Линклар

Қирғизистонда сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ президент Қурмонбек Бакиевга Белорус президенти Александр Лукашенко “Халқлар дўстлиги” орденини топширгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлгач, Белоруснинг Бишкекдаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Яна бир собиқ президент Асқар Ақаев эса акасининг жанозасида қатнашишдан маҳрум этилди.

Бугун Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Белоруснинг Бишкекдаги элчиси Виктор Денисенкони чақиртириб, ундан Минскдан бошпана топган собиқ президент Қурмонбек Бакиевга “Халқлар дўстлиги” ордени топширилиши юзасидан тушунтириш талаб қилди.

Бу борада бир қатор интернет нашрлар 5 август куни хабар тарқатган эди. Мазкур хабарларга ишонилса, 1 август куни Қурмонбек Бакиевнинг 65 ёшга тўлиши муносабати билан Белорус президенти уни тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

“Александр Лукашенко Бакиевга йўллаган табрик хатида Қурмонбек Салиевич, сен жуда бойсан. Сенда нафақат Қирғизистон, балки иккинчи ватанинг Белорус ҳам бор”, деган сўзларни айтди”, деб ёзади интернет нашрлар.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган Белорус элчиси Бишкек расмийларига Бакиевнинг тақдирланиши юзасидан бирон бир маълумотга эга эмаслигини ва имкони борича тез фурсатда бу масалада Минскдан расмий тушунтириш олиб беришини айтган.

Қурмонбек Бакиев 2010 йилдаги апрель қўзғолони ортидан ҳокимиятдан қувилган эди. У Белорусдан бошпана топган. Шу йилнинг 25 июлида Ҳарбий суд Бакиевни қўзғолончиларга ўқ отишга буйруқ берганликда ва 80 дан ортиқ одамнинг ўлимида айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига сиртдан ҳукм қилган эди.

2005 йилда ҳокимиятдан ағдарилиб, Москвадан бошпана топишга мажбур бўлган яна бир собиқ президент Асқар Ақаев эса акасининг жанозасига қатнашишдан маҳрум бўлди.

Асқар Акаевнинг акаси Бўлўт 82 ёшида оламдан ўтди ва Ақаевнинг шу муносабат билан 5 августда жанозага келиши кутилаётган эди. Бироқ собиқ президентнинг яна бир акаси Асанқул Акаевнинг айтишича, Бишкек расмийлари Асқар Ақаевнинг Қирғизистонга келишига рухсат сўраб ёзилган мурожаатларга жавоб бермаган. Қирғизистон Бош прокуратураси эса Ақаев Қирғизистонга келадиган бўлса, бир қатор жиноят ишлари доирасида тергов қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Шу муносабат билан Асқар Ақаев оиласидан жанозада фақат унинг кичик ўғли Илим иштирок этди. Ақаев даврида юкори лавозимларда ишлаган Ўсмўнакун Ибраимов, Кубаничбек Жумалиев, Қурманбек Ўсмўнов каби давлат ва жамоат арбоблари ҳам жанозада иштирок этишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG