Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Максим Шевченко: Ўзбекистоннинг "Ҳизбут Таҳрир"дан қўрқуви асоссиз!


Россиялик таниқли публицист Максим Шевченко Озодликка берган интервьюсида “Ҳизбут Таҳрир" диний ташкилотини Ўзбекистон каби давлатлар учун хавфли эмас, деб ҳисоблашини айтди. Унинг фикрича, сиёсий режимларнинг бу гуруҳ вакиллари ортидан таъқиби диндорлар ҳуқуқларининг ўта қўпол тарзда бузилишидан бошқа нарса эмас.

Россиялик таниқли публицист, собиқ совет ҳудудида юзага келган диний оқимлар ва йўналишлар бўйича эксперт Максим Шевченко Озодлик саволларига жавоб берар экан, “Ҳизбут Таҳрир”ни террорчилик ва экстремизмга мутлақо алоқаси йўқ ташкилот, деб билишини айтди.

Унинг фикрича, Ислом Каримов ҳукумати “Ҳизбут Таҳрир”ни мухолиф кучларни бирлаштирувчи эҳтимолий қудрат ўлароқ кўради ва шунинг учун уни тақиқлайди.

- Албатта, “Ҳизбут Таҳрир” Ўзбекистонда обрў-эътиборга эга бўлган ва мавжуд режимга хавф туғдириб турган эди. Улар диний кўз қарашдаги мухолиф кучларни қайсидир нуқтада бирлаштиришга эришди. Ғалати туюлса ҳам, нодемократик ҳукуматлар учун аҳолининг тинч йўллар билан жипслашувидан кўра террорчиликнинг мавжудлиги қулайдир. Чунки, мусулмонлар битта ғоя атрофида жипслашишдек қудратга эга. Улар муайян ички тартиб ва молиявий тузилмаларни, мулкни бошқаришнинг ўзига хос шаклларини вужудга келтириши мумкин, ўзаро ёрдам бериш тизимини йўлга қўя олади. Яъни, юзага келажак исломий социумнинг мавжуд сиёсий тузум ва ҳукуматга тобелиги йўқолади, дейди авторитар тузумлар учун диний жамоалар хавфини тушунтиришга уринган Максим Шевченко.

Аммо, шу ўринда “Нима учун коммунистлар “коммунизм” қуришга интилиши мумкин, мусулмонлар эса келажакда “ҳалифалик қуриш” ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак?”, дея савол ташлаган публицист бу борада қўйидаги мулоҳазаларини илгари сурди:

- “Ҳизбут Таҳрир” гуруҳи ҳалифалик, исломий қадриятлар, исломий жамият сиёсий пропагандаси билан шуғулланиб келаётган ташкилот, холос. Улар сиёсий мақсадларига эришишда террор ва зўравонликни мутлақо инкор этишларини биламан. Бу ташкилот Ғарбий Европа, Англия, Франция, АҚШда тақиқланмаган ташкилотдир. Россияда бу ташкилотнинг тақиқ остига олинганининг икки сабаби мавжуд: биринчиси, гўё уларнинг интилишлари мавжуд сиёсий тузум мақсадларига мувофиқ эмас, ваҳоланки Россия аҳолисини сегрегация қилишни сўраётган Жириновский – Россия вице-спикери лавозимида, ҳалифалик қуриш умиди билан яшаётган оддий мусулмонлар эса жиноятчига чиқарилмоқда. Шахсан мен “Ҳизбут Таҳрир”нинг аллақандай террорчиликка алоқаси борлиги тўғрисидаги айбловларнинг бирортасига ишонмайман, дейди мухолифатчи журналист.

Максим Шевченко замонавий Россияда исломий жамиятларнинг радикаллашуви олдини олишнинг ягона йўли - уларни фуқаровий, дунёвий жамият билан жипслаштиришдир, деб ҳисоблайди. Унинг назарида Владимир Путин ҳукумати ва махфий хизматлар ислом уламолари, оддий мусулмонларни “террорчилик” ва “экстремизмда” айблаб, ёмонотлиқ қилиш йўли билан, аксинча яккаламоқда ва радикаллик томон итармоқда.

Журналист “Ҳизбут Таҳрир” каби ташкилотлар христианлик дини вакиллари томонидан ҳам тузилгани, аммо улар ортидан таъқиб деярли йўқ, деб билишини ҳам айтиб ўтди.

У бугунги Россияда ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида ҳам мусулмонлар энг ҳуқуқсиз қатламга айлангани, улардан ҳар қайсинини “террорчилик” ёки “давлат тўнтаришига уринишда” айблаш махфий хизматлар учун қийин иш эмас эканини гапиради.

- Мен “Ҳизбут Таҳрир”нинг тарафдори эмасман. Мен улар мафкурасида кўплаб хаёлий ғоялар мавжуд, деб ҳисоблайман. Бу ғоялар одамларни дунёвий жамиятлардан ажратиб олишига ҳам ишонаман. Улар шунчаки ёпиқ жамият сифатида махсус хизматлар нишонига осонгина айланиб қолаяпти. Аммо, улар радикал ёки экстремист эмаслиги ҳам аниқ. Менимча, мусулмон мазҳаблари ўзаро низоларга барҳам бериши ва ягона сиёсий қоидаларни ишлаб чиқиши шарт, диний гуруҳлар ўртасидаги зиддиятлар эса охиратда бартараф этилади, дея фикр билдирди Максим Шевченко.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:56 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG