Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:36

Тожик адвокатлари судларда қасам эътиборга олинишини талаб қилмоқда


“Ёлғон айтсам хотиним талоқ” ёки “Худога қасам” судда далил бўла оладими? Тожикистонда бир гуруҳ адвокатлар судланувчиларнинг қасам ичишини суд далил сифатида эътиборга олишини ва шунга қараб ҳукм чиқаришини талаб қилмоқда. Бироқ прокуратура вакиллари қасамни далил сифатида қабул қилиб бўлмаслигини айтмоқда.

Тожикистонда у ёки бу томоннинг қасам ичилмасдан ўтган маҳкама жуда кам кузатилади. “Худога қасам”, “Хотиним талоқ бўлсин”, “Болаларимни ўртага солиб” сингари қасам ичишларни деярли ҳар бир маҳкамада эшитиш мумкин.

Тожикистонлик адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг айтишича, ҳар бир судя маҳкамада тортишаётганларнинг бирига қасам ичдириб, унинг жавобини эътиборга олиши мумкин:

“Бир ҳафта бурун судда мол-мулкка бағишланган иш кўрилди. Жавобгар томон даъвогар томонга “агар сен шу мулк меники бўлмаса, хотиним талоқ бўлсин, деб қасам ичсанг, мен бир оғиз сўз айтмасдан шу мулкимни сенга бағишлайман, деди. Бироқ даъвогар қасам ичолмади ва бу мулк унга тегишли эмаслигини кўрсатиб турарди”, деди Бузургмеҳр Ёров.

Адвокатнинг айтишича, қонунчиликда қасам далил ҳисобланмайди, лекин бу судларнинг адолатли ҳукм чиқаришига кўмак беради:

“Қасам ичиш қоунунчиликка мухолиф эмас. Қонун жамиятдаги ахлоқу одоб қоидаларидан пайдо бўлган. Қасам ичиш ҳам ҳуқуқ сарчашмаларидан бири бўлган урф-одатдир. Қасам юзасидан албатта ҳукм чиқариб бўлмайди, бироқ буни суд инобатга олиши керак. Қасам ичиш билан бирор қонунчилик бузилмайди”, деди Бузургмеҳр Ёров.

Бироқ, прокуратура ва терговчилар ҳимоячиларнинг бу иддаоларини бутунлай рад этади.

Прокуратуранинг собиқ мулозими Юсуфжон Юсуфзоданинг айтишича, жиноят содир этганликда гумонланувчилар қасам ичиш орқали ўзларининг гуноҳсизлигини исботламоқчи бўлганлар кўп:

“Биз далилларга таянишимиз керак. Қуръон ёки хотини билан қасам ичганларни кўп кўрганмиз. Лекин судлар буни инобатга олмаслиги керак. Чунки гумонланувчи ўзининг бегуноҳлигини тасдиқлатиш ва атрофдагиларнинг эътиборини тортиш учун қасам ичаверади. Аслида маҳкамада ҳеч кимнинг бировга қасам ичириши мумкин эмас. Томонлар фақат савол бериш ва жавоб олиш ҳуқуқига эга”, деди Юсуфжон Юсуфзода.

Қўрғонтепа шаҳри судяси Дурандеш Иброҳимовнинг айтишича, маҳкама жараёнида қасам эмас, балки далил ва ҳужжатлар инобатга олиниши керак.

“Суд мажлисида қасам ичишу қасам бериш протоколга ҳам қайд қилинмайди, эътиборга ҳам олинмайди”, дейди судья.

Тожикистонлик ёш мусулмонлардан бири Саиджаббор Раҳмон ҳаётда Худонинг номи билан жуда кўп қасам ичганларни кўрганини ва охир оқибат унинг қасами ёлғон бўлиб чиққанини кўрганини айтади:

“Худонинг номи билан қасам ичиш ҳазил нарса эмас. Биз бу дунёда Худонинг номи билан ёлғон қасам ичганларни ва дунёнинг ўзида жазосини олганларни кўрдик. Ёки “шу ишни қилган бўлсам хотиним талоқ бўлсин” деганларни, лекин аслида шу ишни қилганларини ҳам кўрдик. Албатта бу ҳолатда унинг хотинига талоқ тушади ва у эрга номаҳрам бўлади”, деди Саиджаббор Раҳмон.

XS
SM
MD
LG