Линклар

Кўзи ожизларга янги босмахона ваъда қилинмоқда, аммо...


Брайль тизими асосида чоп қилинган китоб.

Брайль тизими асосида чоп қилинган китоб.

Ўзбек расмийлари Брайль тизими бўйича китоб чоп қилиш учун 2014 йил охиригача Ўзбекистонда янги босмахона ташкил этмоқчилар. Хитой ҳукумати маблағи эвазига очилажак бу босмахона ўзбек расмийлари томонидан мамлакатда кўзи ожизларнинг таълим олиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши иддао қилинаяпти. Айни пайтда соҳага алоқадор кишилар янги босмахона учун ажратилажак қарийб ярим миллион доллар маблағ талон-тарож бўлиб кетиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдираяптилар.

Брайль тизими бўйича китоблар, журналлар, қўлланмалар ва бўртма тасвирлар ишлаб чиқишга мослашган замонавий ускуналар билан жиҳозланмиш босмахона очилиши ўзбекистонлик кўзи ожизларнинг аксарияти томонидан яхши кутиб олинди.

Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятида масъул лавозимларда ишлаган Бахтиёр ака Абдужабборовнинг айтишича, шу кунда бундай босмахонанинг ишга тушиши ўзи каби имконияти чекланган ногиронлар учун айни муддао.

- Мен буни баралла айтаман – бу жудаям яхши келишув. Хитой давлатига, кейин Ўзбекистонда бу ишга бош-қош бўлган ҳукуматга, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига кўзи ожизлар бу масалада фақат миннатдор бўлишлари мумкин. Ўзбекистонда яшайдиган кўзи ожизлар ҳам худди соғлом одамлардай китоб ўқишга жуда хоҳиши катта, - дейди Бахтиёр ака Абдужабборов.

Суҳбатдошимиз кўзи ожизлар учун Брайль тизими асосида китоб ва журнал чоп қиладиган босмахона аввал ҳам бўлгани, бироқ эски усулда босилган бу маҳсулотлар жуда қимматга тушганини айтади.

- Матбуот агентлиги қошида бор шунақа типография. Лекин унинг оборудованиелари эски оборудование. Улар ҳарфларни аввал тунукага босиб, кейин қоғозга кўчиришарди. Ўта мураккаб ва қиммат процесс бу, - дер экан Бахтиёр ака замонавий босмахона Ўзбекистондаги кўзи ожизлар учун, айниқса махсус мактабларда дарслик муаммосига дуч келиб турган ёшлар учун янги имкониятлар очишини қўшимча қилди.

Шу ўринда Ўзбекистонда кўзи ожизларнинг 12 та махсус мактаб-интернати фаолият кўрсатишини, бу ўқув масканларида Брайль тизими асосида босилган дарслик ва қўлланмалар етишмай келишини айтиб ўтиш жоиз.

Брайль тизими асосида китоб ва журналлар чиқарадиган босмахона очилишидан хурсанд эканини эътироф этган бошқа бир суҳбатдошимиз Миркомил Тошкандий Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун замонавий босмахона очишга уриниш аввал ҳам бўлганини эслатади.

- Бу станокларни бир марта олиб келиб ҳам кўришган. Ҳозир ҳам турибди ўша Хитойдан олиб келинган станоклар, лекин булар икки тийинга қиммат станокларни олиб келишиб, давлат мулкини талон-тарож қилишган, - дейди анча йиллар матбаачилик нонини еган Миркомил Тошкандий.

Суҳбатдошимиз 10 йиллар аввалги бу аччиқ тажриба бу гал ҳам қайталаниши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайди.

- Ҳозир бу 500 минг (доллар) пул талон-тарож бўлиб кетиши мумкин. Яъники Хитойга мутахассис бўлмаган одамлар боради ва асбоб-ускуналарни арзонроқ олиб келиб, бу ерда пулларни талон-тарож қилади, - дейди Миркомил Тошкандий.

“Бу маблағлар талон-тарож бўлмаслиги учун сиз қандай йўл таклиф қиласиз?” деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Қилиниши керак бўлган биринчи нарса бу – мутахассисни топиш керак. У мутахассис холис одам бўлиши керак, ҳеч қанақа манфаатга эга бўлмаслиги керак. Ўша мутахассис бориб, асбоб-ускуналарни танлаши керак. Иккинчи масала – қилинаётган сарф-харажатлар шаффоф бўлиши керак. Яъники, қани, қанча йўлкира кетаяпти, қанчаси мутахассисга тўланаяпти, қанчаси асбобни ўрнатадиган ишчиларга тўланаяпти – ҳаммаси шаффоф бўлиши керак, - дейди Брайль тизими бўйича китоб босиш ишидан яхши хабардор бўлган Миркомил Тошкандий.

XS
SM
MD
LG