Линклар

Россия ҳукумати Ғарб санкцияларига жавобан АҚШ, Австралия, Европа Иттифоқи, Канада ва Норвегиядан борадиган озиқ-овқат маҳсулотлари импортини чеклади. Президент Путин “ўз мамлакати миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида махсус иқтисодий чораларни қўллаш" ҳақидаги фармонни имзолади.

Россия 7 августдан бошлаб АҚШ, Австралия, Европа Иттифоқи, Канада ва Норвегиядан мол гўшти, чўчқа гўшти, парранда, балиқ, пишлоқ, мева ва сут маҳсулотлари импортига тақиқ жорий этди.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев бу ҳақда пайшанба куни ҳукумат мажлисида эълон қилди.

Жаноб Медведевга кўра, чеклов бир йилгача амалда бўлиши мумкин.

7 августдан Россияда кучга кираётган озиқ-овқат маҳсулотлари импортига чеклов болалар учун мўлжалланган озуқа маҳсулотларига тааллуқли бўлмайди.

Импорти чекланган маҳсулотларнинг тўлиқ рўйхати Россия ҳукумати расмий сайтида эълон қилинди.

- Россияда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат махсулотлари мамлакатимиз савдо расталари, дўконларга қўйилмаётгани ҳақида кўплаб шикоятларни эшитганмиз. Мана шу биз қўл ураётган чоралар Россия савдо расталарини хориж махсулотларидан тозалаб, ўзимизда ишлаб чиқрилган махсулотлар учун жой очади, - деди Медведев.

Россия ҳукумати мазкур чораларни айрим Ғарб давлатлари санкцияларига жавобан қўлламоқда.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа бир қатор ғарб давлатлари Россиянинг Украинадаги тажовузкорона ҳатти-ҳаракатларини қоралаб, бир қатор россиялик амалдорлар ва ширкатларга қарши санкция жорий этган. Амалдорларга виза тақиқи жорий этилган ва уларнинг банк ҳисоблари музлатилган.

-Узоқ вақт мамлакатимиз айрим ғарб давлатларининг Россияга қарши санкцияларига жавоб қилмай турди. Биз хорижлик ҳамкорларимиз санкциялар боши берк кўча эканини англашар, деб оҳиригача умид қилдик. Лекин, улар буни тушунишмади. Вазият шунгача бордики, биз жавобий чораларни кўришга мажбур бўлдик, - деди Дмитрий Медведев.

Россия президенти Владимир Путин эса бир кун аввал “ўз мамлакати миллий манфатларини ҳимоя этиш мақсадида махсус иқтисодий чораларни қўллаш" ҳақидаги фармонни имзолади.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведевга кўра, айни пайтда “Добролёт” авиаширкатига қарши Европа Иттифоқи санкцияларига Москва жавоб чораларини ишлаб чиқаётганини айтди.

Бу ерда гап Европа ва АҚШ авиаширкатлари учқичларининг Россия ҳаво ҳудудидан ўтишини чеклаш ҳақида бормоқда.

- Россия ҳукумати бир қатор жавобий чораларни кўриб чиқмоқда. Мен уларни айтиб ўтсам. Бу чоралар зудликда жорий этилади, дегани эмас. Лекин, улар стол устида турибди. Жумладан, Европа ва Америка авиаширкатларининг Осиё ва Тинч Океани минтақасига қатнайдиган транзит рейсларига Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти, - деди Медведев.

Россия бош вазирига кўра, Украина учқичларига Россия узра учиш аллақачон тақиқланган.

Якшанба куни Россиянинг “Добролёт” авиаширкати Европа Иттифоқи санкциялари ортидан фаолиятини номаълум муддатга тўхтатганини маълум қилган эди.

Сўнгги беш кун ичида Россиядаги бир қатор сайёҳлик ширкатлари ҳам фаолиятини тўхтатди.

Бунинг оқибатида минглаб россиялик сайёҳ чет мамлакатларда қолиб кетди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG