Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:38

Ҳамас 24 соатлик оташкесимга рози бўлди


Ғазо секторида Исроил армиясига қарши урушаётган Ҳамас ҳаракати 24 соатлик гуманитар оташкесимга рози бўлди. Ундан олдин Исроил томони Ҳамас Исроилга қарата ракета отишни давом эттираётгани учун гуманитар оташкесимни бекор қилган эди.

Ҳамас ҳаракати вакили Ғазо секторида 24 соатлик гуманитар оташкесим 27 июль куни кучга киришини билдирди.

- БМТ аралашуви, халқимиз вазияти ва Ҳайит байрамини инобатга олган ҳолда, қаршилик кўрсатаётган фракциялар 24 соатлик гуманитар оташкесимга риоя қилишга келишиб олди. Оташкесим якшанба куни соат 14 да бошланади, - деди Ҳамас вакили Сами Абду Зуҳри Рейтерс агентлигига.

Ҳамас жанггарилари Исроилнинг марказий ва жанубий ҳудудига ракеталар отганидан кейин якшанба куни эрталаб Исроил 24 соатлик оташкесимни бекор қилган эди.

Исроил ҳарбийлари БМТ илгари сурган 24 соатлик гуманитар оташкесимга Ҳамас жанггарилари риоя қилмагани учун Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳужумлари 27 июль куни қайта бошланганини билдирди.

Исроил ҳарбийлари эълон қилган баёнотда Ғазо секторидаги аҳоли манфаатини кўзлаб эълон қилинган оташкесим пайтида Ҳамас жанггарилари Исроил ҳудудига ракеталар отишни тўхтатмагани учун Исроил армиясининг Ғазо секторига ҳаво, денгиз ва қуруқлик ҳужумлари қайта бошлангани билдирилган.

Ундан олдин Ҳамас эълон қилган баёнотида "Ғазо секторига бостириб кирган Исроил қўшинлари олиб чиқилмагунича, фаластинликлар уйларига қайтишига рухсат берилмагунича, жароҳат олганлар эвакуация қилиниши таъминланмагунича ҳар қандай гуманитар оташкесим қабул қилинмаслиги” таъкидланган эди.

Исроил ҳарбийлари фаластинлик жанггариларнинг Исроилга ракета отишини тўхтатиш ва тунелларни йўқ қилиш важидан 8 июль куни Ғазо секторида кенг кўламли ҳужум бошлаганидан бери ҳалок бўлган фаластинликлар сони 1000 кишидан ошди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотига кўра, нобуд бўлган фаластинликларнинг 80 фоизи тинч аҳоли вакилларидир.

БМТнинг болaлaр жaмғaрмaси – ЮНИСЕФ 19 кундан бери давом этаётган можарода 192 бола ҳалок бўлганини билдирди.

Тўқнашув пайтида Исроилнинг 43 аскари ва уч фуқароси ўлган.

Ғазодаги можарога барҳам бериш мақсадида 26 июль куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри Парижда Британия, Германия, Италия, Франция, Қатар ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқи (ЕИ) вакиллари билан учрашди.

Музокарадан кейин Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус журналистларга буларни айтди.

- Учрашув ижобий бўлди. Йиғилишда Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш борасида халқаро ҳамжамият қандай чоралар кўриши бўйича муштарак қарашларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдик. Биз барча томонни гуманитар оташкесим муддатини узайтиришга чақирамиз, дея баёнот берди Лоран Фабиус.

БМТ Бош котибининг матбуот вакили эълон қилган баёнотда БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ғазода урушаётган барча томонни етти кунлик гуманитар оташкесим эълон қилишга чақиргани билдирилган.

26 июль куни Исроилда минглаб одам Ғазода олиб бораётган ҳарбий амалиётларига қарши норозилик акцияси ўтказди.

XS
SM
MD
LG