Линклар

АҚШ президенти Барак Обама жума куни журналистлар олдида чиқиш қилар экан: "Вашингтон Украинада қуролли низонинг яна ҳам кескинлашиб кетиши олдини олиш учун имкони борича барча ишни қилади", деб баёнот берди.

Президент Обама ўз чиқишида Қўшма Штатлар Россияни Украинадаги ҳатти-ҳаракатларидан қайтариш учун қўлидан келган ишни қилаётганини таъкидлади. Айни пайтда Обама АҚШнинг Кремлга таъсир ўтказиш имконлари чекланганини ҳам тан олди. Оқ уй раҳбарига кўра, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқининг санкциялари Россия иқтисоди учун оғриқли бўлиши тайин.

– Айирмачиларни дастаклашни бас қилинг.Санкциялар бекор қилинади ва иқтисод яна ўсишда давом этади, - деди Обама.

Обама фикрича, Путин ўз мамлакати манфаатларига зид ҳаракат қилмоқда.

АҚШ президенти журналистлар олдида чиқиши аввалида Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон мулоқоти ўтказиб, Украинадаги вазиятни муҳокама этган.

Мулоқот чоғида Обама Путинга Москва Украинадаги айирмачиларни дастаклашда давом этаётганидан Вашингтон жиддий ташвишда, эканини айтган.

Россия расмийлари Кремль Украинадаги айирмачиларни қуроллантираётгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб келади.

Кремль матбуот хизматининг билдиришича, Россия президенти Владимир Путин АҚШ раҳбари билан мулоқот пайти Россияга қарши ғарб санкциялари “контрпродуктив” эканини урғулаган.

Ўтаётган ҳафтада АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши жазо чораларини кенгайтирган эди. Россия президенти атрофидаги бир қатор шахслар, шунингдек, Россиядаги йирик ширкат ва банклар ЕИ ва АҚШ санкциялари рўйхатига тушди. Қора рўйхатга тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг Европадаги маблағлари музлатилиши кўзда тутилади.

Айни пайтда АҚШ вице-президенти Жо Байден Украина президенти Петро Порошенко билан телефон мулоқоти ўтказди. Жаноб Байден мулоқот чоғида Қўшма Штатлар Украинага чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун 8 миллион долларлик кўмак беришини айтган.

Украина Қуролли кучлари мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачи жангариларга қарши ҳарбий амалиётни давом эттирмоқда. Сўнгги икки кун ичида амалиётлар давомида ўнлаб украин ҳарбийси ва бир қанча тинч фуқаро қурбон бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG