Линклар

Отасини ўлдирган бухоролик йигит 10 йилдан кейин қўлга олинди. Фарғонада коллеж директори катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилди. Равшан Эрматов финал ўйини юзасидан илк бор изоҳ берди. Ўзбекистон Украина ҳудудидан учадиган авиайўналишларга тузатиш киритди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистон Украина ҳудудидан учадиган самолёт йўналишларига тузатиш киритди”

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Украина ҳудудидан учиб ўтадиган парвоз йўналишларига тузатиш киритди (“Оила даврасида”, 31 июл).

Эндиликда Ўзбекистондан Европага борадиган ва қайтадиган барча самолётлар Украина само ҳудудига кирмасдан учади. Бу Лондон, Франкфурт, Париж, Рим ва Миланга қатнайдиган йўналишларга тааллуқли.

Тошкент – Киев – Тошкент йўналиши эса Россия ва Беларус томонидан “Бориспол” аэропортига кириш орқали бажарилади.

Қайд этилишича, ушбу ўзгаришдан сўнг парвоз вақти ўртача 10-15 дақиқага узаяди.

“Отасини ўлдирган жиноятчи 10 йилдан кейин қўлга олинди”

Отасини ўлдирган шофирконлик Суннат Халилов 10 йилдан кейин қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 31 июл). 1981 йилда туғилган Халилов отасини ўлдириб, томорқага кўмиб қочиб кетган.

Унга бу ишда онаси кўмак берган. Орадан бир йил ўтиб, жиноят очилган ва онасига нисбатан жазо тайинланган. Халилов эса сохта ҳужжат орқали исмини Азамат Намозов дея ўзгартириб жазодан қочиб юрган.

Бу орадан у сохта исм-шариф билан ўғрилик учун икки марта қамалиб чиққан. Учинчи марта машина ўғрилиги билан қўлга тушган Халиловнинг 10 йил аввалги қотиллик жинояти ҳам очилиб кетган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди ўғрилик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва қотилликда айбланган Суннат Халиловни 18 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этган.

“Микрокредит олиш муддати 10 кундан 3 кунга қисқаради”

Ўзбекистондаги банклардан микрокредит олишга доир аризани кўриб чиқиш муддати 10 иш кунидан 3 иш кунига қисқартирилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 31 июл).

Қайд этилишича, бу ҳақдаги қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилган. Аҳолига микромолиявий ресурсларни қисқа муддатда етказиш орқали янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

“Бугунда кунда юксак ривожланган банк-молия тизимига эга бўлган ва аҳолисини микрокредитларга муҳтож эмас, деб ўз иқтисодий сиёсатини юритиб келган Европа Иттифоқи давлатлари жаҳон молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирини чеклаш мақсадида энди ўз аҳолисига микрокредитлар бериш тизимини кенг жорий қилмоқда” деб ёзади Ўзбекистон халқ демократик партияси раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева.

“Миробод туманида пенсияни вақтида олиш фантастик воқеа саналади”

Тошкент шаҳри Миробод тумани 15-алоқа бўлимида пенсиянинг кечикиши одатий ҳолга айланган (“Новый век”, 31 июл).

Бу ҳақда маълум қилган нафақахўр Людмила Попова пенсияни ўз вақтида олиш “фантастик воқеа” эканини таъкидлаган.

Пенсия олиш энг камида 15-20 кунга кечикмоқда. Бунга эса банкларнинг ўз вақтида пул бермаётгани сабаб сифатида кўрсатилган.

“Пенсионерларга нисбатан молиявий сиёсатини ўзгартиришни хоҳламаётган банклар гўёки сувдан қуруқ чиқмоқда. Марказий банк раҳбариятидан бу бебошлик қачонгача давом этишини сўрамоқчи эдим. Хайр-садақага кўз тиккандек кутмасдан пенсиямизни қачон ўз вақтида оламиз?” дея мутасаддиларни саволга тутади фуқаро Л.Попова.

“Фарғонада коллеж директори катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилди”

Фарғона вилояти Бувайда тумани компютер технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежи директори Адҳамжон Умаров катта миқдорда маблағни талон-тарож қилишда айбланди.

Туман прокурори Фарҳод Абдувалиевнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, ҳужжатларни сохталаштириш орқали 30 миллион сўмга яқин маблағ ўмарилган. Хусусан, ўтилмаган дарслар учун Атақўзиев ва бош ҳисобчи Асрор Дарвишев ёрдам берган. Суд етказилган зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб коллеж раҳбариятига ахлоқ тузатиш жазоси тайинлаган.

“Равшан Эрматов финал ўйинини бошқармагани юзасидан илк бор изоҳ берди”

Таниқли ҳакам Равшан Эрматов Бразилияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати финалини бошқаришга тайинланмагани юзасидан матбуотга илк бор изоҳ берди (“Даракчи”, 31 июл).

“ФИФА ҳеч қачон бундай изоҳ бермайди. Аммо алоҳида масъул шахслар, мутасаддилар ва ҳакамлар кўнглимни кўтаришга уринганлари рост. Тўғри, финалда ишлашни ҳамма истайди, биз ҳам шунга яраша умид қилган эдик...

Боз устига, ҳакамлар қароргоҳида ҳамкасбларимиз ҳам: “Финалга сизлар муносибсизлар” деявериб, бизни анча умидлантириб қўйган экан. Аммо финалга тайинланмаганимиздан қаттиқ хафа бўлмадик. Насиб қилса, ҳали финалда ишлайдиган вақт ҳам келади” деган 36 ёшли ҳакам Эрматов.

Бразилияда ўтган биринчиликда 4 ўйинни бошқарган Эрматов жаҳон чемпионатларидаги ўйинларини 9 тага етказиб бу борада дунё рекордини ўрнатди.

Бразилиядан қайтгач, у Ўзбекистон Республикасининг “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Малибу” автомобили билан тақдирланди.

“Ўзбекистон фуқароси чет элда никоҳдан ўтиши мумкинми?”

Тошкентлик Шокир Иноятовнинг Европа давлатларидан бирида ўқиётган қизи курсдошига турмушга чиқмоқда. Шу муносабат билан у “Адолат кўзгуси” газетасига “Қизим Ўзбекистонга қайтиб никоҳдан ўтиши керакми ёки чет мамлакатда ҳам никоҳ тузиш мумкинми?” дея савол берган.

Мазкур масалага ойдинлик киритган ҳуқуқшунос А.Абдукаримовга кўра, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ чет мамлакатда ўша давлат қонунчилигига амал қилган ҳолда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ҳамда Ўзбекистон фуқаролари билан чет эл фуқаролари ўртасида тузилган никоҳ ҳақиқий деб эътироф этилади.

Аммо бошқа никоҳда турган шахслар, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ва лоақал биттаси руҳий касаллиги туфайли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасидаги никоҳ Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқий ҳисобланмайди.

Эслатмага кўра, Ўзбекистоннинг чел элда яшовчи фуқароларини никоҳдан ўтказиш билан Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари ҳам шуғулланади.

“Самарқандда Конфуций институти ташкил этилади”

Самарқандда Конфуций институти ташкил этилади. Тошкентда ўтган Ўзбек-Хитой ҳукуматлараро илмий-техника ҳамкорлик қўмитаси йиғилишида шундай қарор қабул қилинган (“Инсон ва қонун”, 30 июл).

Бу Ўзбекистондаги иккинчи Конфуций институти саналади. Биринчи Конфуций институти 2005 йилда Тошкент шарқшунослик институти қошида Ланчжоу университети кўмагида таъсис этилган.

Маълум қилинишича, ушбу таълим муассасасида 400 нафарга яқин тингловчи хитой тилини ўрганмоқда.

XS
SM
MD
LG