Линклар

Тошкентда Украинага қарши тарғибот фильми намойиш қилинди


Кремлпараст журналист Андрей Караулов

Кремлпараст журналист Андрей Караулов

Россия элчихонаси паноҳи остида Тошкентда ўтказилган тадбирда Украинага қарши тарғибот фильми намойиш қилинди. Кремлпараст журналист Андрей Караулов суратга олган “Оддий фашизм” фильмида Украина ҳудудий яҳлитлигини ҳимоя қилаëтган кучларга “фашист” тамғаси илинган.

30 июль куни Тошкентдаги Россия Фан ва маданият марказида ўтган бу тадбир МДҲ бўйича Россия федерал агентлиги (Россотрудничество) тарафидан ташкил қилинди.

Тадбирда қатнашган тошкентлик фоторассом Азиз Эрназаровнинг айтишича¸ фильм намойишида сўзга чиққан Россия фан ва маданият маркази вакиласи Линда Кайер, бу фильм Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таҳсинига сазовор бўлганини айтган.

Эрназаровнинг айтишича, бу тадбирда юздан зиëд ўзбекистонлик иштирок этган.

Россия фан ва маданият марказининг расмий нашрида ëзилишича, тадбирга Ўзбекистондаги ОАВ ходимлари¸ ижодий интеллигенция ва ëшлар вакиллари таклиф қилинган.

Шунингдек, тадбирда Тошкентда рўйхатдан ўтган миллий марказлар вакиллари ҳам иштирок этгани билдирилди.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот вакили Дмитрий Петров бу фильм кенг жамаотчилик танишиб чиқиши учун элчихона расмий нашрига юклаб қўйилганлигини айни нашр орқали билдирди.

Тадбирда қатнашган Эрназаровга кўра, кремлпараст журналист Андрей Караулов суратга олган “Оддий фашизм” фильми илк кадрдан бошлаб финалгача бир томонлама айблов ва украин ватанпарварларини камситишга қаратилган:

-Фильмнинг илк тасвирида украина байроғи рангларига бўялган немис свастикаси кўринади,- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, бу ҳолат тўғридан- тўғри чет давлат байроғини камситиш деб малакаланади.

- Икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар тўғрисидаги келишувга кўра, Россия элчихонасининг учинчи бир давлатни тимсолларини камситувчи провакацион фильмни намойиш қилишга ҳаққи йўқ эди. Одатда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу юзадан норозилик баëноти билдириши лозим эди,- дейди собиқ дипломат.

Россия фан ва маданият маркази тадбирларида мунтазам иштирок этиб келаëтган тошкентлик 35 яшар рус тили ўқитувчиси Бекзод Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда масалага жиддий тус бермаслик кераклигини таъкидлади:

- Хабарингиз борки, ҳар бир давлатнинг бошқа давлатдаги элчихонаси ўша давлатнинг худуди сифатида тан олинади. Шу сабабдан Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонаси биноси ичкарисида ўтказилган фильм намойиши украиналикларни ёки Украина давлатини Ўзбекистон халқига оммавий равишда ёки кенг жамоатчилик эътиборига фашист қилиб кўрсатишга қаратилган гиж-гижлаш пропагандаси деб қабул қилиниши ноўрин¸ - дейди суҳбатдош.

Айни пайтда Украинага қарши тарғибот фильми Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси биноси ичида эмас, балки Тошкентдаги Россия Фан ва маданият маркази биносида намойиш қилинган.

Озодликка маълум бўлишича, бу бино ижарага олинган бўлиб, дипломатик дахлсиз ҳудуд ҳисобланмайди.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев бу ҳолатни дипломатик одобнинг қўпол бузилиши, деб изоҳлади:

- Бу ҳолатда Украинага қарши провакацион тарғибот фильми Ўзбекистон ҳудудида намойиш қилинган деб ҳисобланади. Бу эса мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган одобсизлик деб малакаланади¸- деб таъкидлади собиқ дипломат.

Айни пайтда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудида Украинага қарши тарғибот фильми намойиш қилингани юзасидан бирор муносабат билдирмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодлик мухбирининг бу борадаги саволига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Айни пайтда Озодлик мухбири Украина ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Украина ташқи ишлар вазирилиги матбуот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда журналист Андрей Караулов суратга олган “Оддий фашизм” фильми Украинада тақиқланганини айтиш билан бирга бу фильмнинг “танқиддан тубан тарғибот” бўлгани учун изоҳлашга ҳам арзимаслигини таъкидлади.

Суҳбатдошга кўра, Украинанинг Тошкентдаги маданият маркази Россия ëки бошқа мамлакатларни танқид қилувчи сиëсий фильмларни намойиш қилмайди ва бу борада Украина дипломатларининг ўзбекистонликларнинг шуурига таъсир этиш нияти йўқ.

