Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:06

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода дарҳол сулҳ ўрнатишни талаб қилди


Исроил Ҳамаснинг “ўзи эълон қилган сулҳни бузди 24 соатлик сулҳ тклифини рад қилди.
Исроил Ҳамаснинг “ўзи эълон қилган сулҳни бузди 24 соатлик сулҳ тклифини рад қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 28 июль куни ўтказилган фавқулодда мажлисда Ғазо минтақасида “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” сулҳ ўрнатишга чақирувчи декларацияни маъқуллади. Исроил ва Ҳамас икки кундан бери бир неча марта эълон қилган сулҳ келишувлари бузилди. Ҳалок бўлган фаластинликлар сони 1030дан ошди, исроилликлардан 45 одам нобуд бўлди.

Нью Йорк вақти билан ярим тунда (Тошкент вақти билан соат 9:00да) бошланган Хавфсизлик кенгаши йиғинида Исроил ва Ҳамас гуруҳидан “Ҳайит кунлари ва ундан кейин гуманитар сулҳ тузиб, унга тўлалигича амал қилиш” талаб этилди.

Кенгаш аъзолари гуманитар сулҳ дарҳол етказилиши керак бўлган ёрдам учун муҳим эканини қайд этди.

Мусулмон мамлакатларининг аксарида уч кун нишонланадиган Рамазон ҳайити 28 июль куни бошланди.

Декларацияни Хавфсизлик Кенгашига аъзо 15 давлатнинг барчаси маъқуллади.

Кенгаш қабул қилган баёнот низолашаётган томонлар “Миср ташаббусига асосланган давомли ва тўла амал қилинувчи сулҳга эришиш ҳаракатларини бошлашга” чақиради.

Исроил ва Ғазо минтақасини назорат қилувчи Ҳамас ҳаракати сўнгги икки кун ичида бир неча марта қисқа муддатли сулҳга эришди, лекин амал қилинмади.

АҚШ Президенти Барак Обама 27 июль куни Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу билан телефон суҳбатида Ғазо минтақасида дарҳол ўт очишни тўхтатиш зарурлигини билдирди.

Обама уч ҳафтадан бери давом этаётган жангларни мутлақ тўхтатишга элтувчи “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз сулҳга эришилиши лозим” дея таъкидлади.

Нетаньяҳунинг бу чақириққа қандай жавоб қайтаргани тўғрисида расмийлар ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

27 июль куни эълон қилинган иккинчи сулҳ, орадан кўп ўтмай, Ҳамас гуруҳи Исроилга қарата яна ракета отгани боис бузилгани айтилмоқда.

Кеча Исроил ҳукумати ўтган ҳафта яҳудий армияси Ғазодаги БМТ тасарруфида бўлган мактабга қарата "адашган ҳолда" ракета отганини тан олди. Исроил вакиллари ҳодисада талафотлар бўлмаганини айтмоқда.

Яҳудий армияси ракета мактаб ҳовлисига тушган пайтда у ерда ҳеч ким бўлмаганини кўрсатувчи видеони эълон қилди.

Фаластин расмийлари эса, Байт Ҳанун шаҳарчасидаги мактаб ракетадан ўққа тутилгани оқибатида 16 киши ҳалок бўлиб, кўплаб одам жароҳатланганини айтмоқда.

БМТ бу ҳодиса юзасидан тергов ўтказишга чақирди.

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу якшанба куни Қуддусдан туриб, NBC телеканалига берган интервьюсида ҳарбий амалиёт Ҳамас гуруҳи назоратидаги Ғазо минтақасидан отилаётган ракеталарга жавобан амалга оширилаётганини билдирди.

- БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, Ғазодаги мактабларга ракета отилишига доир ҳодисадан аввал, Ғазода БМТ тасарруфидаги иккита мактаб ракеталарни сақалаш мақсадида ишлатилганини тан олган эди ва у Ҳамасни қоралади, бу макатбларни ҳарбий нишон, қонуний ҳарбий нишонга айлантиргани учун қоралади, - деди Нетаньяҳу.

Яҳудий ҳукумати раҳбари Ғазо минтақасидан жангарилар сиқиб чиқарилмагунча ҳарбий амалиёт давом этажагини таъкидлади.

Нетаньяҳу ҳалок бўлган фаластинликларнинг аксари тинч аҳоли вакиллари эканини ҳам изоҳлашга уринди.

- Тушуниш керак бўлган энг муҳим нарса шуки, тинч аҳоли ҳалок бўлаётгани сабаби Исроил тинч аҳолини нишонга олаётганида эмас, бунинг сабаби Ҳамас тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланаётганидир. Биз ракеталарни ўз халқимизни ҳимоя қилиш учун ишлатяпмиз, улар эса ўз ракеталарини ҳимоя қилиш учун халқни ишлатяпти, - деди Исроил бош вазири.

Уч ҳафтадан бери давом этаётган жанглар оқибатида 1030дан ошиқ фаластинлик, асосан тинч аҳоли ҳамда 45 яҳудий фуқароси, асосан, аскарлар ҳалок бўлди.

Ҳамас матбуот вакили Сами Абу Зуҳрий якшанба куни Ғазода журналистлар билан мулоқоти чоғида Ҳамас 24 соатлик сулҳга розилик берганини билдирди.

- БМТнинг хулосалари ва Ғазодаги халқимизнинг аҳволини, айниқса, кириб келаётган Ийд ал-Фитр байрамини инобатга олган ҳолда, Фаластин фирқалари орасида муҳокамалар бўлиб ўтди ва якшанба куни соат иккидан бошлаб, 24 соатлик гумманитар сулҳ келишув таклифини қабул қилишга келишиб олинди, деди Ҳамас вакили.

Лекин Исроил Ҳамаснинг 24 соатлик сулҳ ўрнатиш чақирувини рад қилди.

Исроил томонига кўра, Ҳамаснинг “ўзи эълон қилган сулҳни бузиб, Исроил ҳудудига қарата яна ракета отган. Бунга жавобан Исроил амалга оширган ҳаво ҳужумлари Ғазода жангларнинг давом этишига олиб келди.

XS
SM
MD
LG