Линклар

Оқ уй вакили Жош Эрнест кундалик матбуот брифинги чоғида, АҚШ разведкаси маълумоти асосида, Malaysia Airlines ширкатига тегишли "Боинг" самолёти уриб туширилишига "Россия ва шахсан президент Владимир Путин айбдор дейиш мумкин", деб таъкидлади.

Бу АҚШ расмийлари тарафидан "Боинг 777" учқичи 17 июль куни Украина осмонида ҳалокатга учраганидан буён Россия номига айтилган энг кучли баёнотдир.

Жаноб Эрнестнинг таъкидича, "Боинг 777" учқичи “ер – осмон” русумидаги ракета воситасида Украина шарқидаги исёнчилар назорати остида бўлган ҳудуддан уриб туширилган.

АҚШ разведка маълумотига кўра, Россия Украина шарқидаги айирмачиларга оғир қуролларни етказиб бермоқда, уларга қуроллардан фойдаланиш йўл-йўриқларини кўрсатмоқда.

Россия айирмачиларга етказган шундай оғир қуроллардан бири “Бук” ракета тизимидир.

- Шу сабабдан биз бу фожеага Владимир Путин ва Россия айбдор, деган хулосага келдик, - деди Жош Эрнест.

Оқ уй вакили ўз баёнотида АҚШ Санатининг разведка қўмитаси раиси муовини, республикачи Сэксби Чэмблисс сўзларидан иқтибос келтириб ўтди.

Жаноб Чэмблисс шу разведка маълумотлари билан шахсан танишиб чиққан.

- Ракета старт тугмасини руслар босганми ёки руслардан йўриқнома олган россияпараст айирмачиларми, барибир оҳир оқибат ҳаммаси шахсан Владимир Путинга бориб тақаляпти, - деди Эрнест.

АҚШ разведка расмийлари ўз ихтиëридаги далилларга таянган ҳолда, бортида 298 одам бўлган Малайзия йўловчи учқичининг шарқий Украина ҳудудини назорат қилаëтган россияпараст айирмачилари томонидан уриб туширилганига ишонишларини билдирганди.

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала Лумпурга учаётган "Боинг 777" самолёти 17 июль куни Украина шарқидаги исёнчилар назорати остида бўлган ҳудудга қулаб тушганди.

Учқичдаги 298 йўловчи ва экипаж аъзоларининг барчаси ҳаётдан кўз юмди.

Учқич ҳалокатидан бир ҳафта ўтиб Брюсселда йиғилган ЕИ раҳбарлари бир қатор Россия расмийларини қора рўйхатга киритди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги Оқ уй матбуот вакили Жош Эрнест баёнотига муносабат билдириб, АҚШни Россияга қарши тухмат ёғдираётганликда айблади.

Вазирлик сайтида босилган шарҳда Украинада юзага келган вазиятга Обама маъмурияти жавобгар экани таъкидланади.

"Қўшма Штатлар Киев ҳукуматини русийзабон аҳоли норозилигини бостиришга ундашда давом этмоқда ва Украинадаги низо ва унинг оғир оқибатларига Барак Обама маъмурияти масъул", дейилади Россия ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги шарҳда.

Россия ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг янги санкцияларига ҳам муносабат билдирди.

Вазирлик ўз баёнотида "Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкцияларни жорий этиб, хавфсизлик соҳасидаги халқаро ҳамкорликни тахдид остига қўйди", деб билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG