Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:40

Блог: Фаластин халқи бошини қайси деворга урсин?!


Ғазо секторидаги cўнгги воқеалар “Замон зўрники, томоша кўрники” деган эски нақлни ёдга солиб юборди. Ажабо, инсоннинг қадр-қиммати сариқчақалик ҳам эмас экан-да?..

Исроил-Фаластин мужодаласида ким ҳақу ким ноҳақлигини муҳокама қилмоқчи эмасман. Лекин сиёсатнинг чиркин ўйинларидан бехабар маъсум гўдакларнинг жони учун кимдир жавоб бериши керак-ку.

Жаҳоннинг қайсидир бурчида америкалик ё европалик қурбон бўлса, дунё оёққа қалқийди, айбдор шартта гирибонидан олинади. Шоён ҳавасга арзигулик ҳолат. Шундай бўлиши керак. Одам ердан бодраб чиққан қўзиқорин эмас, ахир!

Ғазода шу кунларда ўнлаб буваклар ўлаётгани билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Танаси бошқа дард билмас экан-да!

Даққиюнусдан қолган жаҳоннинг тартиботлари аломат... Дунёни ўтирғиб турғизаётган арбоблар хўб валломат...

Тинч аҳоли истиқомат қилаётган гавжум қасабаларга тиккасига ажал ёмғири ёғдираётган “жабрдийда” давлатнинг ҳарбий амалиётини БМТ ҳам сезмаётгандек. Ҳа-я, БМТ минтақадаги вазият юзасидан “жиддий хавотир” изҳор қилди-ку. Саркорлик шунчалик бўлар. Яшасин Бадавлат Миллатлар Ташкилоти! Э узр, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти демоқчи эдим.

Жаноб Нетаняҳуга қойил қолмадим. Хўп, у даъво қилганидек, Ғазода қўпорувчилар ин қурган экан, енг шимариб тинч аҳоли устига бомба ёғдириш ўрнига, ўша террорчиларни битта-битта ушлаб жазоласин! “Биз ғанимларимизни қаерда бўлмасин жазолашга қурбимиз етади”, деб нуқул кўкрак керади-ку.

У эмас-бу эмас, Фаластин раияти яна дасти узун ҳарбийлар қаршисида ёлғизланиб қолди. Бу ёғи энди ўзинг учун ўл, етим!

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар ҳам қирққулоқли қозондек қайнади. Ғазодаги ихтилофни тўхтатиш учун ҳар ким ўзича ечим таклиф қиляпти. Фаластин томонини олаётган бир гуруҳ фойдаланувчилар ҳатто Исроил ва уни қўллаб-қувватлаётган Америка ишлаб чиқарган маҳсулотларга бойкот эълон қилиш ташаббуси билан чиқди. Ўзлари учун дастак ҳам келтиришяпти: cаудиялик марҳум уламо – шайх Абдуллоҳ Жибрин бир неча йил аввал шу ҳақда фатво берган экан.

Мамлакатлар миқёсида иқтисодий чеклов жорий этилиши ақлга сиғмайди. Бунга журъат этган давлат ҳойнаҳой минг бир усул билан “бурчакка тиралса” керак...

Майли, давлатларнинг йўриғи бўлак. Хўш, ўзингизга қолса нима қилардингиз? Иқтисодий бойкотга қўшилармидингиз? Фаластин учун, дейлик, Америкада ишлаб чиқарилган севимли дастёриниз – “iPhone”дан азза-базза воз кеча олармидингиз? Ё, кунда ичмасангиз кўнглингиз жойига тушмайдиган “Сoca Cola”дан нафсингизни тия олармидингиз? Тўхтанг, тўхтанг, бойкотдан бир иш чиқармикан ўзи?

Бугун Ғарбнинг Ғазога эътибор қаратадиган сиёқи йўқ: Украина буҳрони, ҳалокатга учраган “Боинг” ва бошқа масалалардан ҳали-бери ортмаса керак.

Дарвоқе, балки бадавлат қўшнилар – араб давлатлари ёрдам қўлини чўзар? Қайдам…

Маишат ва ҳашамат ичидаги яшаётган бадавлат араб тождорлари ҳам анойи эмас. “Тирик товон” Фаластинга ҳадеб кўмак беравермайди. Аммо базми жамшид уюштиришнинг кифтини келтиришади. Бултурми, шу йилми, Саудия шаҳзодаси Парижда ўтган дабдабали диплом “ювиш” маросимига нақд 15 миллион евро сарфлади. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг!

Ҳамқавмларининг аҳволи бундай бўлгач, бошқалардан ўпкаламаса ҳам бўлар.

Сиз нима дейсиз, Фаластиннинг косаси оқармаётган манглайи қора халқи нима қилсин? Бошини қайси деворга урсин?

Серсавол муштарий

XS
SM
MD
LG