Линклар

logo-print

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректорати ўқишга қабул қилиш жараёнига коррупция аралашгани, жумладан пул берган абитуриентларнинг тест саволларини ечиб бериш учун институт биносида махсус хона - “бункер” ташкил қилингани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Ўзларини Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети (ЖИДУ) профессор ўқитувчилари, деб таништирган гуруҳ номидан Озодликка аноним хат келиб тушди.

Хатда Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетида ўқишга қабул қилиш жараёнида порахўрлик кучайгани, буни оқибатида қобилиятли абитуриентлар таҳсил олишдан маҳрум бўлиб қолаётгани ҳақида хавотир билдирилди.

Аноним хат муаллифларининг даъвосича, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига кириш имтиҳони пайтида “мижоз” абитуриентларнинг тест китобчалари билими кучли ўқитувчи ва талабалардан ташкил топган “бункер” деб аталувчи гуруҳлар воситасида ечиб берилади ва бу ишга университетнинг проректорлари аралашган.

“Сўнги 4 йил давомида қабул қилинаётган талабаларнинг илмий салоҳият даражаси тест синовида тўплаган балига умуман тўғри келмайди. Мазкур жиноят натижасида қобилиятли абитуриентлар таҳсил олишдан маҳрум бўлмоқдалар. Энг ачинарлиси, таълимнинг истиқболига ишончсиз нуқтаи назар билан ёндашмоқдалар. Савол юзага келади, адолатсизлик оқибатида ўқишга киролмаган абитурент ҳуқуқини ким ҳимоя қила олади?” дейилади мактубда.

Озодлик аноним хатда кўтарилган порахўрлик билан боғлиқ иддаолар юзасидан ЖИДУ ректоратига қўнғироқ қилди.

Озодлик суҳбатлашган университет ректори ёрдамчиларидан бири буни “иғво” деб атади.

“Бу айрим шахсий адовати бор ўқитувчиларнинг проректорларимизга қарши иғвоси бўлиши мумкин. Бизда ҳеч қанақа “бункер” тизими йўқ. Кириш имтиҳонларини Давлат тест маркази ўтказади. Бизнинг ўқитувчиларимиз ва проректорларимиз талабаларни қабул қилиш жараёнига аралашолмайди”, деди ЖИДУ ректорининг ёрдамчиларидан бири.

Ўзбекистонда талабаларни ўқишга пора эвазига қабул қилишда бункер тизими кенг қўлланилиши айтилади.

Яқинда Шарқшунослик институтида “бункер” ташкил қилган икки проректор қамалгани ҳақида Ҳуқуқ газетаси хабар қилган эди.

Хабарга кўра, университет проректорларидан бири пул берган абитуриентларнинг тест саволларини ечиб бериш учун институт биносида махсус хона - “бункер” ташкил қилган. Тест саволлари абитуриентларга тажрибали ўқитувчилар томонидан ечиб берилган.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Тоҳиржон Ҳусановга кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди айбдорларга тегишли жазо тайинлаган. Пора асосида тест синовини "бункер" орқали ечтиргани аниқланган абитуриентлар тақдири очиқланмаган.

Ўзбекистон Давлат тест маркази расмийлари эса қабул имтиҳонлари пайти “бункер” ташкил қилиш деярли имконсиз эканини айтишади.

- “Бункер” - буларнинг ҳаммаси гапку, имтиҳон пайти орган ходимлари бўлади, ичкарида СНБ ходимлари юради. Агар тутса бу жиноятку, - деди ДТМ раҳбарларидан бири.

Ўзбекистон олийгоҳларига кириш учун тест синовлари 1 август куни ўтказилади. Ярим миллиондан ортиқ абитуриент учун бу йил олий ўқув юртларида 57 минг 907 ўрин ажратилган. Шуларнинг 19 минг 120 нафари давлат грантида ва 38 минг 787 нафари тўлов-контракт бўйича қабул қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG