Линклар

QIWI халқаро пул ўтказиш тизими терминаллар орқали Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Беларус, Гуржистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари аро 4 августдан 30 сентябргача фоизсиз пул ўтказиш хизматини бошлади. Акция ЮНИСТРИМ ва CONTACT пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

МДҲнинг аксар мамлакатларида ишлаётган меҳнат қилаётган муҳожирлар 2014 йилнинг 4 августидан 30 сентябригача QIWI халқаро пул ўтказиш тизимининг тўлов терминаллари орқали истаган валютада пулини текинга ўтказиш имконига эга бўлди.

Visa QIWI Wallet сервиси ходими Викториянинг Озодликка айтишича, бу терминаллар орқали пул ўтказмалари учун хизмат ҳақи олинмаяпти.

- Ҳақиқатан, бу акция 4 августдан 30 сентябргача давом этади. Бу муддат давомида CONTACT, ЮНИСТРИМ пул ўтказиш тизимларининг бирортаси орқали QIWI терминаллари ёрдамида пул жўнатилса, хизмат ҳақи олинмайди. Бу бизнинг тўлов тизимимизга мижоз йиғиш учун қилинган акция. Доимий мижозимиз бўлмаган шахс бир мароталик тўловда 15 минг рублдан зиёд маблағ ўтказа олмайди. Бизда индентификация қилинган мижоз 60 минг рублгача, доимий мижозга айланганлар 100 минг рублгача ўтказа олади. Идентификация қилиниши учун эса у терминалнинг ўзида ёки Интернетдаги сайтимиз орқали қайддан ўтса бас, - деди Виктория.

QIWI тўлов тизими вакиласи Ўзбекистон хусусида ҳам қўшимча изоҳ берди.

- Масалан, сиз пулни рублда QIWIга киритасиз, бизнинг банк ўз курсида конвертация қилади ва олувчига доллар шаклида беради. Россия Марказий банкининг бугунги курси бўйича тахминан 36 рубль 1 АҚШ доллари бўлади. Бу долларларни сиз CONTACT, ЮНИСТРИМнинг Ўзбекистондаги исталган шохобчаларидан олишингиз мумкин, - деди QIWI тўлов тизими ходими.

Олинган маълумотга кўра, QIWI терминалидаги “Денежные переводы” (пул ўтказмалари) бўлимида талаб этилаётган маълумотлар тўлдирилади ва пул маблағи киритилади. Пул ўтказмаси 15 дақиқадан кейин жўнатилган манзилдан олиниши мумкин.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда пул ўтказмаларини олишда айрим банк ва шохобчаларда жиддий муаммолар юзага келаётгани тўғрисида Озодлик хабар бериб келмоқда.

Йиллардан бери Россиядан хорижга пул жўнатаëтганлар рўйхатида биринчиликни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эгаллаб келмоқда.

2014 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 910 миллион доллар пул ўтказилган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,73 фоизга камдир.

2013 йилнинг Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 6 миллиард АҚШ долларидан ошган эди.

Айни пайтда, Ўзбекистондан Россияга ўтказилаётган пул ҳажми бу миқдордан ошгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG