Линклар

logo-print

АҚШ Давлат департаменти диний эркинликлар вазияти юзасидан чиқарган бу йилги янги ҳисоботида ҳам аввалги йилларда бўлгани каби Ўзбекистонни диний эркинликлар топталадиган давлатлардан бири сифатида қайд этди.

Душанба куни ҳисоботни эълон қилган АҚШ Давлат котиби Жон Керри:

-Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини қамашда давом этмоқда, диний маросимлар бўлаётган жойга бостириб кириб, диний адабиётларни мусодара этмоқда, - деб таъкидлади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда фақат рўйхатдан ўтган ташкилотларгина диний фаолият билан шуғуллана олади. Ҳукумат изнисиз диний фаолият билан шуғулланганлик жиноятга тенглаштирилган.

Диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш, тарқатиш ва хусусий тартибда диний таълим бериш ҳам тақиқлаб қўйилган, бу тартибни бузган кишилар жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган дин ҳақидаги қонун барча диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишини талаб қилади ва бунинг учун бажарилиши қийин бўлган мезонлар белгиланган.

Давлат экстремистик деб ҳисоблайдиган диний ташкилотлар фаолияти тақиқланган. Уларга аъзолик жиноят ҳисобланади. Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар сирасига "Ҳизбу таҳрир", "Акромийлар", "Таблиғи жамоат", “Нурчилар” ва давлат "Ваҳҳобий" деб атайдиган диний гуруҳлар киради.

Ҳисоботда келтирилишича, ҳозир бундай ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб, 12 мингга яқин одам қамалган.

Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан кўпи мусулмонлардир. Тахминан, 4 фоиз аҳоли рус православ христианларидир. Қолган 3 фоиз аҳоли эса Рим католиклари, корейс христианлари, баптистлар, лютеранлардир. Шунингдек, Ўзбекистонда Иегова гувоҳлари, буддавийлар, баҳоийлар, Ҳаре Кришна жамоалари ҳам мавжуд.

Ўзбекистонда нафақат мусулмонлар, балки диний озчиликлар ҳуқуқлари ҳам камситилиб келинади. Ҳисоботда айрим кичик диний гуруҳларнинг рўйхатдан ўтишда муаммолар билан рўпара келганлари ҳам айтилади.

Прозелитизм билан шуғулланишда гумон қилинган гуруҳларга қарши рейдлар, тазйиқлар уюштирилган, уларнинг етакчилари ва аъзолари ҳибсга олинган, баъзиларига нисбатан жиноий жавобгарлик айблови қарши сурилган.

Ҳисоботда келтирилишича, Шимолий Корея диний эркинликлар бўйича вазият энг абгор давлатдир. иллардаШунингдек, Эрон, Саудия Арабистони ва Судан ҳам виждон эркинлиги тамойилини мунтазам равишда бузиб келаётган мамлакатлардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG