Линклар

Ўзбек-қирғиз чегара чизиғида жойлашган Фарғона вилояти Фарғона тумани Миндон қишлоғида уйлари бузилган аҳоли товон пули камлигидан норози бўлмоқда. Озодликка мурожаат қилган миндонлик бозор нархида 100 миллион сўм турадиган ҳовлисини бузиб, атиги 19 миллион сўм товон пули берилаётганидан норози. Фарғона туман ҳокими уйи бузилганларга бундан ортиқ пул берилмаслигини очиқ тан олди.

Чегара чизиғига яқинлиги боис Миндон қишлоғида жойлашган ўнлаб уйлар бузилмоқда. Уйи бузилаётган миндонлик 30 яшар Акрамжон Аҳмадалиевга кўра, 18 сотих ҳовлисини бузиб, 6 сотихдан учта турар жой учун ер участкаси берилган. Лекин Акрамжон бунга рози эмас:

- Чегара уйимиздан 50 метр узоқликдан ўтган. Ҳозир энди ҳалақит қилаяпти, деб уйларимизни бузишаяпти. Уйимизда учта келин бор. Акам, икки қизи, бир ўғли билан яшайди. Мен аёлим билан. Аёлим иккиқат. Укамга қиз унаштирганмиз. 20 августга тўй белгилаганмиз. Бизга учта 6 сотихдан ер берди. Биз 4 та бер, 6 сотихдан дедик. 6 сотих кичкина-кичкина. Дадамлар билан алоҳида яшайлик, дегандик. Аввал уйи бузилганларга арматура, цемент, шифер, ойна берилган. Бизга ҳеч нарса бермаяпти. Қуруқ ер бераяпти, - дейди Акрамжон.

Унинг ҳисоб-китобича, 18 сотихдаги ҳовлиси бозор нархида 100 миллион сўм туради. Фарғона туман ҳокимлиги унга 19 миллион сўм товон пули берилишини айтган. Лекин Акрамжон бу пулнинг жуда камлигини айтиб, норозилик билдиради:

- Уйларингни бузамиз, дейишаяпти. Бўлди, бузишига биз розимиз. Бизга уйимизни президентимизнинг қарори бўйича, бозор нархида ҳисоблаб, пулимизни беринглар, деяпмиз. Сотих берди, томорқа берди, майли, раҳмат. Президентимизнинг қарори бўйича бюджетдан пул ажратилган, вилоят ҳокимиятидан ҳам ажратилган. Бу ҳокимлар президентимизнинг қарори бўйича иш қилмаяпти, - дейди Акрамжон.

Миндонлик бошқа бир суҳбатдошимиз Акмалжон ака ҳам синглиси Марҳамат Нажимованинг бузилаётган уйи учун белгиланган товон пулининг камлигини айтади:

- Президентнинг қарори бор экан. Ўша қарор бўйича бозор нархида ҳақ тўласин. 18 миллион сўм пулига қанча цемент беради? Ўшани қайтадан баҳолаб, кўпроқ пул беришса, уйни тиклаб олардик. Кейин уйни тиклашга муддат бериши керак. Ҳозир 5 куннинг ичида кўч, деяпти. 5 куннинг ичида қандай кўчамиз? Цемент бермаса, арматура бермаса, шифер бермаса? Мелисаларни олиб келиб, мажбур кўчасан, деяпти. Қанақа кўчамиз, у ерда ҳали ҳеч нарса бўлмаса?, - дейди Акмалжон ака.

Миндон қишлоғидаги уйи бузилаётган аҳолига дала шийпонларидан вақтинча яшаш учун жой таклиф қилинган. Лекин миндонликларга кўра, бу ерларда яшаш учун умуман шароит йўқ. Берилган ер участкаларида тикланаётган уйлар эса ҳали-бери битмаслигини айтган суҳбатдошларимиз, совуқ тушганда кўчада қолишларидан хавотир билдиришди.

Фарғона туман ҳокими Содиқжон Имомалиев Озодлик билан суҳбатда уйи бузилаётган миндонликларга белгиланган тартибда ер участкаси ва товон пули ажратилганини айтиб, шикоят қилишга ўрин йўқлигини таъкидлади:

- Кадастр ҳужжатлари ҳам қилинган. Пуллари ҳам ҳисоб-китоб қилинган. Банкдан пулларни келиб олишлари керак. Ўзлари айтган энг яхши жойдан ер ҳам берганмиз. Лицензияси бор баҳоловчилар, ўзлари баҳолаган. Уларнинг лицензияси бор, ҳисоб-китоби бор, ўшалар баҳолаган. Улар (уйи бузилаётганларга -таҳр.)га шариотни яратиб берганмиз. Керак бўлса, биз одамларни олиб бориб, уларни кўчириб, уйларини қилишларига ҳам тайёр бўлиб турибмиз, - дейди Фарғона туман ҳокими Содиқжон Имомалиев.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида юзлаб уйлар бузилди. Уйи бузилган аҳоли томонидан товон пули борасидаги шикоятларнинг эса кети узилмаяпти.

Айрим ҳолларда ушбу шикоятларнинг ижобий ҳал этилгани ҳам кузатилди. Жумладан, ўтган йили биргина Наманган вилоятида 61 ҳолатда мулозимлар қонун талабларини бузиб, уй жойи бузилган аҳоли вакилларини товон пули олиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани аниқланган.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, бу ҳолатлар учун наманганлик мулозимларга интизомий жазо тайинланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG