Линклар

logo-print

Истанбул шаҳрида турк қизчага энагалик қилаётган ўзбекистонлик аёл иш берувчи эркак томонидан аёвсиз калтакланиб, икки қўли синган ҳолда касалхонага ётқизилди. Эркак энага қизчани ўғирлаб кетди, деган васваса остида аёлни калтаклаганини тан олгани айтилди. Туркия полицияси воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда.

Туркиядаги ўзбекистонлик блоггер Анварнинг Озодликка айтишича, Истанбул шаҳрида яшовчи турк оиласининг 5 яшар қизига энагалик қилаётган ўзбекистонлик Дилноза Исматова 3 август куни аёвсиз калтакланган.

Анварга кўра, Дилнозанинг калтакланишига иш берувчи эркак қизчасини энага ўғирлаб кетди, деган васвасага тушиб қолгани сабаб бўлган.

- Дилноза 5 яшар қизчага энагалик қилган. Унинг дугонасига берадиган қарзи бўлган ва қарзини бериш учун қизча билан ташқарига чиққан. Энага бу ҳақда қизнинг ота-онасига хабар беролмаган. Чунки унинг телефонида пули бўлмаган. Уй эгаси ишдан қайтиб келганида қизча ҳам энага ҳам уйда бўлмаган. У қизимни энага олиб қочди деб қўрқиб кетган. Дилноза қайтиб келиши билан бирор нарса дейишга улгурмаган. Эркак Дилнозани темир билан урган ва мушт туширган. Зарблар оқибатида унинг икки қўли синиб кетган, - дейди ўзбекистонлик блоггер.

Анварга кўра, шовқинни эшитган қўшнилар полиция чақирган.

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари воқеа жойига етиб келишганида Дилноза Исматова беҳуш бўлган. Туркия полицияси ходимлари ёрдамида у "Гўзтепа" касалхонасига олиб борилган.

Тез тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин воқеа юзасидан кўрсатма бериш учун Дилноза полиция идорасига олиб борилган.

Ўзбекистонлик блоггерга кўра, иккала қўли билагидан синган Дилноза Исматова Истанбулнинг “Фотиҳ Султон Маҳмат” номли касалхонасида яна тиббий ёрдам олганидан сўнг касалхонани тарк этган.

Айни пайтда, исми ошкор қилинмаётган туркиялик эркак полицияга Дилноза Исматова унинг қизини ўғирлашга ҳаракат қилгани бўйича ариза топширган.

Ўзбекистонлик блоггернинг айтишича, бир неча йилдан бери Туркияда яшаган Дилноза Исматованинг визаси ва ишлашга рухсати йўқ. Кўнгилсиз воқеа батафсил ўрганилганидан кейин полиция Дилноза Исматовани Туркиядан беш йилга депортация қилиши мумкинлиги кутилмоқда.

Айни пайтда, Туркиядаги ўзбеклар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раиси Одам Чевик Озодлик билан суҳбатда ўз ташкилоти Дилноза Исматовага ёрдам бериш ниятида эканини айтди.

- Истанбул ёки Туркиянинг бошқа жойида бўладими, бир эркак хизматчи аёлни калтакласа, у турк бўлишидан қатъий назар, у золим ва аёл мазлумдир. Биз унга ҳуқуқий томондан, адвокат ёллаш ва золимни жавобгарликка тортишда ёрдам берамиз. Бундан ташқари, агар унинг депорт қилиниши эҳтимоли бўлса, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб бу жараённи тўхтатиб туришга ҳаракат қиламиз, - деди “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раиси Одам Чевик.

Озодлик Истанбулда калтакланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири тақдирини кузатишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG