Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

Самолёт ҳалокати қурбонлари бир ҳафта ўтиб ватанларига қайтарилмоқда. Россияга босим кучайтириляпти


17 июль кунги ҳалокат қурбонларининг 193 нафари Ҳолландия фуқароси бўлган.
17 июль кунги ҳалокат қурбонларининг 193 нафари Ҳолландия фуқароси бўлган.

Украина ҳудудида уриб туширилган самолёт қурбонлари жасадларининг яна бир қисми бугун Ҳолландияга жўнатилди. Ғарб давлатлари самолётни россияпараст айирмачилар уриб туширганини айтаётган бир пайтда, бугун ЕИ Россияга қарши навбатдаги санкцияларни эълон қилиши кутилмоқда.

Украина ҳудудида уриб туширилган Малайзия йўловчи самолёти қурбонлари жасадларининг яна 74таси Ҳолландияга юборилади. Дастлабки 40 жасад кеча иккита ҳарбий самолётда Ҳолландиянинг Айндҳовен шаҳрига олиб келинди.

Украина ҳукуматига кўра, майитлар ёки тана қолдиқлари солинган 51та контейнер иккита самолётда Ҳолландияга учириб юборилган.

17 июль куни Украина шарқида уриб туширилган Малайзия ҳаво йўлларига тегишли самолётдаги 298 йўловчининг ҳаммаси ҳалок бўлган эди. Boeing 777 самолётини россияпараст айирмачилар уриб туширгани гумон қилинмоқда.

Чоршанба куни Айндҳовен аэропортида қурбонлар жасадларини уларнинг юзлаб яқинлари, Ҳолландия Қироли Виллем-Александр ва Қироличаси Максима, Бош вазир Марк Рутте, ҳамда ҳалокатда фуқаролари қурбон бўлган бошқа давлатлар вакиллари кутиб олди.

Аэропортда фуқаролари ҳалок бўлган 11 давлатнинг байроғи туширилган ҳолда, бутун Ҳолландия бўйлаб қурбонлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.

Ҳолландияда мотам куни эълон қилди. Ҳалокат қурбонларининг 193 нафари Ҳолландия фуқаролари эди. 24 июль куни Ҳолландияга яна 74 жасаднинг олиб келиниши кутилмоқда.

Фожиада 39 фуқароси ҳалок бўлган Австралия Лондонга 50 нафар полициячини юборди. У ердан австралиялик зобитларнинг Украинага юборилиши ва ҳалокат юз берган ҳудудни қўриқлайдиган БМТ етакчилигидаги полиция кучларига қўшилиши кутилмоқда.

Ҳолландия ва Австралия ташқи ишлар вазирлари халқаро полиция кучларининг бу ҳудудга ташланишига доир ўзаро англашинув меморандумини муҳокама қилиш учун 24 июль куни Киевга боради.

Австралия Бош вазири Тони Эббот халқаро полиция кучлари имкон қадар тезроқ у ерга ташланиши керак, чунки кўплаб жасадлар ҳамон воқеа жойидан топилгани йўқ, дея баён қилди.

- Самолёт қулаган ҳудудда ҳали ҳам синчковлик билан профессионал тарзда қидирув ишлари амалга оширилгани йўқ. Бундай қидирувни ўтказиш имкони ҳам йўқ, чунки бу ҳудуд қуролланган ва тергов натижалари қандай бўлишидан манфаатдор бўлган одамлар тарафидан назорат қилинар экан, тегишли тергов-қидирувни амалга оширишнинг иложи йўқ, деди бош вазир.

Австралия ҳукумати раҳбари тергов ишларига Boeing 777 самолётини уриб туширганликда гумонланаётганлар халақит бераётгангидан яна бир бор хавотир билдирди.

- Шарқий Украинада вазият тергов ишларини амалга ошириш шароитлари жиҳатидан, аввалгидан кўра, яхшироқ экани айтилмоқда. Лекин у ерда қуролли исёнчилар, яъни самолётни уриб туширганликда гумонланаётган айни исёнчилар рухсатисиз ҳеч нарса амалга ошмаётгани аниқ, деди бош вазир Эббот.

Айни пайтда, 24 июль куни ғарб матбуотида пайдо бўлган хабарларга кўра, Европа Иттифоқи дипломатлари бугун Россияга қарши жорий қилиши кутилаётган санкциялар доирасига Россия банкларига нисбатан кенг қамровли чекловлар киради.

"The Financial Times" газетасининг хабар қилишича, шарқий Украинадаги бўҳронга ҳисса қўшаётган Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар Россия банкларининг Европа молиявий бозорида акциялар билан савдо қилиш имконидан маҳрум қилиши мумкин.

Бу санкцилар Қўшма Штатлар 16 июль куни Россиянинг Газпромбанк ва Внешэкономбанк банкларига қўллаган жазо чораларидан ҳам кучлироқ бўлади ва улушларининг 50 фоизидан кўпроғи давлатга қарашли бўлган банкларнинг барчасини нишонга олади.

Бугун эълон қилиниши кутилаётган санкциялар жумласидан, шунингдек Украинадаги бўҳрон ва Россия тарафидан Қримнинг аннексия қилинганига ҳисса қўшгани учун виза чеклови жорий қилиинган шахслар рўйхатининг кенгайтирилиши айтилмоқда.

ЕИ саммити арафасида, 23 июль куни Варшавада учрашган Германия ва Польша ташқи ишлар вазирлари санкциялар муҳокамасида 298 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳалокат аҳамияти назардан четда қолмайди, дея ваъда қилишди.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Украина суверенитетига дахл қилишга чек қўйилмас экан, Россияга нисбатан босим кучайб бораверади, дея таъкидлади.

- Биз ташқи сиёсатимизни сир сақламаганмиз. Россияга нисбатан боисмни қадам-бақадам ошириб бориш ниятида эканимизни айтиб келмоқдамиз ва ЕИ ташқи ишлар вазирларининг сўнгги учрашувида бу йўлдан оғиш ниятида эмаслигимизга гувоҳ бўлдингиз. Биз ташқи сиёсатимиз қўл-оёғини боғлаб қўйилиши олидини олиш учун буни аста-секин амалга оширмоғимиз кераклиги ҳақида ҳам айтганмиз, деди Германия дипломати.

Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлиги Украинага қарашли иккита ҳарбий самолёт Россия ҳудудидан отилган ракеталардан уриб туширилганига доир Киев ҳукумати иддаоларини инкор қилмоқда.

Украина Миллий хавфсизлик кенгаши мамлакат шарқидаги Донецк вилоятида 23 июль куни уриб туширилган Су-25 жанговар учқичлари Россия ҳудудидан отилган ракеталар нишонига айланганини баён қилди.

АҚШ Давлат департаменти Украина иддаолари тасдиқаланадиган бўлса, бу “Россия қўллаб-қувватлаётган айирмачилар Москва томонидан тақдим қилинаётган мукаммал ер-ҳаво русумидаги қуроллардан фойдаланаётганига яна бир далил бўлади”, дея баён қилди.

Айни пайтда, 24 июль куни Россияпараст айирмачиларга доир "Восток" жанговар батальони командири Александр Ходаковский Reuters агентлигига берган интервьюсида, айирмчилар ихтиёрида "Бук" русумидаги ракета тизими бўлганини тан олди.

Унинг айтишича, ракета комплекси Донецкка Луганскдан олиб келинган бўлган.

XS
SM
MD
LG