Россия фан ва маданият маркази тадбирига асли Қримдан бўлган иқтисодчи Виктор Ивонин ҳам таклиф қилинган.

Виктор Ивонин Озодлик билан суҳбатда Россия фан ва маданият маркази тадбирлари оддий ўзбеклар миясига ишлов берадиган тарғибот маъракаси эмас, деб ҳисоблайди:

- Улар ҳақиқатни айтишмоқда. Украинада ҳақиқатдан ҳам фашизм ҳукм сурмоқда. Буни ўзбеклар рус пропагандаси бор йўқлигидан қатъий назар билишади. Масалан, кеча Бешëғочдаги дўконда сотувчи ўзбек опа Украина президенти Порошенко заводларида ишлаб чиқарилган шоколодни таъриф қилиб, бу шоколод ичида болаларнинг қони бор, деб айтди. Ўзим эшитдим. Ўзбеклар кимни ким эканлигини билади. Бунинг учун Карауловнинг фильмини кўриш шарт эмас,- дейди Виктор Ивонин.

Айни пайтда Ивонин Украин миллатчилиги ғояларининг зарарли эканини ўзбеклар ҳам тушуниб етиши учун ва Россиянинг тинчликпарвар сиëсатининг қадрига етиш учун ҳам бундай анжуманлар зарур¸ деган фикрни ëқлашга уринди.

Тадбирда иштирок этиб, фильмни томоша қилган Азиз Эрназаров эса, бу анжуманда айбсизлик презумпциясига зид тарзда Украина ватанпарварлари жиноятчига чиқарилганини Россия матбуотидаги аксилукраина тарғиботининг давоми сифатида таърифлайди.

Ўзбекистондаги ярим расмий матбуотда ҳам Тошкентда Украинага қарши тарғибот фильми намойиш қилингани танқид қилинди.

Anhor.uz нашри айни тадбирнинг машрулигини савол остига қўйиб публицист Жавлон Ҳасановнинг танқидий фикрларини эълон қилди.

"Украинада юз бераётган воқеалар ҳақида бир нечта тахминлар мавжуд, уларнинг кўпчилиги бир-бирига жуда зид. Ўзбекистон бу борадаги ўзининг расмий позициясини шу йилнинг март ойида ифодалаган эди. Унда ҳукумат фожиавий воқеалардан ўз хавотирини ҳамда мамлакат яхлитлиги ва мустақиллиги тарафдори эканини билдиради.

Ҳужжатли фильмнинг бундай ном ва изоҳ билан намойиш этилиши эса ўз фикрини ягона ҳақиқат деб кўрсатиш томонга қўйилган жиддий қадамдир. Ваҳоланки, на Тошкентдаги Украина элчихонаси, на Украина маданий маркази Ўзбекистон фуқароларининг ўзи танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда ҳеч қандай сиёсий фильмларни намойиш этаётгани йўқ", дейди Ҳасанов.

Публицит сўзининг давомида "Ўзбекистонда хориж фильмини намойиш этиш учун “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузуридаги бадиий кенгашнинг эксперт-баҳолаш комиссияси қарори олиниши керак эди. Ушбу фильм комиссиянинг тасдиғидан ўтгани номаълум" дейди.

Россия фан ва маданият маркази тадбирларида мунтазам иштирок этиб келаëтган тошкентлик 35 яшар рус тили ўқитувчиси Бекзод Ҳамроевнинг айтишича, бу фильм ўзбеклар фикрини украинларга қарши ўзгартира олиш қудратига эга эмас:

- Қандайдир номаълум бир россиялик кинорежисёрнинг муаллифлик фильми Ўзбекистон республикасининг Украина муаммоси ҳақидаги расмий баёнотини ва 31 миллионлик Ўзбекистон халқининг Украина давлатига ва Украин халқига бўлган мунособатини ўзгартира олмайди¸- дейди Бекзод Ҳамроев.

Тошкентдаги Россия Фан ва маданият марказида кейинги пайтда Россиянинг ишғолчилик ҳаракатларини ҳаспўшлашга қаратилган тадбирларни тиғизлаштиргани кузатилади.

Шу йил баҳорида Кремлнинг Қримни аннексия қилиши ортидан Россия элчихонаси паноҳи остида Тошкентда ўтказилган тадбирда Туркистон ишғоли пайтида Тошкентда яшаган буюк князь Николай Константинович Романовнинг минтақа тарихидаги "буюк хизматлари" эслатиб қўйилган ва Украин ватанпарвари Бендера танқид қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG