Линклар

Ўта оғир вазндаги Аҳрор Муралимов WBA чемпиони бўлди


Ўзбек боксчиси Аҳрор Муралимов АҚШда ўта оғир вазндаги WBA/NABA йўналиши бўйича чемпион.

Ўзбек боксчиси Аҳрор Муралимов АҚШда ўта оғир вазндаги WBA/NABA йўналиши бўйича чемпион.

АҚШда фаолият юритаётган таниқли ўзбекистонлик профессионал боксчи Аҳрор Муралимов ўта оғир вазндаги WBA/NABA йўналиши бўйича АҚШ чемпиони Жейсон Бергманни иккинчи раунддаёқ нокаут қилиб, чемпион бўлди. Шу кунгача ўзбек паҳлавони халқаро турнирларда жами 15 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонди.

АҚШнинг Пенсилвания штатида ўтказилган профессионал бокс кечасида “Аха” тахаллуси остида рингга чиққан таниқли ўзбек боксчиси, 26 яшар Аҳрор Муралимов ўз рақиби - WBA йўналиши бўйича АҚШ чемпиони бўлган 30 яшар Жейсон Бергманни уриб йиқитди.

Бокс мутахассислари 27 июль куни ўтказилган ўйиннинг биринчи раундида Бергман қўли устун келганини таъкидлаган бўлсада, жангнинг иккинчи қисмида Аҳрор чиройли, чапдаст ҳаракатлар билан рақиби ишқибозларининг ҳам таҳсинларига сазовор бўлди.

Аввал нокдаун қилинган Жейсон Бергман Аҳрор Муралимовнинг қайта ҳужумига дош бера олмасдан нокаут бўлди.

Ўта оғир вазнли спортчилар орасида ўтган жангда Аҳрор ажойиб жисмоний тайёргарликни намойиш этиб, иккинчи раунддаёқ америкалик чемпионни нокаут қилди.

Бундан олдинроқ, Аҳрорнинг сафдоши Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) йўналиши бўйича 2013 йилги жаҳон чемпиони Баҳодир Мамажонов бу жангга қаттиқ тайёргарлик кетаётганини гапириб ўтган эди.

Вашингтонлик боксчи Жейсон Бергман ҳам ўта малакали боксчи бўлиб, нокаутчи боксчилардан саналиб келган. Муралимовга мағлуб бўлишидан олдин Бергман 35 маротаба рингга тушган, 23 маротаба ғалаба қозонган, ўн маротаба мағлуб бўлган. У ўз рақибларини 16 маротаба нокаутга жўнатган.

Шу тариқа АҚШ чемпионига айланган асли тўйтепалик Муралимов бунгача 15 маротаба рингга чиқиб, бирор маротаба “кураги ерга” тегмаган.

Бу жангларда ҳозирда Хьюстон шаҳрида бўлган яна бир ўзбек чемпиони – Баҳодир Мамажонов билан бир клубда Кен Ричардсон раҳбарлигида машқ қилаётган “Аха” ўз рақиблари устидан 13 маротаба муддатдан олдин ғалаба қозонган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG