Линклар

logo-print

Язидийлар Исломий давлат қирғинидан мадад сўрамоқда


Жиҳодчилар қирғинидан қочаëтган язидийлар.

Жиҳодчилар қирғинидан қочаëтган язидийлар.

Курд пешмерга жангчилари вазирлиги раҳбари Жаббор Явар 6 август куни Ғарб мухбирларига Синжар яқинидаги тоғларда Ироқдаги язидий диний жамоасининг исломий давлат зулмидан қочган 50 мингга яқин вакили жон сақлаëтгани ва уларга 24 соат ичида гуманитар ëрдам кўрсатилмаса¸ бу жамоанинг очликдан ўлишини билдирди.

Исломий давлат жанггарилари зардуштийликка боғланувчи язидий курдларни шайтонга сиғинувчилар деб эълон қилиб¸ уларнинг қирғин этилишини билдирганидан сўнг¸ бу жамоа Синжар тоғларига қочишга мажбур бўлди.

Amnesty International ташкилоти исломий жанггарилар Ироқ ҳудудларини ўз назоратига олганидан бери мамлакатда гуманитар бўҳрон бошлангани¸ юзлаб одамнинг бедарак йўқолиб¸ ўлдириб юборилганини билдирди. Йўқолган ва ўлдирилганларнинг аксарияти¸ инсон ҳақлари гуруҳига кўра¸ язидийлардир.

Сешанба кунги йиғинида исломий жиҳодчиларнинг босиб олинган ҳудудларда диний ва миллий асосда бошлаган террорини қоралаган БМТ Хавфсизлик кенгаши¸ бу гуруҳларнинг инсониятга қарши жиноят учун жавобгарликка тортилишдан огоҳлантирди.

Сурия чегарасида жойлашган Синжар шаҳри якшанба куни жиҳодчилар қўлига ўтганидан бери 500 язидий эркак ўлдирилган¸ минглаб хотин-қиз эса¸ уруш ўлжаси сифатида қулликка олинган. Бу қирғиндан жон сақлаш учун тоғларга қочган ўн минглаб язидий орасидаги 70 бола ва 30 нафар кекса кейинги 48 соат ичида сувсизлик ва очликдан нобуд бўлган.

Ироқ парламентидаги язидий депутати Виан Дакхил¸ Бағдод ҳукумати¸ қолаверса халқаро жамоатчиликка кўзида ëш билан мурожаат қилиб¸ ўз қавмининг ер юзидан қирилиб битишини тўхтатиш учун ëрдам беришга чақирди.

Айни пайтда¸ Сурия ва Ироқнинг аксар ҳудудини босиб олган Исломий давлат жиҳодчилари Курдистон мухтор минтақаси маркази Эрбилни қўлга олиш учун жанг қилмоқда.

Ҳафта давомида исломий жанггарилар бошлаган кенг кўламли ҳужумлар курд расмийларини шиалар етакчилигидаги Бағдод ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорликни қайта ўрнатишга мажбур қилди.

Бу ҳамкорлик доирасида Ироқ ҳукумат кучлари курд пешмерга жангчиларига ҳаводан туриб мадад бермоқда.

Ироқ телеканалларига кўра¸ ҳукумат кучларининг жанггарилар қароргоҳига айланган Мосул шаҳрига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида исломий давлатнинг 60 жанггариси ўлдирилган.

Бу ҳудудда журналистлар йўқлиги боис¸ мазкур ахборотни мустақил манбалар томонидан тасдиқлаш имкони йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG