Линклар

Алишер Усмонов Путин туфайли Европадаги бизнесини тўхтатиши мумкин


Миллиардер Алишер Усмонов.

Миллиардер Алишер Усмонов.

Европа Иттифоқи Путинга яқин бойларга ўз сармоясини олиб чиқиб кетиши учун икки ҳафта муҳлат берди. Бу ҳақда Британиянинг Daily Telegraph нашри хабар қилади. The Times нашрининг аниқлик киритишича, бу ерда гап энг аввало Британияда ерлашган россиялик олигархлар ҳақида бормоқда. Санкциялар қарши йўналтирилиши бўлган кишилар орасида таҳлилчилар Роман Абрамович, Алишер Усмонов ва Михаил Фридман номларини атамоқда, деб ёзади британ нашри.

Петерсон институти, Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ҳамда Генри Жексон жамияти сиёсатшунослари мулоҳазаларини келтирган The Times айнан шу уч бой Путин ҳокимиятини қўллаб келишини маълум қилади.

Улардан бири – Наманганда туғилган ва президент Владимир Путинга яқинлиги айтиладиган Алишер Усмонов бир неча йилдан буён Россиянинг энг бой одами ўлароқ эътироф этиб келинади.

“Металлоинвест” металл-маъдан ширкати соҳиби, Англиянинг Арсенал футбол жамоаси акцияларининг 30 фоизига эга бўлган асли ўзбекистонлик А. Усмонов ўтган йили Буюк Британия ва Ирландияда ҳам энг бой одам, деб топилганди. Ўшанда унинг мулки 20,3 миллиард АҚШ долларига тенг, деб баҳоланган эди.

Бу йил эcа The Sunday Times нашри эълон қилган Британиядаги энг бой шахслар рейтингида Усмонов иккинчи ўринни эгаллади. Бу йилги рейтингда биринчи ўринни 20 миллиард доллар билан Лондонда яшайдиган ака-ука Сри ва Гопи Ҳиндужалар эгаллаган. Айни пайтда Forbes нашри бу гал 60 ёшли Алишер Усмоновнинг активларини 18,6 миллиард доллар, деб баҳолаган.

вропа Иттифоқи 26 июль куни россияпараст айирмачиларга кўмак кўрсатаётганликда гумонланаётган Украина ва Россиянинг 15 фуқароси ҳамда 18 ташкилотини "қора рўйхат"га киритди. Рўйхатга киритилган кишиларнинг аксариятини Россиядаги куч ишлатар тузилмалар мулозимлари ҳамда Украина шарқида айирмачиларга пешволик қилаётган шахслар ташкил қилади.

Аммо кечаги рўйхатда олигархларнинг йўқлиги улар боши узра пайдо бўлган “қора булутлар” пароканда бўлиб кетганини англатмайди.

Умуман олганда, Украина можароси Россия бойлари ҳамёни қаппайишига ижобий таъсир кўрсатди, деб бўлмайди. Аксинча, Bloomberg нашри маълумотларига кўра, шу йил январь ойидан бери россиялик 19 миллиардер умумий ҳисобда 14,5 миллиард доллар йўқотган. Бу вақт оралиғида америкалик 64 миллиардер ўз бойлигини умумий ҳисобда 56,5 миллиард долларга кўпайтиришга муваффақ бўлган.

Хусусан, Россиянинг энг бой одами бўлган Алишер Усмонов ўтган олти ой мобайнида қарийб 2,5 миллиард доллар йўқотган. Россиялик пўлатфуруш бой Владимир Лисиннинг кўрган зарари ҳам А. Усмоновникидан кам эмас – 2,4 миллиард доллар. Тадбиркор Андрей Мельниченко эса, Bloomberg нашрига кўра, 2,1 миллиард доллардан мосуво бўлган.

Исми очиқланмаган манбалари сўзига таянган Bloomberg нашрининг ёзишича, энг юксак мақомдаги россиялик корчалонларнинг аксарияти президент Владимир Путиннинг Украинага оид сиёсатидан ғазабда. Улар санкциялар туфайли бутун жаҳон билан олди-бердиси бўлган Россиянинг иқтисодиёти катта зарар кўриши, мамлакатнинг ўзи эса яккамохов бўлиб қолиши мумкинлигидан ташвишга тушганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG