Линклар

Одам ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланган эбола вируси Африканинг ғарбий қисмида жойлашган давлатларда тарқалмоқда. Вирусологлар эбола вируси дунё бўйлаб тез фурсатда тарқалиши эҳтимолдан йироқ демоқда.

Эбола вируси жорий йил февраль ойида Ғарбий Африка давлатларида тарқала бошлаганидан бери шу кунгача 729 киши нобуд бўлди.

25 июль куни эбола вируси юққан шахс Либериядан Того орқали Нигерияга учиб келганидан кейин ўлган. Шундан кейин касаллик қитъа бўйлаб тарқалиши мумкинлиги борасида жиддий хавотирлар билдирила бошланди.

Эпидемиологлар эбола касаллиги 2009 йилда чўчқа гриппи дунё бўйлаб тарқалгани каби тез суръатда тарқалмайди, деган фикрда.

Англиядаги Ливерпул илмий текшириш институтининг Тропик касалликлар бўлими катта илмий ходими Ник Бийчинг эбола вируси тез фурсатда тарқалмаслиги сабабини шундай изоҳлади:

- Эбола ва эбола каби юқумли касалликлар бевосита алоқа орқали, хусусан, тана суюқлиги орқали одамдан-одамга юқади. Айни пайтда чўчқа гриппи, SARS, яъни, "ўткир респиратор синдроми" ҳаво орқали юқади, -дейди англиялик олим.

Англиядаги Рийдинг университети вирусологи Бен Ньюман эбола вирусини тана суюқлиги орқали юқадиган Орттирилган иммун тақчиллиги вируси (ОИТВ)га таққослаш тўғрироқ бўлишини айтади:

- Ҳозир дунё бўйлаб милллионлаб одамга ОИТВ юқяпти. Эбола тарихида бу касаллик беш мингдан кам одамга юққани маълум. Эбола ҳаёт учун жуда хавфли касаллик. У кенг тарқалмаган ва фақат Африканинг Саҳрои кабир минтақасидан қуйида жойлашган мамлакатларда учрайди, - дейди англиялик олим Бен Ньюман.

Унга кўра, инкубация даври 2 кундан 21 кунгача бўлган эбола вируси юққан одамларнинг тахминан 60 фоизи нобуд бўлгани сабабли жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Эпидемологлар тахминича, эбола вируси Африканинг тропик минтақасидаги турли ҳайвонлардан, хусусан, мева кўршапалакларидан одамларга юққан.

Мутахассислар фикрича, эбола вируси одамларга мазкур касалликдан ўлган ҳайвонлар билан контактда бўлган ёки ўша касалликдан ўлган ҳайвоннинг гўштини истеъмол қилиш орқали одамларга юққан.

Эбола вируси биринчи марта 1976 йилда Заир давлати (ҳозирги Конго Демократик Республикаси)нинг тиббий хизмат деярли бўлмаган қишлоқларда тарқалган.

Эбола вируси пайдо бўлганидан бери Конго, Уганда ва Суданда қайд этилган, аммо шу пайтгача Африканинг ғарбий минтақасида учрамаган.

2000 йилда эбола вируси Угандада тарқалган пайтда 435 одам ўлган.

Ҳозирда эбола биринчи марта шаҳар аҳолиси орасида тарқалмоқда.

Сиерра-Леонда эболага чалинган боланинг қўли.

Сиерра-Леонда эболага чалинган боланинг қўли.

Ҳозирча Эбола касаллигига қарши вакцина ёки уни даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган.

Маълумотларга кўра, эбола вируси юққан одамда қаттиқ шамоллаш каби тана ҳарорати кўтарилиши, томоқ оғриғи, бош оғриғи каби аломатлар кузатилади. Касаллик кучайган сари ҳаста одамда қусиш, ич кетиши, жигар ишламаслиги ва баъзи ҳолларда ички ва ташқи қон кетиши бошланади.

Шифокорларга кўра, эболага чалинган одамнинг танаси сувсизланади. Беморга кўп суюқлик ичириш унинг соғайиб кетиши эҳтимолини оширади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG