Линклар

Краснодарда яна бир ўзбек ўғирлангани иддао қилинаяпти


Краснодардаги жазо ўташ колонияси

Краснодардаги жазо ўташ колонияси

Россиянинг Краснодар ўлкасида “жиҳодчилик”да айбланаётган яна бир Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолди. Колониядан чиқиши билан ғойиб бўлган наманганлик Сирожиддин Неъматов ҳимоясини таъминлаётган адвокатлар унинг Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганини иддао қилмоқда.

Жорий йилнинг 21 июлида Россиянинг Краснодар ўлкаси Хадиженск шаҳрида жойлашган 9-сонли жазони ўташ колониясидан озодликка чиққан 27 ёшли Сирожиддин Неъматов ўғирлаб кетилгани иддао қилинди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Москвадаги “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев наманганлик Сирожиддин Неъматов ҳам Россиядан сўнгги ойларда ўғирланиб кетилган ўнлаб Ўзбекистон фуқаролари каби, диний-сиёсий айбловлар билан халқаро қидирувда бўлганини гапиради:

- Мен Краснодар ўлкасининг Хадиженск шаҳридаги колониясига бордим. У ерда Неъматов Сирожиддин деган наманганлик йигит бор эди. Ўзбекистон уни қидирувга берган эди. У бола менга ўзининг тарихини айтиб берган: ҳеч қанақа жиноят қилмаган, бирор экстремистик-террористик гуруҳларга алоқаси йўқ. Лекин унга бир нечта статьяларни қўйган. У 21 июл куни саҳар 6 да озод этилган, ўша колония маъмурияти чиқариб юборган уни. Калининградда Латиф Жалолбоев ҳам худди шундай ўғирланган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Неъматовни колониядан чиқариб олишга борганини гапирган Баҳром Ҳамроев зудлик билан аэропортга бориб, Ички ишларга одам йўқолгани тўғрисида ариза топширганини билдирди.

Ҳамроевнинг аниқлашича, ўша куни кечки соат 22:30да Краснодар-Тошкент йўналиши бўича самолёт учган, аммо чегара хизмати ва полиция Сирожиддин Неъматов деган шахс бортга кўтарилмаганини маълум қилган:

- Биз хулоса қилдикки, Хадиженский шаҳар Краснодардан кўра Сочига яқинроқ. Болани Сочи орқали олиб кетган деган тахминларга ишонаяпмиз, чунки Неъматов эрталаб саҳар чиққан ва уни машинага солиб, Сочига олиб кетишган. 21 июл куни соат кечки 11:30да Сочидан ҳам Тошкентга самолёт учган. Аминманки, бу йигит аллақачон Тошкентда,- деди Баҳром Ҳамроев.

Ўзбек қочқини ҳуқуқларини Москвадан келиб ҳимоя қилган Баҳром Ҳамроев фикрича, Неъматов оддий меҳнат муҳожири, сўнгги 2 йил давомида Ўзбекистонга бормаганига қарамасдан қидирувга берилган.

Ҳамроев тўплаган маълумотга кўра, Неъматов Краснодарда маъмурий жазо билан қамалган, Ўзбекистон сўрови билан Россия бош прокуратурасининг экстрадиция текширувидан ўтган ва Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги қонунан тасдиқланган.

“Шунингдек, Сирожиддин Неъматов 2012 йилнинг 15 ноябр куни Москванинг Внуково аэропортида Калининграддан Наманганга учиб кетаётганида ҳибс этилган беш нафар ўзбекистонликни шахсан таниган”, дея давом этади жамоат фаоли:

- Булар на экстрадиция, на депортация бўляпти – ўғирлаб кетиляпти. Ўғирлашдан мақсад – қайсидир мавҳум гуруҳларга наманганлик йигитларни боғлаб, гўё “Жиҳодчилар” деган йўқ ташкилотга бирлаштириш. Ман кўрдим сўровнома ҳужжатларини: у жиҳодчиларни тузмаган ва ҳатто “жиҳодчилар” ким эканлигини билмайди! Эртага уни олиб кетишгандан кейин уни мажбур қилишганидан кейин у айтаверади “Ман жиҳодчиман!”. 155, 159, 244 жиноий моддаларнинг “а,б” пунктлари: бу ёшга етиб бунча жиноятни истаса ҳам қила олмайди,- дейди Баҳром Ҳамроев.

Айни пайтда Краснодар вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот маркази ходимлари Озодлик мухбири билан суҳбатда уларда Сирожиддин Неъматовнинг ўғирлангани ҳақидаги хабар йўқлигини таъкидлашди.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари барча ўғирлаб кетилаётган муҳожирларнинг аксарига нисбатан Ўзбекистон махфий хизматлар томонидан жиноий ишлар сохталаштирилишига ишонишини гапирди.

2012 йилнинг 15 ноябр куни Москванинг Внуково аэропортида Калининграддан Наманганга транзит билан учиб кетаётган беш нафар ўзбекистонлик ҳибс этилган эди.

Озодлик сўровига полиция бўлимида Дадаев Абдусамад, Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, Низомов Авазбек, Жалолбоев Олим, Жалолбоев Ҳакимжонлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-моддаси асосидаги айбловлар билан қидирувда эканини билдиришган.

7 декабрь куни наманганликлар сақланаётган СИЗО-4 тергов изоляторига уч нафар Ўзбекистон ички ишлар ходимлари келган ва уларни сўроққа тутган. Маҳбуслардан олинган маълумотга кўра, уларга Ўзбекистонда ҳибс этилган бошқа бир танишининг тирноқлари юлинган ва калтакланган юзи тасвирга туширилган фотолар кўрсатилган, улар аллақандай ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурланган.

Маҳбуслардан энг ёши бўлган Абдусамад Фазлиддинов ўзбек милиция ходимларининг гап-сўзларидан кейин тушкунликка тушиб қолган ва икки кун ўтиб – 9 декабрь куни ўз камерасида чойшабдан арқон ясаб ўзини осиб ўлдирган.

2012 йилнинг 27 декабрида 19 яшар Ўзбекистон фуқароси Абдусамад Фазлиддиновнинг жасади яқинлари томонидан Москвадан Наманган шаҳрига олиб кетилган.

28 феврал куни эрталаб Калининграднинг Гвардейский туманидаги 7-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиққан 1981 йилда туғилган ўзбекистонлик Жалолбоев Латиф Турсунович ўғирлаб кетилган.

Шунингдек, Россиянинг бошқа шаҳар ва ўлкаларидан қидирувда бўлган ўзбекистонликлар ноқонуний йўллар билан олиб чиқилаётгани тўғрисида Озодлик хабар бериб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG