Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:06

"Фаровонлик" лотереялари биометрик паспортга қўшиб сотилмоқда


"Агробанк" очиқ акциядорлик тижорат банкининг "Фаровонлик" пул-буюм лотереяси.
"Агробанк" очиқ акциядорлик тижорат банкининг "Фаровонлик" пул-буюм лотереяси.

Самарқанд вилояти Оқдарё тумани паспорт столида янги биометрик паспортини олгани келганларга “Агробанк”нинг тиражи жорий йилнинг декабрида ўтказиладиган “Фаровонлик” пул-буюм лотереяси ихтиёрий-мажбурий сотилмоқда.

Исми сир қолишини истаган самарқандлик талабанинг Озодликка айтишича, вилоятнинг Оқдарё тумани паспорт столига янги паспорт олгани келганларга "Агробанк" лотереялари таклиф этиляпти.

"Биометрик паспорт олгани паспорт столига борсак, ана шу лотереядан ўнта оласан деяпти. Ўзи бу лотереяни бизга кераги йўқ. Лекин, олмасак ишимизни чўзиворса, деб олдик, зора шу билан ишимиз тез битса", дейди оқдарёлик талаба.

“Агробанк”нинг донаси беш минг сўм бўлган “Фаровонлик” пул-буюм лотереялари Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларида бюджет ходимлари ойлигига мажбурлаб қўшиб берилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

“Агробанк”нинг Самарқанддаги бўлимларидан бирининг ходими лотереялар давлат ташкилотлари, жумладан, паспорт столларига ҳам сотиш учун тақсимлаб берилаётганини тасдиқлади:

"Банк бўлимимизда ҳам сотиляпти. Ташкилотларга ҳам бўлиб берганмиз. Бизга эллик мингта лотерея ажратилган. Шуни ярмидан кўпи сотилди. Лекин, ҳеч-кимни мажбурлаётганимиз йўқ. Ишхоналарга тарқатиб, уларга мана бунақа ютуқлари бор, деб айтяпмиз", деди “Агробанк”нинг Самарқанддаги бўлими ходимларидан бири.

“Агробанк” тижорат банки аҳолиси 30 миллион экани айтиладиган Ўзбекистон учун 10 миллион дона “Фаровонлик” пул-буюм лотереяси чиқарган ва бунча миқдордаги лотереяга харидор топилмаëтгани боис¸ Озодликка келаëтган мунтазам шикоятларга кўра¸ ҳам мижоз¸ ҳам ўз ходимларига лотереяларни ихтиёрий-мажбурий сотиш амалиëтини олиб бормоқда.

“Агробанк”нинг Тошкентдаги марказий идораси ходими эса Ўзбекистон бўйлаб қиммати 5000 сўм бўлган “Фаровонлик” пул-буюм лотереялари савдосининг мажбурий характерда эканини инкор этишга уринди:

- Бу мажбурий эмас. Паспорт столида буни ўзбошимча сотишаётгандир, лекин бу мажбурий эмас. Лекин, юз фоиздан 45 фоиз лотереяга ютуқ бор. Бизда Тошкентда қайтанга лотерея талаш бўляпти. Бизда етмаяпти. Жанжал-тўполон қилиб олиб кетишяпти. Декабрда ютуқ бўлади. Ўнта “Малибу”, ўнта “Каптива”, ўнта “Кобольлт”, ўнта “МТЗ” трактор, етти юзта телевизор, кир ювиш машинаси, яна шунча "зима-лето" кондиционер, компьютер, газ плита, холодильник ва яна пул ютуқлари ҳам бор, - деди “Агробанк”нинг Тошкентдаги марказий идораси ходими.

Ўзбекистонда лотерея чипталари аҳолига мажбурий сотилиши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Лекин, бу жараён Ўзбекистон паспорт столларида шу пайтгача кузатилмаган.

– Ҳозир паспорт столларидаги аҳволни биласиз. Одамлар биометрик паспорт оламан, деб ойлаб навбат кутишади. Уларни кўпчилиги паспорти битса, керак бўлса юзта лотерея олишга ҳам тайёр, - дейди самарқандлик Раззоқ ака.

2012 йилда Ўзбекистон Халқ банки томонидан ишлаб чиқилган “Омад лотто” лотереялари давлат ишчилари ойликлари ва ҳатто кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа ўрнига мажбуран сотилмаётгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG