Линклар

Украина қуролли кучлари Донбассдаги муҳим шаҳарчаларни россияпараст айирмачилар назоратидан қайтариб олиш¸ Луганскда эса¸ сепаратистлар ҳужумини қайтаришга тараддуд кўрмоқда.

Ҳозирча айирмачиларнинг 1 август тунда Донецкдаги ҳарбий колоннага уюштирган ҳужуми пайтида бедарак йўқолган 11 украин ҳарбийси тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Кейинги сутка давомида ўзаро тўқнашувларда 18 украин ҳарбийси нобуд бўлди¸ 54 нафари жароҳатланди; ҳарбий тўқнашувлар ҳудудидан Қизил хочнинг уч ходими ўғирлаб кетилди.

Луганскнинг айирмачилар қўлида қолаëтган ҳудуди электр¸ сув¸ мобил ва стационар телефон алоқасидан мосуво қолмоқда¸ айтилишича¸ мазкур ҳудудда озиқ-овқат ва ëнилғи тақчиллиги бошланган¸ шаҳарда ахлат уюмлари тўпланиб¸ вазият гуманитар ва экологик бўҳрон ëқасига келиб қолган.

Украина аксилтеррор амалиëтлари штаби тарқатган хабарга кўра¸ можаро ҳудудига Россиядан ëлланма жанггарилар¸ қурол-яроғ ва ҳарбий техника ташлаш давом этмоқда.

Украина чегараси бўйлаб Россиянинг 45 мингдан ошиқ ҳарбийси жойлаштирилган¸ зенит-ракета комплекслари ва артиллерия қурилмалари сони кескин кўпайган.

Украина расмийлари¸ Россиянинг яқин соат ва кунларда ўз ҳудудига ҳарбий куч билан бостириб кириш эҳтимоли кучайганидан бонг урмоқда.

XS
SM
MD
LG