Линклар

Мирзиёевни судга берган зоминлик фермер жиннихонадан чиқарилди

  • Садриддин Ашур

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Алиқул Саримсоқов(чапда) ва Шуҳрат Рустамов.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Алиқул Саримсоқов(чапда) ва Шуҳрат Рустамов.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли ва фермер Алиқул Саримсоқов 16 кунлик мажбурий тутқунликдан сўнг руҳий касалликлар шифохонасидан озод этилди. Саримсоқовга кўра, касалхона бош врачи ундан шикоят хатлари ёзишни тўхтатиш, ҳукуматдагиларни тинч қўйишни талаб қилган.

Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Альянси фаоли, Жиззах вилоятининг Зомин туманида истиқомат қиладиган фермер Алиқул Саримсоқов Жиззах шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасидаги 16 кунлик тутқунликдан сўнг 3 июль куни қўйиб юборилди.

Ўшандан буён уй қамоғида бўлган Алиқул Саримсоқов паспортсиз Тошкентга қочиб келганини айтади:

- Жиннихонадан озод қилишганидан сўнг мени кечаю кундуз уйимдан чиқаришмади. Участка нозири ва бошқа милиционерлар кечаю кундуз қоровуллик қилишди. Бир амаллаб улардан қочиб Тошкентга келдим, деди Алиқул Саримсоқов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, уни алдаб милиция бўлимига чақирганидан сўнг мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишган эди:

- 17 июнь куни вилоят ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими бошлиғи телефон қилиб, бир келинг гаплашадиган гап бор деди. Кечгача у ёқ бу ёқдан ҳангома қилиб ўтирдик, кечқурун эса ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ бир молни судраб олиб боргандай жиннихонага тиқиб ташлашди. На суд қарори, на бошқа бир ҳужжат кўрсатишгани йўқ, - дейди фермер.

Алиқул Саримсоқовга кўра, у уч кун давомида бу зўравонликка қарши касалхонада очлик эълон қилган:

- Кейин Сайдулло Алиқулов деган бош врач олдига чақириб олдида менга: "Нега гуллаб яшнаётган Ўзбекистондан норози бўляпсан?" деб панд насиҳат қилди. Мен эса ҳақиқат излаётганимни айтдим. Мени у ерда кўрганим шу бўлдики, 53 касалнинг олти-еттитаси ҳақиқатдан руҳий касал, қолганлари эса адолат излагани учун жамиятдан изоляция қилинган соғлом одамлар эди. Тазйиққа учраб касалхонага ташланган соппа-соғ одамларнинг аризаларини ҳам олиб чиқдим, деди фермер.

Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Альянси фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, Шавкат Мирзиёевни судга берган фермердан расмийлар шу тариқ ўч олган.

- Бу жиноят! Қонунга биноан Алиқул Саримсоқовни руҳий касалхонага ётқизишдан олдин суд қарори ёки оила аъзоларининг илтимоси керак эди. Лекин бу ҳужжатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Булар Саримсоқовнинг ёзди-ёздиларини тўхтатишга уринишяпти. Чунки, бу одамнинг багажида унга ва бошқаларга нисбатан содир этилган жиноятлар ҳақида бир чемодан ҳужжат бор. Ана шуларнинг очилиб кетишини олдини олиш ва унга жинни деган тамғани босиш мақсадида уни касалхонага тиқишди. Биз бу ёқдан ҳай-ҳайлаб турганимиз учун ҳам унга психотроп моддаларни бермаган, деди Шуҳрат Рустамов.

Алиқул Саримсоқов Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев устидан Олий Судга жорий йилнинг 12 май куни ариза топширган эди.

Саримсоқов Мирзиёевни шикоят аризаларига жавоб бермаётганликда айблаган. Жавобини ололмаган шикоятларида Алиқул Саримсоқов Жиззах вилоятидаги амалдорларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан арз қилган.​

Ҳуқуқ фаоли фикрича, Бош вазир бу "амалдорларнинг ҳомийси бўлгани учун" ҳам унинг шикоятини эътиборсиз қолдиряпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG