Линклар

Россиянинг Узоқ Шарқи маркази бўлган Хабаровск шаҳрида пичоқланган 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди. Яқинлари бу муҳожир ўлимида маҳаллий шифохона врачларининг ҳам айби борлигини гапирмоқда.

Хабаровскда Дилшодни ўлдирганликда қўшнилари айбланмоқда

26 июлга ўтар кечаси Россиянинг Узоқ Шарқ ва Хабаровск ўлкаси пойтахтида самарқандлик муҳожирлар жанжали оқибатида 27 ёшли Дилшод исмли йигит нобуд бўлди.

Бу ҳақида Озодликка сўзлаб берган ва исмини ошкор қилмасликни сўраган муҳожирлардан бири марҳумни яхши таниганини айтади.

- Тўрт кун олдин бўлди. У боланинг исми Дилшод. Олдин бошқа шаҳарда бўлган, кейин уни қайнилари чақиргач келган, улар билан бир квартирада турган. Қўшни хонани самарқандлик эр-хотин ижарага олиб турган. Кечаси соат учларда эри келиб қўшнилар билан жанжал қилган. Бу бола уйқудан уйғониб кетган ва чиқиб “Нимага жанжал қиляпсизлар, тонг отиб қолди”, деб ташқарига чиққан пайтида, эр рашк қилибми, пичоқ олиб чиқиб бўйнига тортворган, дейди хабарни етказган ўзбек муҳожири.

Унинг айтишича, оғир жароҳат билан шифохонага олиб борилган Дилшоднинг ярасини навбатчи шифокор тиккан.

- Ўша куни болницага қайниси олиб борган. Дўхтирнинг ҳам кайфи зўрмикан, билмадим, яранинг устидан тиккану ичини тикмаган ва уйига қайтарворган. Уйига келганидан кейин у боланинг иситмаси кўтарилган ва мазаси бўлмаган. Скорий чақиртирилган, у ерга мелиса билан келиб улар бояги болани яна болницага олиб борган. Уже бўлмаган – жон берворган. Мана энди моргда ётибди. Бизлар бу ерда пул йиғяпмиз: кимдир Владивостокдан, кимдир Камчаткадан ташлаяпти. Адашмасам, эртага моргда у йигит билан хайрлашилади, деди ўлдирилган йигитнинг яқин танишларидан бўлган муҳожир.

Маълум бўлишича, Дилшоднинг жасадини жума ёки шанба кунги самолёт рейсларидан бири билан Самарқандга жўнатишга тайёрланмоқда. Полиция йигитнинг қотиллигида айбланаётган самарқандлик эр-хотинни ҳибсга олгани айтилди.

Хабаровск шаҳар полицияси бу ҳодиса юзасидан ҳозирча бирор изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Подмосковьеда Дилшод қотилликда айбланмоқда

Айни пайтда, Москва вилоятида Дилшод исмли бошқа ўзбекистонлик қидирувга берилди.

Москва вилоятининг Волоколамское туманидаги дала ҳовлиларидан бирига нафақахўр эр-хотин танишларини кўргани келган шахс уларни бўғизлаб кетилган ҳолда топди.

Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимлари 57 ёшли Виталий Вязовецкий ва 58 ёшли Елена Воробьёвалар 10 кун олдин ўлдирилгани, Москвадаги бугунги иссиқда жасадлар сасий бошлаганини аниқлаган. Ўлдирилган Виталий верандада, унинг рафиқаси Елена ички хонада ошхона пичоғи билан бўйнидан сўйиб кетилгани маълум бўлди.

Полиция ўлишидан олдин уй эгалари ҳовлисида базм бўлгани, хонада катта миқдорда ичилган спиртли ичимлик идишлари топилганини таъкидламоқда.

Озодлик олган маълумотга кўра, Москва вилоят полицияси бу қотилликни содир этганликда гумон қилиб ўзбекистонлик Дилшод Ҳайитовни қидирувга берган. Москва вилояти Тергов қўмитаси тарқатган дастлабки хабардан Дилшод Ҳайитов ўлдирилган эр-хотинга дала ҳовлидаги ишларида кўмаклашиб келган.

Ҳодисадан бир кун олдин меҳнат муҳожири улардан иш ҳақини талаб қилган. Юзага келган жанжал пайтида 25 ёшли ўзбек иш берувчиларни бўғизлаб қўйган ва уларга тегишли бўлган “Киа Рио” автомашинасида ҳодиса жойидан қочган.

Дилшод Ҳайитовни аллқачон жиноятчига чиқарган "Московский комсомолец" нашри Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноятни содир этганликда гумонланаётган ўзбекистонлик Дилшодни қўлга тушириш учун махсус операция ишлаб чиққани ва нафақахўрларга тегишли машина “Дон” йўналиши бўйича кетаётгани аниқланганини хабар қилди.

Москва вилояти Тергов қўмитаси Волоколамское туманидаги икки қотиллик юзасидан РФ Жиноят Кодексининг 105 моддаси 2 қисми (икки кишининг ўлдирилиши) асосида жиноий иш очди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG