Линклар

Прокуратурани текширувчи Адлия вазирлиги бошқармаси Бош прокуратуранинг ўзига ўтди


Ўзбекистон ҳукуматидаги Озодлик манбаларига кўра¸ бундан бир неча йил аввал президент ташаббуси билан Адлия вазирлигида прокуратура фаолиятини назорат қилиш учун махсус тузилган бошқарма¸ Бош прокуратуранинг ўзига қайтган. Айтилишича¸ Бош прокуратура таркибидаги Ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси эндиликда бошқармага айлантирилган.

Ўзбекистон президенти ўтган ҳафта қўл қўйган фармонга мувофиқ Адлия вазирлигидаги прокуратура устидан назорат олиб борувчи бошқарма тугатилди.

Айни фармонга кўра¸ прокуратура фаолиятини назорат қиладиган бошқарма Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ўзида ташкил қилинади.

Бу фармон матни билан танишишга уринган Озодлик мухбири Ўзбекистон расмий нашрларидан бу фармонни топишга муваффақ бўла олмади.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларидаги манбанинг айтишича, прокуратурадаги ўз-ўзини текширадиган бошқарма Адлия вазирлигидаги прокуратура устидан назорат қиладиган бошқарма самара бермаганлиги учун ташкил қилинган:

- Адлия вазирлигида уч йил олдин Ўзбекистон президенти ташабусига кўра тузилган бу бошқарма амалда бирор марта прокуратура устидан текширувни амалга оширмади. Эсингизда бўлса¸ Ўзбекистон президенти мажлисда Бош прокурорга қараб¸ “Сизларни текширадиган одам борми ўзи?” деб савол берган эди. Ана шундан кейин тезда Адлия вазирлигида бошқарма тузилди. Аммо бошқарма прокуратурани текширишга журъат қила олмади. Ўзбекистон Бош прокуратурасида олдиндан ўз ички назорат бўлими бор эди. Ҳар ҳолда самарали ишлар эди. Ҳозир ўша тизим базасида бошқарма тузиладиган бўлди¸ дейди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларидаги манбаси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги Озодлик манбаси прокуратура фаолияти устидан ички назорат баробарида ташқи назорат ҳам мавжудлигини айтади:

- Прокуратуранинг Минюст назоратидан чиққани тизимни мукаммалаштириш билан боғлиқ. Олдин Суд тизими прокуратурага қарар эди¸ бу бекор килинди. Прокуратура Минюст назоратида эди¸ бу ҳам бекор қилинди. Минюстни вазифаси судлов тизими йўналишини белгилаш экани боис шундай қарор қабул қилинди. Айни пайтда президентнинг хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси прокуратурани назорат қилади. Бундан ташқари МХХ да прокуратурани назорат қилиш бўлими бор. Прокуратурани ҳеч ким назорат қилмайди¸ деган гап жуда ҳам тўғри эмас. Айниқса¸ Ўзбекистонда ўта кучли назорат тизими бор¸ ҳар бир прокуратура вакили ҳам под калпак юради¸ дейди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги Озодлик манбаси.

Озодлик манбасининг иддаосига кўра¸ Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги янги бошқарма Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Шерзод Матиев раҳбарлигида шакллантирилмоқда.

Ўтган ой Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган 36 яшар Шерзод Матиев бу лавозимига қадар прокуратура тизимида ички хавфсизлик масалаларига мутасаддилик қилади.

Республика Бош прокуратурасида ўз-ўзини текширадиган бошқарма тузилгани ҳақида прокуратура расмий сайтида маълумот йўқ.

Озодликнинг бу хабар ортидан туғилган саволларига Бош прокуратура расмийлари жавоб беришни истамади.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилда қабул қилинган "Прокуратура тўғрисидаги" қонунига кўра¸ Бош прокурор президент ва Олий Мажлис олдида ҳисоб беради; прокуратура ходимларининг қонунга номувофиқ ҳатти-ҳаракатлари бўйича текширув ўтказиш эса Бош прокуратура ҳузуридаги прокуратура органлари ички хавфсизлигини таъминлаш инспекцияси зиммасига юклатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG