Линклар

Обама Ироқдаги жанггариларга ҳаводан ҳужум қилишга рухсат берди


АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Ироқнинг Эрбил шаҳридаги Қўшма Штатлар ҳарбийлари ва дипломатлари хавфсизлигини таъминлашда зарурат бўлса, “Исломий давлат” жанггариларини ҳаводан бомбардимон қилишга кўрсатма берганини билдирди.

Обама “Исломий гуруҳ” босиб олган ҳудудда язидийлар таъқибга олинаётганига ишора қилиб, “биз потенциал геноциднинг олдини олиш учун эҳтиёткорлик ва масъулият билан ҳаракат қилишимиз керак”, дея баён қилди.

АҚШ Президенти Барак Обама 7 август куни Оқ Уйда қилган чиқишида Ироқнинг Синжар тоғларида озиқ-овқат, сувсиз ва бошпанасиз қолган язидий динига мансуб минглаб курдларга Америка учқичлари ҳаводан ёрдам юклари ташлай бошланганини маълум қилди.

Айни пайтда БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги Ироқ шимолида яшовчи язидий, насроний ва туркманларнинг вазияти борасида жиддий ташвиш билдирди.

БМТ Ироқ шимолидаги оз сонли халқларнинг келиб чиқиши ёки дини сабабли уларга мунтазам ҳужумлар уюштирилишини инсониятга қарши жиноят деб баҳолади.

“Исломий давлат” жангарилари язидийлар ва насронийлар сунний мазҳабидаги Ислом динини қабул қилиши кераклигини, акс ҳолда уларни ўлдиришга таҳдид қилган.

Шу боис сўнгги кунларда ўн минглаб язидий ва насронийлар ўз уйларини ташлаб бошқа жойларга қочишга мажбур бўлди.

8 август куни эрталаб АҚШнинг учта юк ташувчи самолёти қирувчи учқичлар кузатувида язидий динига эътиқод қилувчи курдларга ҳаводан 72та қанорда ёрдам юкларини ташлади. Улар орасида бир неча тонна ичимлик суви ва истеъмол учун тайёр бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам бор.

Бир ярим миллион аҳоли яшайдиган Ироқнинг Курдистон мухторияти пойтахти Эрбилда АҚШнинг ўнлаб ҳарбий маслаҳатчилари борлиги айтилади.

Эрбил шаҳрида АҚШ консулхонаси фаолият юритиб келмоқда. Ироқ ҳарбийларига ёрдам бериш мақсадида Қўшма Штатлар жорий йил бошида Эрбилда ҳарбий амалиётлар маркази очган.

Ироқда юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун 7 август куни президент Обама миллий хавфсизлик бўйича ўз маслаҳатчилари билан учрашди.

Айни пайтда, пайшанба куни Нью Йоркда ёпиқ эшиклар ортида ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида “Исломий давлат” жангариларининг ҳужумлари кескин қораланган баёнот қабул қилинди.

Хавфсизлик кенгаши халқаро ҳамжамиятни Ироқ халқи ва ҳукуматини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ироқ ва Суриянинг катта қисмини босиб олиб халифалик эълон қилган “Исломий давлат” жанггарилари Ироқда бир қатор шаҳарлар, жумладан, насронийлар яшайдиган Қорақош, Талл Кайф, Бартелла ва Карамлеш шаҳарларини босиб олган.

“Исломий давлат” жанггарилари Дажла дарёсидаги энг йирик Мосул тўғонини ҳам ўз назоратига олганини иддао қилган. Бироқ курд расмийлари тўғон курдлар назоратида эканини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG