди. Бу хабарлардан кўп ўтмай ҳуқуқ-тартибот идоралари “Оҳангаронцемент”да тафтиш бошлади.

“Оҳангаронцемент” заводида “кўплаб ҳуқуқбузарликлар ва молиявий қаллобликларга оид фактлар юзасидан” жиноят иши қўзғатилгани, тергов кетаётгани, завод бош директори иш жойидан ғойиб бўлгани тўғрисида айтилган ва атроф-муҳитни ифлослантираётганликда айбланган эди.

Узметроном нашри бош муҳаррири Сергей Ежков “Евроцемент” ширкати устида қора булутлар пайдо бўлгани ўшандаёқ маълум бўлган эди, дейди.

- Муаммолар нима сабабдан пайдо бўлганини айтиш қийин, лекин эсингизда бўлса, маълум гуруҳлар назорат қиладиган Интернет нашрлари орқали бир неча ой аввал “Евроцемент” устидан компромат сиздирилган эди. Ўшанда буларда ҳам муаммо бошалангани маълум бўлган эди. Бундай руҳдаги материаллар, бундай Интернет нашрларига қаердан юборилишини билиб турган бўлсангиз керак,- дейди маъноли қилиб Ежков.

Қизиғи, Россиянинг “Евроцемент” шикати ўтган ойда Ўзбекистон ҳукумати билан “Оҳангаронцемент” корхонаси базасида янги цемент заводини қуриш борасида келишув имзолаган эди. 2016 йилда ишга тушиши айтилаётган завод лойиҳасини руслар Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., Ltd” компанияси билан бирга амалга ошириши кўзда тутилган.

Узметроном муҳаррири Сергей Ежков мазкур келишувни, хўжалик суди қароридан қатъий назар, Россия ширкатининг Ўзбекистондан чиқиб кетмаслиги аломати сифатида кўради.

- Расман, гўё хусусийлаштириш пайтида ниманидир инобатга олишмаган, лекин менимча, ҳозир энди суд қарори билан тортиб қўйилган активларни яна “Евроцемент” ширкатининг ўзига мажбуран сотишади. Чунки улар яқинда янги завод қуриш бўйича келишув имзолади, яъни Ўзбекистондан чиқиб кетиш нияти йўқ. Уларни ипсиз боғлаб қўйишган. Албатта, ҳозир “Евроцемент” аппеляция аризаси билан мурожаат қиламиз, деяпти, лекин бизда бундай аппеляциянинг қондирилиши даргумон экани маълум, дейди Сергей Ежков.

“Оҳангаронцемент” корхонаси 1994 йилда хусусийлаштирилган эди. Баъзи хабарларга кўра, Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш бўйича энг йирик корхона ҳисобланган бу заводни “Евроцемент груп” сотиб олгунига қадар собиқ Зеромакс ширкати назоратида бўлган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор экани айтилган Зеромакс 2006 йилда “Оҳангаронцемент”нинг 75 фоиз акциясини Россия ширкатига сотган.

2010 йилда “Евроцемент” ўз улушларини 83,91 фоизга етказди. 2013 йилда Россия ширкати корхонадаги иштирокини 100 фоизга етказиш ниятида эканини билдирди, лекин номаълум сабабларга кўра бу амалга ошмай қолди.

Айни пайтда, расмий ўзбек матбуоти 22 июль куни “Оҳангаронцемент” корхонаси 2013 йилда соф даромадни қарийб икки баробарга ошириб, 127,807 миллиард сўм (55 миллион АҚШ доллари)га етказгани ҳақида хабар қилди.

“Евроцемент груп” ширкатига кўра, Ўзбекистондаги заводда йилига ўнга яқин турдаги 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади.

“Оҳангаронцемент” муаммоси Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчи заводлар билан боғлиқ биринчи муаммо эмас.

2012 йилда Ўзбекистон Бош прокуратураси “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент” заводларининг Қозоғистонга қарашли United Cement Group ширкатига доир акцияларини ҳибсга олган эди.

Кейинчалик қозоқ ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан бу муаммони ҳал қилишга муваффақ бўлди. Ўртада қандай келишувга эришилгани оммага очиқлангани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG