Линклар

Европа Иттифоқи россияпараст айирмачиларга кўмак кўрсатаётганликда гумонланаётган Украина ва Россиянинг 15 фуқароси ҳамда 18 ташкилотни қора рўйхатга киритди. Рўйхат Европа Иттифоқининг расмий журналида шанба куни эълон қилинди.

Европа Иттифоқининг кенгайтирилган "қора рўйхати"га Россия Федерал хавфсизлик ҳизмати раҳбари Александр Бортников, Ташқи разведка ҳизмати раҳбари Михаил Фрадков, Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва Краснодар ўлкаси губернатори Александр Ткачевлар кирди.

Шунингдек, рўйхатда Россия Хавфсизлик кенгаши котибининг муовини Рашид Нургалиев, Хавфсизлик кенгаши аъзоси Борис Гризлов, Россия Давлат Думаси депутати Михаил Дегтерёвларнинг номлари ҳам бор.

Бу шахсларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига кириши тақиқланади. Агар уларнинг Европа банкларида ҳисоблари бўлса музлатилади.

Европа Иттифоқи расмийларига кўра, бу шахслар “Россия ҳукуматининг Украина ҳудудий яҳлитлиги, суверенитети ва мустақиллиги таҳдид солувчи сиёсатини ишлаб чиқишда қатнашган”.

Рўйхатга, шунингдек, Россия Федерал хавфсизлик ҳизматининг Ахборот ва халқаро алоқалар хизмати раҳбари Сергей Бесада ҳам киритилган.

Қора рўйхатга кирган яна беш шахс эса Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларнинг раҳбарларидир.

Санкция рўйхатига кирган ширкатлар орасида эса Севастополь ва Керчь денгиз портлари, Керчь паром ширкати, "Нижняя Ореанда" оромгоҳи ва Азов спиртли ичимликлар заводи бор.

Шундай қилиб, Европа Иттифоқи қора рўйхатига кирган жисмоний шахслар сони 87га, юридик шахслар эса 20га етди.

Россияга қарши жазо чоралари Малайзияга тегишли Боинг йўловчи ташувчи самолёти Украина осмонида ҳалокатга учрашидан бир ҳафта ўтиб қўлланилмоқда.

Ғарбда бортида 298 йўловчи бўлган Боинг самолёти Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар назорат этувчи ҳудуддан ер - ҳаво ракетаси воситасида уриб туширилганига ишонилади.

Самолёт ҳалокатига қадар Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг учинчи босқичига ўтишга иккилангиб турганди.

АҚШ ўтган ҳафтада Россиянинг "Газпром" ширкати ва бир қатор йирик банкларни ҳамда мудофаа ва энергия ширкатлари, жумладан, "Роснефт"ни нишонга олувчи санкцияларни жорий қилганди.

Пайшанба куни Италия Россияга нисбатан қўшимча санкция қўллашни ёқлаб чиқди.

Литва ва Латвия айни пайтда Россияга қарши ўзлари алоҳида жазо чоралари қўллаши масаласини кўриб чиқаётганини билдирди.

Аввалроқ Латвия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг уч эстрада қўшиқчиси - Олег Газманов, Иосиф Кобзон ва "Валерия" тахаллуси билан ижод қилувчи Алла Перфиловани Латвияга кириши ман этилган хорижликлар рўйхатига киритганди.

"Улар Украина ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллиги бузилишига ёрдам берган", - дейилади Латвия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Айни пайтда Украина шарқида жанглар давом этмоқда. Украина армияси апрель ойида мамлакат шарқида айирмачиларга қарши ҳарбий амалиёт бошлаганидан буён мингдан зиёд одам ҳалок бўлгани ва ўн минглаб одам минтақани тарк этгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG