Линклар

“Роғун” қўшниларни сувсиз қолдирмайди”


Роғун ГЭСи барпо этилиши мўлжалланган ҳудуд.

Роғун ГЭСи барпо этилиши мўлжалланган ҳудуд.

Душанбе расмийлари 14-18 июль кунлари Олмаотада ўтган маслаҳатлашувлар чоғида Роғун ГЭСи қўшниларни сувсиз қолдирмаслиги ҳақида яна бир бор ишонтиришга ҳаракат қилган. Бу ҳақда Олмаота маслаҳатлашувини ташкил қилган Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жа айтган.

Жаҳон Банки Роғун ГЭСи қурилиши борасида Олмаотадаги сўзлашувлар натижаларини баён этган банкнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жанинг интервьюсини ўз сайтида эълон қилди.

Роғун ГЭСи бўйича Олмаотада ўтказилган бешинчи маслаҳатлашув давомида Тожикистон ҳукумати трансчегаравий дарёларга тушадиган сув миқдорида ўзгариш бўлмаслигини кафолатлаган ҳолда Роғун ГЭСи плотиналарини ишлатиши ҳақида баёнот берган.

Бу ҳақда Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жа айтган.

Жаноб Жанинг айтишича, Тожикистон Роғун ГЭСини сув билан тўлдириш учун ҳар йилги минтақавий қарорга кўра фақат унга ажратилган квотадан фойдаланишни кўзлаяпти. Айни пайтда Тожикистон бир йилда унга ажратилган 1,2 миллиард кубометрдан ортиқ сувни сарфлаётгани йўқ.

Бироқ, минтақавий директорга кўра, Тожикистон дарёнинг қуйи оқимларида сувдан фойдаланувчи давлатларнинг манфаатларига зарар етказмаган ҳолда Роғун ГЭСидан фойдаланишни назарда тутмоқда. Айни пайтда Норак сув омборида октябрь-март ойларида фойдаланиладиган 4,2 миллиард кубометр сув борки, бундан ортиқ сувни бу омборда тўхтатиб бўлмайди.

Кумар Жа фикрича, Роғун плотинасини “замонавий халқаро номалар доирасида” қуриш ва эксплуатация қилиш мумкин. Бироқ, унинг таъкидича, қурилажак Роғун ГЭСи тўғонидан уни барча даврда мунтазам мониторинг қилиб борадиган системани бунёд қилган тақдирдагина фойдаланиш мумкин.

Минтақавий директор, шунингдек, Роғун ГЭСисиз Тожикистонни электр энергияси билан таъминлаш йўллари ҳам муҳокама қилинганини айтиб ўтган.

Бироқ, экспертлар, Тожикистонни электр энергияси билан таъминлашда Роғун ГЭСи камхаржроқ лойиҳа эканлиги ҳақидаги хулосага келишган.

Эслатиб ўтамиз, Роғун Гэси ҳақидаги бешинчи маслаҳатлашув 14-18 июль кунлари Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирокида Олмаота шаҳрида бўлиб ўтди.

Роғун можароси тарихи

Роғун ГЭСи ўн йиллардан буён Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги зиддият ўчоғи бўлиб келмоқда.

Собиқ иттифоқ пайтида Тошкентдаги илмий институтларда лойиҳалаштирилган ва қурилиши бошланган Роғун ГЭСи СССР парчаланганидан сўнг тўхтаб қолган эди.

Ўзбекистон ҳукумати иддаоларига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳаси бундан 40 йил аввал эскирган конструкция ва технологик қарорлар асосида ишлаб чиқилган ва қурилиш давом эттирилишдан аввал бу иншоот лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши, унинг минтақа экологиясига хавфсизлиги, Амударё сув оқимига таъсири ва унинг зилзилабардошлилигига объектив ва асосланган баҳо берилиши шарт.

Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда жойлашгани, бу ҳудудда бир неча марта 10 балли зилзилалар қайдга олинганини таъкидлар экан, шундай табиий офатнинг яна қайталаниши ортидан ГЭС тўғони ёрилиб, минтақадаги юз минглаб одамлар ҳаётига хавф солиши мумкинлигини қайд этади.

Бироқ Тожикистон томони ГЭС минтақа экологиясига хавф солмаслигини, агар тўғони баландлиги 335 метр бўлган Роғун ишга тушса, мазкур сув омборида қўшни давлатларнинг суғориш ишлари учун сув жамғарилиши осон бўлишини иддао қилади.

Ўзбекистон раҳбариятининг ҳисоб-китобича, агар Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилгудай бўлса, унинг тўғони ортидаги ҳавза тўлгунича, ўзбекистонликлар 8 йил сувсиз ўтиришга мажбур бўлади.

“Роғун сув омбори сув билан тўлгунича Ўзбекистон аҳолиси 8 йил сувсиз яшашига қандай қилиб йўл қўямиз, бу вақт ичида деҳқонларимиз нима иш қилади?” деган эди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Бироқ тожик томони бундай даъволар асоссиз эканлигини айтади:

“Ўзбекистон томонининг гапларида асос йўқ. Бу сув омборининг тўлиши, улар айтганидек, 8 йилга эмас, балки 15-17 йилгача ҳам чўзилиши мумкин. Иккинчидан, биз сув омборини тўлдириш учун сувнинг бор-йўғи 5 фоизини оламиз. Биласизми, қурғоқчилик йилларида Вахш дарёсининг суви 20-22 фоизгача камаяди. Лекин бу ҳеч нарсага салбий таъсир кўрсатмас эди. Сув омборининг қурилиши ҳеч қачон на Оролда, на Қорақалпоқда сувнинг камайишига сабаб бўла олмайди”, деган эди Тожикистон Бош Вазири Оқил Оқилов.

Ислом Каримов 2012 йилда Остона шаҳрида Марказий Осиёдаги сув можароси урушга олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.

Айрим сиёсатшунослар Роғун ГЭСининг қурилишига оид зиддиятлар аслида икки давлат раҳбарларининг ўзаро муносабатлари ёмонлигига бориб тақалишини айтадилар.

Бу сиёсатшунослар фикрича, агар давлат раҳбарлари бир-бирларига бўлган шахсий амбицияларини унутиб, юзага келган муаммоларни биргаликда ҳал қилса, Ўзбекистон ҳам Роғун ГЭСи қурилишида ҳиссадор бўлиб иштирок этса, мамлакатдаги энергетик бўҳронни ҳал қилиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG