Линклар

logo-print

Аха Муралимов: Кличколардан чемпионлик камарини оламан!


Uzbekistan / Champion of WBА/NABA US Akhror Muralimov

Uzbekistan / Champion of WBА/NABA US Akhror Muralimov

WBA/NABA US йўналиши бўйича ўта оғир вазндаги чемпион Аҳрор Муралимов Озодликка берган эксклюзив интервьюсида яқин келажакда ака-ука Кличколардан мутлақ чемпионлик камарини олиш ҳаракатида эканини айтди. Шу кунгача бу спортчи халқаро турнирларда жами 16 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган.

4 йилдан буён АҚШнинг Техас штатида яшаётган ўзбекистонлик 26 яшар профессионал боксчи Аҳрор Муралимов Озодликка берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистон ва АҚШдаги каръераси ҳақида гапириб берди.

- Мен Ўзбекистон чемпиони бўлганман, у ерда ҳам камар олганман. Июлда Америкадаги биринчи камаримни олдим. 2010 йилда профессионал боксдаги бир спортчи маслаҳати билан келганмиз Америкага. 2011-2012 йилдан бошлаб Техаснинг ўзида рейтинг жангларни ўтказа бошладим. Сўнгги жангга эса 3 кун қолганда таклиф тушди Бергмандан. Биз уни кўриб чиқиб, қабул қилиб юбордик, - дея сўнгги ўйин таассуротларини бўлишди Аҳрор.

АҚШнинг Пенсильвания штатида ўтказилган профессионал бокс кечасида “Аха” тахаллуси остида рингга чиққан таниқли Аҳрор ўз рақиби - WBA йўналиши бўйича АҚШ чемпиони бўлган 30 яшар Жейсон Бергманни уриб йиқитди.

Бокс мутахассислари 27 июль куни ўтказилган ўйиннинг биринчи раундида Бергман қўли устун келганини таъкидлаган бўлсада, жангнинг иккинчи қисмида Аҳрор чиройли, чапдаст ҳаракатлар билан рақиби ишқибозларининг ҳам таҳсинларига сазовор бўлди.

Аввал нокдаун қилинган Жейсон Бергман Аҳрор Муралимовнинг қайта ҳужумига дош бера олмасдан нокаут бўлди.

Суҳбатда Аҳрор Муралимов Озодлик мухлисларидан тушаётган саволларга ҳам жавоб берар экан, рингларга Ўзбекистон байроғи остида тушишда давом этиши ва бошқа мамлакат фуқаролигини олиш режаси йўқлигини айтади.

- Чунки менинг она ватаним Ўзбекистон. У ерда ота-онам, ака-укаларим, дўстларим, мухлислар қанча... Шу даражага етишимга у ердаги тренерларим сабабчи. Ўзим Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманиданман. Бокс билан шуғулланишни Тошкент шаҳар Чилонзордаги спорт мактаби – Республика Олимпия заҳиралари коллежида бошлаганман. Илк тренерларим - Рустам Каримбеков, Мансур Маҳмудов ва Ислом Каримбековлардир. Кейин Ильёс Раҳимжонов, Маҳмуд Хўжаев, Рустам Саидовлар қўл остида шуғулланиб келдим, - дейди Аҳрор Муралимов.

Чемпион ўзини жаҳон рингларида кўрсата олган ўзбек бокс мактаби намояндаларининг турли мамлакатларга бориб машқ қилиши ва жангларда иштирок этишини ижобий баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, жаҳон рингларида курашаётган ўзбекистонлик боксчилар орттирган тажрибаларини, охир-оқибат, яна Ўзбекистонга олиб келиб ёш боксчиларни тарбиялашини гапиради.

Суҳбат сўнггида АҚШ чемпиони Аҳрор Муралимов ўзининг яқин ва узоқ келажакгига оид режалари билан ўртоқлашди ва энг катта орзуи мутлақ чемпион бўлишини айтди.

- Ўтган жангни ташкиллаштирган одам 90 кун ичида бизга яна бир рейтинг жанггини қилиб бериши керак: чемпионлик камарини ҳимоя қиламан! Энди Лотин Америкаси чемпиони билан камар учун курашаман. Худо хоҳласа, октябрда Лас-Вегасда бўлади. Ҳозирча ҳамма камар ака-ука Кличколарда. Мен улардан барча камарларни олиш ва мутлақ чемпион бўлиш ниятим бор, - дея якунлади суҳбатни ўзбекистонлик чемпион.

27 июл куни АҚШнинг Пенсилвания штатида ўтказилган профессионал бокс кечасида “Аха” тахаллуси остида рингга чиққан Аҳрор Муралимов ўз рақиби - WBA йўналиши бўйича АҚШ чемпиони бўлган 30 яшар Жейсон Бергманни уриб йиқитди.

Бундан олдинроқ, Аҳрорнинг сафдоши Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) йўналиши бўйича 2013 йилги жаҳон чемпиони Баҳодир Мамажонов бу жангга қаттиқ тайёргарлик кетаётганини гапириб ўтган эди.

Шу кунгача ўзбек боксчиси профессионал рингда жами 16 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган, 13 жангни у нокаут билан якунлаган.

Аҳрор "Аха" Муралимов ҳозир АҚШда истиқомат қилади.

Оилали, бир нафар фарзанди бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG