Линклар

Украинанинг Славянск шаҳрида апрель ойида айирмачилар тарафидан қўлга олиниб, 70 кун давомида гаровда ушлаб турилган киевлик театр режиссёри Павел Юров ва рассом Денис Грищук гаровда кўрган-кечирганларини Озодликка гапириб берди.

Киевлик театр режиссёри Павел Юров ва рассом Денис Грищук апрель ойида Украинадаги сепаратчилар тарафидан гаровга олинганди.

25 апрель куни икковлон Донецкдан Киевга келишда айирмачилар ишғол этган Славянскда нималар бўлаётганини кўриш учун у ерда тўхташган пайт уларни айирмачиларга қўмондонлик қилаётган Игорь Стрелковнинг одамлари қўлга олишади.

Денис Гришукнинг айтишича, ҳаммаси Славянскдаги кафега ташрифдан бошланган.

– Овқатлангани кафега кирдик. У ерда журналистлар ва маҳаллий одамлар бор эди. Планшетда янгиликларни ўқиётганимизда бир аёл нима янгилик, деб сўради. Бизни жавобимиз эса уларга Украина яхлитлиги тарафдори эканимизни билдириб қўйди афтидан, улар бизга қараб "бендеровчилар", деб бақира кетишди. Кафедан чиқиб, 300 метр юрганимиздан сўнг қуролли одамлар бизни қўлга олишди ва улар ишғол этган СБУ биносига олиб кетишди, - дейди Денис Гришук.

Юровнинг айтишича, айирмачилар уларни ишғол этилган милиция ертўласига олиб келиб қийнашади:

- Ҳибсга олинганимиздан тўрт кун ўтиб яқинларимизга хат чиқармоқчи бўлдик. Биз билан бирга бўлган бир одамни чиқаришмоқчи эди. У орқали қариндошларимизга қаердалигимизни билдирмоқчи эдик. Қўриқчилар буни билиб қолишиб, бизни 12 соат давомида калтаклашди, - дейди Павел Юров.

Кейин улар Славянскдаги айирмачилар назоратида бўлган ички ишлар бўлими ертўласига олиб ўтилади.

- У ердаги контингент, асосан, жиноятчи унсурлар, собиқ ҳарбийлардан иборат эди. Улар наркотик моддаларни ҳам истеъмол қилишар эди, -дейди Павел Юров.

Етмиш кун давомида Юров ва Гришукнинг қариндошлари уларнинг қаердалигини билишмади.

Украиналик режиссёр Юров ва рассом Гришук айирмачилар гаровида қолишар экан, бир қатор украиналик ва россиялик театр арбоблари улар ҳимоясига чиқишади.

Лекин айирмачилар уларни қўйиб юбормади.

Ўтган ой бошида Украина ҳукумат кучлари тарафидан Славянск шаҳри озод этилгач, Юров ва Гришук гаровдан озод этилди.

Ҳозир улар Киевда соғлигини тиклаш учун руҳий реабилитация курсини ўтамоқда. Павел Юровни жаррохлик операцияси кутмоқда. Уни хибсда бурнини синдиришган.

Таъкидлаш жоиз Павел Юров бир қатор мукофотлар олган лугансклик режиссёрдир. У Москвадаги Чехов номидаги театр фестивалида кўп бор қатнашган. Денис Гришук донецклик рассом. У Киевда яшаб, ижод қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG