Линклар

Наманганда ҳуқуқ-тартибот ходимлари “Иегова гувоҳлари” диний гуруҳининг бир қанча фаолини қўлга олган.

Бу ҳақда Россиянинг "РИА Новости" агентлиги маҳаллий ҳуқуқ тартибот органларидаги манбаасига асосланиб хабар берди.

"Иегова гувоҳлари"нинг қўлга олинган фаоллари ноқонуний миссонерлик фаолиятини амалга ошириб, маҳаллий мусулмонларни ўз томонига оғдириш, ноқонуний диний йиғинлар уюштириш билан шуғулланганликда айбланмоқда.

Қўлга олинган “Иегова гувоҳлари” аъзоларига маъмурий жазо қўлланилиб, ҳар бирига юз минимал ойлик миқдорида жарима солиниши мумкин.

Ўзбекистонда фақат рўйхатдан ўтган ташкилотларгина диний фаолият билан шуғуллана олади. Ҳукумат изнисиз диний фаолият билан шуғулланганлик жиноятга тенглаштирилган.

Диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш, тарқатиш ва хусусий тартибда диний таълим бериш ҳам тақиқлаб қўйилган, бу тартибни бузган кишилар жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган дин ҳақидаги қонун барча диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишини талаб қилади ва бунинг учун бажарилиши қийин бўлган мезонлар белгиланган.

Шу ҳафта бошида АҚШ Давлат департаменти диний эркинликлар вазияти юзасидан чиқарган бу йилги янги ҳисоботида ҳам аввалги йилларда бўлгани каби Ўзбекистонни диний эркинликлар топталадиган давлатлардан бири сифатида қайд этди.

XS
SM
MD
LG