Линклар

logo-print

Москвадаги вокзалда юртдошини ўлдиришда гумон қилинган ўзбек қидирилмоқда


Uzbekistan/ Russia wanted Jasurbek Islamov

Uzbekistan/ Russia wanted Jasurbek Islamov

Москва шаҳар полицияси Қозон вокзалида ўз ҳамюртини пичоқлаб ўлдиришда гумон қилинанаётган 23 ёшли ўзбекистонлик Жасурбек Исломовни қидирувга берди. Терговчилар айбланувчи ва жабрдийда йигитлар Ўзбекистоннинг бир жойидан, ҳатто синфдош бўлганини гапирмоқда.

Москванинг Мешчанский туман суди Россия пойтахти Қозон вокзалидаги платформалардан бирида Ўзбекистон фуқароси ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилиби, 1991 йилда туғилган Жасурбек Исламовни қидирувга берди.

2014 йилнинг 28 июлида кечки пайт темир йўл вокзалидаги ҳодиса жойидан шифохонага олиб кетилган 23 яшар Ўзбекистон фуқаросининг жони тез ёрдам машинасида узилган.

Москва шаҳар минтақавий Тергов қўмитаси терговчи-криминалисти Мухтар Магомедов Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик Жасурбек Исломов ўз юртдоши юрагига пичоқ санчиб, жиноят жойидан қочганликда гумон қилинаётганини айтди.

- Ўлган ўзбекистонлик йигит ва қотилликда айбланаётган шахс кичикликдан дўст, синфдош бўлгани маълум. Уларнинг иккалови, хато қилмасам, Тошкентдан. Ҳозир Жасурбекни халқаро қидирувга бердик. Биз ҳозирча у ҳақда кўп нарса билмаймиз. Менга ўлган Раҳмонов етим бўлган дейишди. Унинг дўстлари келиб Ўзбекистонга олиб кетишди. Айтишларича, иккалови спортсмен, бироз талтайган йигитлар бўлган, - дейди терговчи Мухтор Магомедов.

Маълум бўлишича, Жасурбек Исломов Москвада бу ҳодисадан ярим йилча олдин пайдо бўлган. Раҳмонов эса Россия пойтахтида анча йилдан буён тайинли бир иш қилмасдан юрган.

Озодликка тақдим этилган видеоёзувда Қозон вокзалидаги жанжал тафсилотлари ўз аксини топганини кўриш мумкин.

​Қотиллик бўйича тергов олиб бораётган Мухтор Магомедов жиноят сабабларига оид тахминлар билан ҳам ўртоқлашди.

​- Иккалови спортсмен йигитлар бўлган, бокс билан шуғулланган, ва тушунишимча, уларнинг жанжали айнан вокзалда “авторитет” кимлигини кўрсатиб қўйиш бўлгани, таъсир доирасини аниқлашдан келиб чиққан. Бу йигитлар шу ерда ўз ҳамюртларини тунаш, улардан “доля” йиғиш билан шуғулланиб кун кечирган. Хуллас, Москванинг шарқ йўналишидаги энг йирик вокзалида “криша” ва бошқа криминал ишлар билан шуғулланиб келган. Бундай гуруҳлар жуда кўп Москванинг Қозон вокзалида. Улар кичик гуруҳ бўлганми, катта мафия таркибидами – буни тергов аниқлайди, - деди тергов қўмитаси вакили.

Тергов қўмитаси вакили сўзларига кўра, ўзбекистонлик Раҳмонов ўлими юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111 моддаси 4 қисми асосида жиноий иш очилган.

Озодликка ёрдам сўраб мурожаат қилган Россия Тергов Қўмитаси вакилидан олинган маълумотга кўра, жиноятда гумон қилинаётган 23 яшар Жасурбек Исломов аллақачон сохта ҳужжатлар билан Ўзбекистон ичкарисида яширинган бўлиши мумкин.

Терговчи Мухтор Магомедов жиноятда айбланаётган Исломов ёш бўлишига қарамасдан ўта хавфли экани, илгари ҳам пичоқ билан бошқа жиноятларни содир этган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётганини билдирди.

Москва шаҳар полицияси ва тергов қўмитаси вокзалдаги ҳодисага гувоҳ бўлганлар ёки Исломов Жасурбекнинг яширинган жойини билганлардан Москва полициясига +7(499)266-05-93 ва +7-917-56421-12 телефон рақамлари орқали хабар қилишни сўрамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG