Линклар

logo-print

Қирғизистон сайёҳлик ширкатлари уюшмасининг билдиришича, шу кунларда мамлакат ҳудудидаги тоғларда дунёнинг турли давлатларидан келган 200га яқин альпинист қамал вазиятида қолган. Уларни қутқариш учун фойдаланиб келинган Мудофаа вазирлигининг ягона вертолёти эса аварияга учраган.

Қирғизистон тоғларида қамал аҳволида қолган ёки иложсиз вазиятга тушган альпинистларни қутқариш учун Мудофаа вазирлиги ихтиёрида бўлган ягона вертолётдан фойдаланиб келинган. Лекин 18 июль куни Иссиқкўлда ҳорижлик альпинистни қутқаришга борган вертолёт кучли шамол туфайли аварияга учраган. Бахтли тасодиф туфайли вертолёт экипажи ва унинг йўловчилари ўлимдан омон қолган.

Хабарларда айтилишича, 22 июль куни Ленин чўққисида Украиналик альпинист ҳалок бўлган. Шу куни Молдовалик экани тахмин қилинаётган яна бир альпинист бедарак йўқолган. Ҳориждан келган 200 альпинист эса тоғларда қамалиб қолиб, қутқарувчиларни кутмоқда. Бироқ ягона вертолёт ҳалокатдан сўнг таъмирланаётгани учун ҳам альпинистларни қутқариш ишлари ортга сурилмоқда.

-Ҳозир жуда хавфли вазият юзага келди. Бирор бир альпинист ҳалокатга йўлиқса унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун вертолётимиз йўқ. Июлнинг охиридан 14 августгача Қирғизистонда халқаро альпиниада ўтказилади. Турли давлатлардан келган юздан ортиқ альпинист мусобақага қатнашади. Аммо уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳеч қандай имкониятимиз йўқ, -деди сайёҳлик ширкатларидан бирининг директори Жунусбек Қаразақов.

Қирғизистон сайёҳлик ширкатлари уюшмасининг билдиришича, шу кунларда мамлакат ҳудудидаги тоғларда ҳориждан келган 800 альпинист машқ қилмоқда. Шунинг учун исталган пайтда ҳалокатли вазиятга тушиб қолган альпинистлар сони кўпайиши мумкин. Бироқ Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув хизмати ҳам бахтсиз тасодифларга учраган сайёҳларнинг қутқарилишига кафолат бера олмайди:

-Қонунга асосан альпинистларга Мудофаа вазирлигининг вертолёти хизмат кўрсатиши керак. Бу ҳақда ҳукуматнинг махсус қарори ҳам бор. Биз фақат мана шу вертолёт ижарага олинган тақдирдагина қутқарув ишларини амалга оширишимиз мумкин, -деди Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор ҳаракат бўлими бошлиғи Муҳамбет Сваров.

Ҳаёти хавф остида қолишига қарамай, вертолёт бузилганидан сўнг айрим альпинистлар тоғларга э\шаклар ёрдамида кўтарилишга мажбур бўлишмоқда. Россиядан альпинистлар мусобақасида иштирок этиш учун келган спортчи Анатолий Ярунов ўз командаси тоғ чўққиларига кўтарилиб бўлганини, уни эса бу ерда тоққа озиқ-овқат олиб бориш учун қолдиришганини айтди. У энди командадошлари оч қолмаслиги учун тоғ чўққисига озиқ-овқатни эшшакларда етказишга мажбур.

-Бугунги кунда команданинг асосий қисми тоғларга кўтарилиб бўлган. Мен бу ерда вертолётни кутиб қолдим. Вертолётга хизмат ҳақи ҳам тўлаб қўйилган эди. Лекин вертолёт келмаса, озиқ-овқат маҳсулотларини эшшаклар ёрдамида тоққа олиб чиқишга мажбур бўламан, -деди альпинист.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG