Линклар

logo-print

Қирғизистонда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо олти давлат қўшинларининг ҳарбий машқлари бошлади. “Тўқмоқ” полигонида “Мустаҳкам биродарлик-2014” шиори остида ўтказилаётган машқларда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ҳарбийлари қатнашмоқда.

Бишкек шаҳридан 60 километр узоқликда жойлашган полигонда машқлар бошланишидан олдин сўзлаган КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа машқлардан кўзланган мақсад КХШТ тинчликни сақловчи кучларининг терроризмга қарши туриш имкониятини текширишдан иборат эканини таъкидлади. Бордюжага кўра, машқларда 700 ҳарбий иштирок этади.

-КХШТ доирасида тинчликни сақлаш фаолиятини ривожлантириш зарурати пайдо бўлмоқда. Бу йўналишда биз Бирлашган миллатлар ташкилоти билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. БМТ КХШТ ҳарбий кучлари нафақат ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудларида, балки бошқа ҳудудларга ҳам боришга тайёр туришидан манфаатдор эканини билдирган. Бу ердаги машқлар тинчлик ўрнатишнинг асосий омиллари, инсонпарварлик юкларини қўриқлаш ва кузатиб бориш, муҳим объектларни ҳимоя қилиш, маҳбусларни қутқариш каби йўналишларда ўтказилмоқда, -деди Николай Бордюжа.

29 июлда бошланган ҳарбий машқлар 1 августда якунланади. Қирғизистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Асанбек Алимкўжўев КХШТ машғулотларининг Қирғизистонда ўтказилиши бежиз эмаслигини таъкидлади:

-Афғонистондан аксилтеррор коалицияси кучлари чиқарилгач халқаро террорчи гуруҳлар фаолияти жонланиши ҳеч кимга сир эмас. Биз мана шу вазиятга тайёр туришимиз керак. Бундай вазиятни КХШТ билан бирга бартараф этишга тайёр бўлишимиз зарур, -деди Асанбек Алимкўжўев.

Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларида сўнгги йилларда ўқотар қурол ишлатилган кўплаб низолар содир этилди. 2014 йил бошидан эса Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазият мураккаблаша бошлади. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти раҳбари Николай Бордюжа минтақа мамлакатларининг ўзаро чегаравий муаммоларига ташкилот аралашмаслигини, бироқ қўшни давлатларга чегара муаммолари юзасидан муросага келишларига кўмаклашишини билдирди:

-Бу каби мураккаб масалада фақат икки мамлакатгина муросага кела олади ва ўзаро манфаатли қарор қабул қилади. Чегара масаласида юқори даражага етган қарама-қаршилик йўқ. Бу масалани тинч йўл билан ҳал қилишга интилиш бор. Шунинг учун бу ишга КХШТ ёки бошқа учинчи томон аралашмаслиги лозим. Бироқ бу томонлар муросага келишга, тил топишишга кўмаклаша олади, -деди Бордюжа.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти 1992 йилда ташкил этилган. Мазкур ташкилотга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо давлат ҳисобланади. Ўзбекистон 2012 йилда бу ташкилотдан чиқиб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG