Линклар

logo-print

Никоҳдан ўтишда биометрик паспорт талаб қилинмоқда. Cирдарёда чироқ электрикнинг кайфиятига қараб ўчирилмоқда. Тарвуз устида ётволиб қўшиқ айтган хонанда танқидга учради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Шифокорлар ўз иши қолиб ҳашарга жалб этилмоқда”

Тошкентда фаррошлар камайиб кетди, жамоат жойларини тозалаш ишлари эса шифокор, ўқитувчи ва олимлар зиммасига тушмоқда (“Новий век”, 24 июль).

Шифокорлар асосий юмуши – беморларга қараш у ёқда қолиб, қўлига супурги ушлаб кўча тозалаб юрибди, натижада поликлиникаларда навбатлар юзага келмоқда. Илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар ҳам кўпга келган тўйдан четда қолмаяпти.

“Пойтахтда бундай амалиёт қай асосда юзага келганини тушуниш қийин. Қоғозда номи мавжуд фаррошларга мунтазам ойлик маош тўланаётганига қарамай, амалда уларни кўрмайсиз”, деб ёзади нашр

Газета фаррошлар штати борасида текширув ўтказиш, иши бошидан ошиб ётган шифокор, ўқитувчи ва олимларни бу ишга жалб этмасликни тавсия қилади.

Шарқшунослик институти проректори 17500 доллар пора учун қамалди”

Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқув ишлари бўйича проректори И.Бултаков ўқишга киритиш учун жуда катта миқдорда пора олгани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 24 июль).

Проректор мумтоз шарқ филологияси йўналишига ўқишга киритиш учун фуқаро Л.Ходжаевдан 6000 доллар пора олган. Бундан ташқари, яна уч нафар фуқарони ўқишга киритиш учун 17500 доллар пора олган.

Проректор Бултаков пул берган абитуриентларнинг тест саволларини ечиб бериш учун институт биносида махсус хона - “бункер” ташкил қилган. Ушбу жиноятда иқтисодиёт масалалари бўйича проректор Ш.Мирзиятов, Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти факультети декани И.Бекмуродов, Шарқ филологияси факультети декани З.Қодиров, Жаҳон сиёсати ва тарихи факультети декани Ш.Саидов, Математика ва информатика кафедраси мудири Б.Қодирқулов, Ғарбий Европа тиллари кафедраси мудири К.Раҳмонбердиева ва бошқалар ҳам иштирок этган.

Тест саволлари абитуриентларга тажрибали ўқитувчилар томонидан ечиб берилган. Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Тоҳиржон Ҳусановга кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди айбдорларга тегишли жазо тайинлаган. Пора асосида тест ечтирган абитуриентларнинг тақдири очиқланмаган.

“Cирдарёда чироқ электрикнинг кайфиятига қараб ўчириб турилади”

Сирдарё вилоятининг шу номли туманидаги қишлоқларда электр энергиясининг узиб қўйилиши одатий ҳолга айланган (“Даракчи”, 24 июль).

“Бу ерда ҳар куни электр энергияси 3-4 марта навбатчи электрикнинг кайфиятига қараб ўчириб турилади. Аввалроқ аҳолининг бу ҳақда юқори ташкилотларга ёзган шикояти ҳеч қандай натижа бермаган, яъни одамлар қўлини ювиб қўлтиғига тиқишган”, дейди шу туманнинг Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Ж.Бектемиров.

“Ўзбекэнерго” ширкати бошқарма бошлиғи ўринбосари У.Ҳакимов бу борада ҳудудий корхонага топшириқ берилганини маълум қилган. Шу билан бирга, чўғланма лампаларни тежамкор лампаларга алиштиришни тавсия қилган.

“Тарвуз устида ётволиб қўшиқ айтган хонанда танқидга учради”

Хонанда Тамиланинг тарвуз устида ётиб қўшиқ айтган клипи танқидга учради (“Оила даврасида”, 24 июль).

“Хонанда балки клипларида янгилик киритишга уринмоқчидир, аммо, менимча, у янглишмоқда. Бир қарасангиз, тарвуз устида ётиб қўшиқ айтса, яна бир қарасангиз, олчага ўраниб ётади. Наҳотки, бу билан ўз обрўсини тўкишини ва меванинг увол бўлишини ўйламаса?! Калта кўйлакда ўзини ҳар кўйга солиб, сочини ғижимлаганча ноўрин ҳаракатлар қилиш одобданмикан”, деб ёзади самарқандлик Маърифат Аъзамова.

“Тўйларга ижарага егулик олиш найранг деб баҳоланди”

Тўй маросимларини ўтказишда тўй эгалари “найранг” қилмоқда (“Диёнат”, 24 июль).

“Бир кунлик тўй-ҳашам учун ўн-ўн беш йил қарз тўлаш модадан қолди. Унинг ўрнини замонавий тўй “найранглари” эгаллай бошлади. Тўй дастурхонидаги жами егуликлар ижарага олинади. Ейилганига пул тўланади, қолгани яна қайтариб берилади”, деб ёзади тадқиқотчи

М.Бадалов. Рамазон тугаши билан Ўзбекистонда тўй мавсуми бошланишини таъкидлаган муаллиф дабдаба ва исрофгарчиликдан қайтаради, саройлардан қолишмайдиган тўйхоналарда ичкиликка бўккан оломон устидан даста-даста пул сочиш ўрнига йўл, кўприк қуриш, маҳаллаларни обод қилишга чақиради.

“Никоҳдан ўтишда биометрик паспорт талаб қилиниши қонунга зид”

Айрим ҳудудларда никоҳдан ўтиш пайти биометрик паспорт талаб қилинаётган сабабли саволлар юзага келмоқда (“Адолат кўзгуси”, 24 июль).

Адлия вазирлиги нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси бошлиғи Д.Ёқубова ушбу масалага ойдинлик киритган. Вазирлик расмийсига кўра, 2015 йилнинг 31 декабрига қадар амалдаги паспорт билан фуқаролик ҳолатлари далолатнома ёзувлари қайд этилади.

Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Б.Шорихсиев ҳам мазкур муддатга қадар амалдаги паспорт ҳақиқий эканини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG