Линклар

Ўзбекистонга қайтаётган Россиянинг МТС ширкати билан 15 августгача Universal Mobile Systems (UMS) номли қўшма корхона тузиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди. МТС ширкати матбуот хизмати Тошкентдаги корхонага Бош директор қилиб Россия фуқароси тайинлаганини ҳам маълум қилди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Россиянинг энг йирик мобил алоқа оператори - МТС ширкати билан 15 августга қадар "Universal Mobile Systems" номи остида янги қўшма корхона тузиш ҳақидаги қарори маҳаллий матбуотда эълон қилинди.

Озодлик билан суҳбатда МТС ширкати матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская бу қўшма корхонани 25 сентябргача мамлакатда расман рўйхатдан ўтказишга келишиб олинганини маълум қилди.

- Янги тузилаётган корхона "Universal Mobile Systems" ёки қисқача "UMS" деб аталади. Биз олдинроқ Муроса битимини имзолаган эдик ва мана шу ҳужжат асосида иш олиб бораяпмиз. Яна бир янгилик – ўтган ҳафта биз Тошкентда бўлиб қайтдик. Ширкатимиз Ўзбекистон тарафи билан янги Бош директорни тасдиқлаш тўғрисида келишиб олди. Биз уларга уни таништирдик, у Россия фуқароси, малакали мутахассис. Ҳозир расман тасдиқланмагунча унинг кимлигини сир сақлаб турамиз, - деди Елена Кохановская.

МТС вакиласи UMS Қўшма корхонаси Муроса битимида белгиланган режага мувофиқ мобиль тармоқнинг техник тайёргарлик ишларини 1 ноябргача, мижозларга хизмат кўрсатишга тайёргарликни эса 1 декабргача якунлаш режаланганини айтди.

Икки тарафлама музокараларга яқин бўлган Озодлик манбасига кўра,
Universal Mobile Systems қўшма корхонаси МТСнинг Ўзбекистондаги собиқ ширкати – “Ўздунробита”га тегишли бўлган мулк ва асбоб-ускуналарни қабул қилиб олади.

Россиянинг “Мобильные ТелеСистемы” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида имзоланган Муроса битимида тузилажак қўшма корхонанинг 50,01 фоиз улуши МТСга, 49,99 фоиз улуши Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация давлат қўмитасига қарашли бўлади.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган.

Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита"ни катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айблаган эди.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистон телеком бозоридаги энг йирик мобил алоқа оператор бўлган МТС 10 миллионга яқин мижозини бой берди.

МТС Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилгани боис 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ зарар кўрди ва сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга бу юзадан шикоят қилган.

Ўзбекистон ҳукумати МТСга доир мулк ва ускуналарни бир неча марта кимошди савдосига қўйди, лекин унга харидор топа олмади.

31 июль куни имзоланган Муроса битимига биноан ўзаро даъволар бекор қилинадиган бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG