Линклар

logo-print

Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида қовуннинг эрта пишар навларига қурт тушишни бошлади. Айрим фермерларга кўра, яқин вақтгача водийда қовунга қурт тушгани кузатилмаган. Расмийлар буни зараркунандаларга қарши профилактика ишлари вақтида ўтказилмагани билан изоҳламоқда.

Қовун, маккажўхори ва бошқа экинлар етиштириш билан шуғулланиб келаётган қўқонлик фермер Ботир Қўчқоров Озодлик билан суҳбатда бу йил ўзи деҳқончилик қилаётган ҳудудда “Оби новвот” қовунининг эрта пишар навига қурт тушиб улгурганини айтди.

- “Оби новвот” деган баҳорда тез пишадиган қовун бор. Ўша қовунга дум томонидан қурт тушаяпти. Бугун бозордан “Босволди” олиб келдим яхши, нормальний. Фақат “Оби новвот”нинг эрта пишар навига қурт тушаяпти, дейди Ботир Қўчқоров.

Қўқонлик фермер водий деҳқонлари қовун пашшаси деган зараркунандага яқиндан бери рўпара келганларини таъкидлади.

- Ўтган йили биздан 10 километр нарида қовунларга қурт тушиб кетган эди. Кейин ҳаммасини дарёга оқизишган. Деҳқонлар бошқа жойдан келтирилган қовун уруғини экишган экан, дейишди. Қовунда қурт деган нарса ўтган йили миямизда пайдо бўлди, дейди қўқонлик фермер.

Ботир Қўчқоровга кўра, қовун гуллаган пайтида ва кейин икки марта ҳар 20 кунда дори сепилган палакларда қовунлар касалланмаган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги хузуридаги Республика Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агроакимё марказининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда қовун пашшасига қарши самарали кураш усуллари ишлаб чиқилганини айтди.

Лекин унинг иддаосича, қовун етиштираётган деҳқонлар зараркундаларга қарши вақтида дори сепмагани учун қовун қурти кўпаймоқда.

Унга кўра, қовун пашшасига қарши кураш бўйича батафсил маълумотлардан иборат брошюралар ҳар йили барча вилоятлардаги фермер хўжаликларига тарқатилади.

- Брошюра тайёрлаганмиз. Вилоят туманларидаги фермерларга тарқатганмиз. Қовун пашшаси бўйича лойиҳа қилинган. Асосан Қорақалпоғистон, Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кенг тарқалган. Водийда борлигини мен биринчи марта эшитяпман. Водийга ҳам ўтган бўлиши мумкин. Чунки одамлар қовун уруғини ўзлари олади, бир-бирига беради. Вақтида дори сепилмаган бўлиши мумкин, дейди марказ ходими.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмийси Зафар Ортиқов Озодлик билан суҳбатда қовун пашшаси Ўзбекистонда азалдан бўлмаганини ҳашорат бошқа юртлардан тахминан 15 йил олдин кириб келганини айтди.

Ортиқов ҳозир бу зараркунандага қарши Ўзбекистонда самарали препаратлар ишлаб чиқаилаётганини ва ҳосилга тахдид йўқлигини таъкидлади.

- Биринчи Қорақалпоғистон ва Хоразмда ривожланган бўлса, ҳозирги пайтда 90-95 фоизи “обработка” қилинди. У ерда зараркунанда ўз кучини кўрсата олмаяпти. Унга қарши самарали кураш чоралари топилган. Ҳеч қанақа зарар етказаётган жойи йўқ. Бундан хабари бўлмаган деҳқонларда ва хусусий томорқаларда қовун пашшаси зарар етказаётган бўлиши мумкин, дейди Зафар Ортиқов.

Ўзбекистон Республикаси Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий текшириш институти раҳбари Аҳрор Саъдуллаев Озодлик билан суҳбатда қовун пашшасига қарши фақат кимёвий воситалар қўлланилаётгани, ҳозирча биологик кураш усули йўқлигини айтди.

- Қовун пашшаси кичкина, майда, жигар ранг бўлади. Унга қарши дори сепилади. Биологик кураш йўли йўқ, - дейди Аҳрор Саъдуллаев.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир Ўзбекистонда 45 тадан ортиқ навдаги қовун етиштирилади.

Ўтган йил Республикада 1 миллион 320 минг тонна полиз маҳсулотлари етиштирилган. Ўтган йили ҳам республиканинг турли вилоятларида қовунга қурт тушгани ҳақида хабарлар берилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG