Линклар

logo-print

Тошкентда бебош невара бемор бобосининг ўлимликка йиққан пулини ўғирлади. Ички ишлар ходимини ўлдирган шахслар 19,6 йилга қамалди. Хонанда Согдиана Ўзбекистонда концерт бериш учун лицензия ололмаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Депутатлардан сайловолди эслатма: ўтган галги қонунбузарлик бу гал такрорланмаслиги керак!”

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари Фахриддин Комилов ва Абдухолиқ Жабборов сиёсий партияларни аҳолидан имзо йиғиш пайти ҳушёр бўлишга чақирди (“Инсон ва қонун”, 5 август).

Амалдаги тартибга кўра, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланишидан 4 ой олдин камида 40 минг сайловчининг имзосини йиғиши ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиши лозим.

“Имзоларни тўплаётганда бир оилага бориб оила аъзоларидан сайлов ёшидагилари неча киши бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳар бирининг имзоси имзо варақасига алоҳида қўйилиши лозим. Чунки ўтган сайловлар тажрибасидан маълум бўлганидек айрим ҳолларда бир неча киши ўрнига оиланинг ота ёки онаси имзо қўйиб юборган ҳолатлар бўлган. Шундай ҳолат бу сайловга имзо варақалари тўплаш жараёнида қайтарилиши керак эмас”, дейди депутатлар Ф.Комилов ва А.Жабборов.

Ўзбекистонда жорий йил декабр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади.

“Автомобилларнинг ёниб кетишидан 38 нафар инсон нобуд бўлди”

Сўнгги беш йил ичида автомобилларнинг ёниб кетиши билан боғлиқ 2042 та ҳодиса рўй берган (“Диёнат”, 7 август). Бу ҳақда Чортоқ туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги инспектори Ҳамдам Болтабоев маълум қилади.

Ёнғин нозири мазкур рақам туман ёки вилоят миқёсида эканига аниқлик киритмаган. Қайд этилишича, автомобилларнинг ёниб кетиши оқибатида 38 нафар киши ҳаётдан кўз юмган, 210 нафар фуқаро жароҳатланган.

Масалан, жорий йил 4 июль куни Чортоқ тумани Янгиобод кўчасида Ортиқали исмли фуқаро бошқарувчидаги юк машинаси меъёрдан ошиқ юк ортиш оқибатида ёниб кетган. Ўт ўчирувчилар етиб келгунга қадар машина жиддий талафот кўрган.

“Тошкентда бебош невара бемор бобосининг ўлимликка йиққан пулини ўғирлади”

Тошкент шаҳрида яшовчи 20 ёшли Пётр Рижов бобоси Фадей Захаровнинг ўлимликка йиққан пулларини ўмарди (“Новий век”, 7 август).

Бундан ташқари, бебош невара бобоси юрак хуружи билан шифохонада ётганидан фойдаланиб, унинг квартирасидаги барча қимматбаҳо буюмлар, уй жиҳозларини ҳам сотиб юборган.

Воқеадан хабар топган бобо ҳуқуқ идораларига невараси устидан шикоят билан мурожаат қиларкан, унга оғир жазо тайинламасликни илтимос қилган.

Бобосини хонавайрон қилган Пётр Рижовга беш йил шартли жазо тайинлаган.

“Ички ишлар ходимини ўлдирган шахслар 19,6 йилга қамалди”

Пахтачи туманида жойлашган “Қорақўтон” конида хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходими Ж.Қодировни ўлдирган жиноий гуруҳга нисбатан суд жараёни якунланди (“Ҳуқуқ”, 7 август).

Тергов пайти ушбу жиноят фуқаро Д.Астанов бошчилигидаги гуруҳ томонидан амалга оширилгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди Д.Астанов ва унинг тўрт нафари шеригини Жиноят кодексининг 97-моддасида кўзда тутилган жиноятда айбдор деб топиб, 19,6 йилга озодликдан маҳрум этган.

Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

“Қашқадарёдаги мактабда ўқитувчилардан мажбурий пул йиғилмоқда”

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 17-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори Хадича Каримова туман молия бўлимидан келган текширувчиларга деб ўқитувчилардан 15 минг сўмдан пул йиққан (“Адолат кўзгуси”, 7 август).

Мактаб раҳбари яна бир неча ҳолатда ўқитувчилардан мажбурий равишда пул йиғиб олган. Газета таҳририяти бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилган. Аммо бошқарма мактаб раҳбарига нисбатан чора кўрмаган.

Қайд этилишича, бошқарма мактаб директори Х.Каримованинг порахўрлик билан боғлиқ жиноят содир этгани фактидан ҳам кўз юмган. Айни пайтда амалда қолаётган мактаб раҳбари ўқитувчиларга ҳақоратли муносабатда бўлиб келган, айрим ходимларни қонунга зид равишда ишдан бўшатган.

“Фуқаролар мурожаатига эътиборсиз ҳоким ўринбосарлари маҳкамага тортилди”

Андижон шаҳри ҳокимининг ўринбосарлари Н.Юсупов ва А.Иминов 121 нафар фуқаронинг аризасини узрли сабабларсиз кўриб чиқмасдан, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини поймол қилгани учун маҳкамага тортилди.

Бош прокуратура бўлим бошлиғи Шерзод Амировнинг “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилишича, пировардида ҳоким ўринбосарларига амнистия акти қўлланилган. Шунингдек, Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Аҳроров ҳам фуқаро мурожаатига эътиборсизлиги учун жазоланган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 ойида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида 851 киши маъмурий жавобгарликка тортилган, 464 та жиноят иши қўзғатилган.

“Кореяга ишлагани бориш қанчага тушади?”

Жанубий Кореяда соғлом, судланмаган, корейс тилини биладиган, аввал Кореяда нолегал юрмаган ва у ердан мажбуран чиқариб юборилмаган, чет элга чиқиши тақиқланмаган 18 ёшдан 39 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари ишлаш имконига эга (“Оила даврасида”, 7 август).

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги бўлим бошлиғи Шамсия Муҳиддиновага кўра, имтиҳондан ўтган фуқаро 2014 йил 15 июль ҳолатига кўра 1489035 сўм тўлайди. Бу сумма чипта ва агентлик учун тўланадиган бадални ўз ичига олади.

Агентлик ёрдамида хорижда ишлаётган фуқароларнинг меҳнати фаолияти Ўзбекистонда иш стажи сифатида ҳисобланади, бунинг учун хорижда олинган иш ҳақидан пенсия жамғармасига белгиланган бадални тўлаб бориш керак.

Муҳиддиновага кўра, Кореядаги иш берувчи маошни ўз вақтида тўламаган ҳолатларда корейс судларига, Хорижий ишчи-мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миграция хизматига ёки ҳуқуқ идораларига мурожаат қилиш керак.

“Хонанда Согдиана Ўзбекистонда концерт бериш учун лицензия ололмаяпти”

Бир муддат Россияда яшаб ижод қилган хонанда Согдиана Ўзбекистонда концерт бериш учун лицензия ололмаётганини маълум қилди (“Даракчи”, 7 август).

“Маълум сабабларга кўра, Ўзбекистонда концерт беришга лицензия ололмадим. Бир қатор режаларим бор эди, лекин хоҳиш ва имконият бир-бирини рад этяпти. Шунинг учун бор кучни қаерда бўлмасин ижодимни ривожлантиришга қаратяпман. Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Шу сабаб ҳам “Фабрика”дан кейин Россияда муҳим лойиҳаларда иштирок этмай юртимга қайтдим”, деган Согдиана газетага берган интервюсида.

“Қайси давлатдаги машҳурлигингиз сиз учун қадрли?” деган саволга “Ҳар бир мухлис мен учун қадрли. Лекин Ватаним баридан муҳим” деб жавоб берган.

XS
SM
MD
LG