Линклар

logo-print

ЕИ Россия иқтисодини издан чиқариши мумкин санкцияларга қўл урди


ЕИ Россияни Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш сиëсти учун жазолашга қарор қилди.

ЕИ Россияни Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш сиëсти учун жазолашга қарор қилди.

Ойлардан бери ўз шарқий қўшниси Россия билан иқтисодий алоқаларни имкон қадар “нормал” ҳолда сақлаб қолишга уринган ЕИ ҳукуматлари¸ дипломатик қадамлар самарасиз қолганидан сўнг¸ Россия иқтисодининг тўрт муҳим тармоғини нишонга олувчи санкциялар қўллашга қарор қилди. Бу санкциялар¸ таҳлилчиларга кўра¸ Путиннинг жон-жойидан олиши мумкин.

ЕИ эҳтиëткорликдан ҳаракатга ўтди

ЕИ президенти Ҳерман Ван Ромпей 29 июль куни кечқурун эълон қилган расмий баëнотда айтилишича¸ бундай санкциялар давлатга қарашли Россия молиявий тизимларининг Европа капитал бозори билан алоқасини чеклаш¸ Россияга қурол-яроғ сотишни тақиқлаш ва ҳарбий соҳада ҳам ишлатилиши мумкин маҳсулотлар экспортини тўхтатишни назарда тутади.

ЕИ санкцияларига мувофиқ шунингдек¸ нефть соҳасида ишлатиладиган юқори технологияларни Россияга сотиш ҳам чекланди.

ЕИнинг янги санкцияларига бугун расман имзо чекилади ва 31 июль куни иттифоқ расмий нашрида эълон қилиниши билан кучга киради.

ЕИ жорий қилаëтган кенг кўламли санкциялар¸ президент Путинга яқин¸ унинг шахсий молиявий манфаатларини ҳимоялаб келган россиялик йирик олигархларни ҳам ўз ичига олади. Ҳозирча номлари расман эълон қилинмаган бу шахслар рўйхатида¸ асли наманганлик миллиардер Алишер Усмонов¸ шунингдек Чукотка собиқ губернатори¸ ҳозирда Лондонда ўринлашган Роман Абрамовичнинг ҳам борлиги тахмин этилмоқда.

Бундан аввал ЕИ Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши ортидан 87 нафар Россия ва Украина фуқароси¸ шунингдек 20 ширкатнинг иттифоқ ҳудудидаги капиталини музлатиш ва уларнинг бу ҳудудга киришини тақиқлаган эди.

ЕИ мутасаддилари санкциялар режимининг 12 ой амалда бўлишини айтмоқда. Иттифоқ президенти Ҳерман ван Ромпей¸ "Россиянинг Украинага нисбатан ҳатти-ҳаракати қабул қилиб бўлмас" эканини таъкидлай туриб¸ Москва ўз ëндашувини ўзгартирса¸ ЕИ бу қарорларини бекор қилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Обама: Бу Совуқ уруш эмас!

ЕИнинг Россия иқтисодининг асосий тармоқларига қарши қаратилган санкциялари билан кетма-кет АҚШ Молия вазирлиги ҳам Россияга нисбатан янги жазо чоралари қўллашини эълон қилди.

Бу санкцияларга мувофиқ бундан кейин Москва банки, ВТБ-Банк, Россельхозбанк ҳамда Санкт-Петербург кемасозлик заводига бундан буëн АҚШ томонидан узоқ муддатли қарзлар берилмайди.

ЕИ ва АҚШ янги санкциялари эълон қилиши ортидан баëнот берган АҚШ президенти¸ Россияга қарши жазо чораларини қўллаш эҳтиëжи Москва Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш¸ хусусан¸ шарқий Украинадаги айирмачиларни қуроллантиришни тўхтатмаганидан сўнг янада кучайганини таъкидлади.

17 июль куни шарқий Украина ҳаво ҳудудидан учиб ўтаëтган Малайзия йўловчи учқичининг айнан россияпараст айирмачилар томонидан Россия берган зенит-ракета комплекси томонидан уриб туширилганига оид далиллар кучайиб бормоқда. Айни пайтда Кремль Ғарб ҳукуматларининг Украинадаги вазиятни сиëсий музокаралар орқали ҳал этиш таклифини инобатга олмади¸ Украина билан чегарадаги ўз ҳарбий кучларини кучайтиришни давом эттирмоқда.

“Бундай санкциялар Ғарбнинг эмас¸ Россиянинг¸ хусусан¸ Путиннинг ўз танлови”¸ деди президент Обама жумладан.

“Бу санкциялар жаҳонда янги Совуқ уруш бошланганини англатадими?" деган саволга “Йўқ” деб жавоб берган Оқ уй раҳбари “ Бу Россиянинг Украина ўз йўлини ўзи белгилашга ҳақли эканини тан олишни истамагани ортидан туғилган алоҳида вазият”¸ дея таъкидлади.

Ғарб таҳлилчилари таъкидича¸ АҚШ ва ЕИ қўллаган янги босқич санкциялар Россия иқтисодий ривожининг асос устунлари – нефт ва газ сектори¸ молия ва мудофаа тизимларига зарба беришга қаратилган.

“Айнан шу соҳалар¸ Путиннинг Ахиллес товони¸ энг нозик жойидир”¸ деган фикрда Ғарб иқтисодчилари.

Россия бюджети¸ қолаверса¸ Москва корчалонлари бойлигининг асосини ташкил этувчи нефт ва газ соҳаси¸ Ғарб ширкатларидан олинадиган юқори технологияга асосланган асбоб-ускунларга муҳтож ва ЕИнинг бу технологияларни сотишни тўхтатиши нефт ва газ соҳасига жиддий зарба бериши ва иқтисоднинг бошқа соҳаларини ҳам издан чиқариши мумкин.

Россия иқтисоди ЕИ жазо чоралари кучга кирмай туриб ҳам катта йўқотишга учрамоқда. Куни-кеча Европа тараққиëт ва тикланиш банки Россиядаги лойиҳаларга мўлжалланган 23 миллиард евролик сармояни бермасликка қарор қилди.

Айни пайтда¸ Россиядан капитал чиқиши суръати кучайиб бормоқда ва бу кўрсаткич йил бошидан бери 100 миллирад долларни ташкил этган.

Россия Марказий банки қараб турмоқчи эмас

ЕИ ва АҚШ эълон қилган янги санкциялар ортидан Россия Марказий банки бу жазо чораларига нишон бўлган банклар ва молия тизимларини қўллаб-қувватлаши¸ уларнинг қулаши олдини олишини билдирди.

“Бу ташкилотларни қўллаш¸ улар мижозлари¸ дебитор ва кредиторлари маннфаатларини ҳимоя қилиш учун тегишли чоралар қўлланади" деган баëнот берди Россия Марказий банки чоршанба куни.

Ҳозирча "тегишли чоралар"нинг айнан қандай чоралар бўлиши эълон қилинмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG