Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:43

Ҳаага суди ЮКОС фойдасига Россиядан $50 миллиард ундиришни буюрди


50 миллиард АҚШ доллари Ҳаага суди ундиришни қарор қилган энг катта товон миқдоридир.
50 миллиард АҚШ доллари Ҳаага суди ундиришни қарор қилган энг катта товон миқдоридир.

Ҳаагадаги Доимий арбитраж суди Россия ҳукуматидан собиқ ЮКОС нефть ширкати ҳақдорлари фойдасига 50 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон пули унидириш тўғрисида қарор қабул қилди.

28 июль куни эълон қилинган суд ҳукмида Россия 2004 йилда ЮКОС ширкатини тугатиб, унинг активларини кимошди савдосига қўйиш қарори билан 1991 йилги Халқаро Энергия Низомини бузган, деган хулоса берилди.

Ҳаага суди қарорида ЮКОСнинг катта қисмини сотиб олган давлатга қарашли Роснефть ширкати раҳбарияти Россия Президенти Владимир Путин билан биргаликда ширкатни йўқ қилишда иштирок этгани таъкидланган.

Маҳкамада шикоятчи сифатида иштирок этган Group Menatep Limited ширкати 114 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилган эди.

50 миллиард АҚШ доллари Ҳаага суди ундиришни қарор қилган энг катта товон миқдоридир.

Суд ҳукмига кўра, Россиядан Group Menatep Limited ширкатининг суд харажатларини қоплаш учун 65 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳақ ундирилиши ҳам кўзда тутилган.

ЮКОС ширкати 10 йиллик қамоқдан кейин ўтган йили авф этилган Михаил Ходорковскийга қарашли бўлган. Ходорковский президент Владимир Путин ҳукумати тарафидан солиқдан бўйин товлаганлик ва маблағларни талон-тарож қилганликда айбланган.

2005 йилда Ходорковский ЮКОСдаги улушини Group Menatep Limited компаниясига сотган. Мазкур ширкат ЮКОСнинг собиқ раҳабарлари, жумладан Леонид Невзлинга қарашлидир. Душанба куни эълон қилинган суд қарори Ходорковскийга тааллуқли эмас.

Ҳаага арбитражи қарор қилиниши муносабати билан Роснефть эълон қилган баёнотда давлатга қарашли ширкат иштирок этган барча шартномалар Россия қонунчилигига асосан битилгани таъкидланган. Роснефть ўз ҳиссадорларига Ҳаага суди чирқаган қарор ширкатга тааллуқли эмаслиги ва унинг фаолияти ёки активларига таъсир қилмаслигини ишонч билан таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28 июль куни суд ҳукмига муносабат билдириб, Москва мазкур қарор устидан шикоят қилиш учун барча ҳуқуқий воситалардан фойдаланишини баён қилди.

Россия суд ҳукми юзасидан 10 кун ичида аппеляция киритиши мумкин.

Айни пайтда, Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида ҳам 31 июль куни ЮКОСга доир иш кўриб чиқилади. Унда ҳам шикоятчилар сифатида чиққан ЮКОС собиқ ҳиссадорлари Россиядан кўп миллиард долларлик товон пули талаб қилган.

XS
SM
MD
LG